Эртага, 5 ноябрь куни Тошкентда футзал бўйича миллий терма жамоалар ўртасида Осиё чемпионатига саралаш баҳслари бошланади. Унда Марказиё Осиёнинг 4 терма жамоаси — Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон иштирок этишади. Бугун эса "Ўзбекистон" меҳмонхонасида бошланажак саралаш мусобақаси олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда жамоалар бош мураббийлари иштирок этишди.
Нуржан Жетибаев, Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийи:
— Авваламбор, илиқ қабул учун мезбонларга миннатдорчилик билдираман. Биз бундай тоифа мусобақасида биринчи марта иштирок этаётганимиз йўқ. Аввал ҳам турли турнирлар сабаб Тошкентда кўп бўлганмиз. Ушбу мусобақага ўз олдимизга аниқ мақсадлар қўйган ҳолда ташриф буюрганмиз. Насиб қилса, ўз мақсадимизга эришамиз. Ушбу мусобақада эса фаворит сифатида ҳеч бир терма жамоани айта олмайман. Авваллари мусобақага борганда қайсидир жамоани фаворит ёки аутсайдер сифатида тилга олса бўларди. Аммо ҳозир ундай эмас. Боиси, ҳозирги кунга келиб, барча жойда ривожланмоқда. Ҳозирда ушбу спорт тури тезкор ва тактик курашларга бой бўлмоқда. Ўйинлар давомида ким камроқ хато қилса, ўша жамоа ғалаба қозонади.
Қирғизистонда футзал аста-секинлик билан ривожланиб бормоқда. Ҳозирги кунда профессионал лига ва ҳудудлар бўйлаб ҳаваскорлар ўртасида чемпионат йўлга қўйилган. Ривожланиш жуда тез эмасдир, аммо биз ҳам вақти келиб қўшни мамлакатлар — Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия чемпионатлари даражасига етамиз.
Дамир Камалетдинов, Тожикистон терма жамоаси бош мураббийи:
— Ушбу турнир биз учун нафақат Осиё чемпионатига саралаш босқичи, балки дўст ва биродар қўшни мамлакатлардаги ҳамкасбларимиз билан кўришиш учун яна бир сабаб. Ўзаро ўйинларимизда кучли жамоа ғалаба қозонади, деб умид қиламан. Ютқазган жамоалар эса бундан асло хафа бўлишмайди.
Терма жамоамизнинг асосини катта футбол ўйинчилари ташкил қилади. Боиси, бизда ҳали футзал бўйича профессионал лига йўлга қўйилмаган. Мана шундай мусобақалар олдидан катта футболдаги ўйинчиларни йиғиб, улар билан машғулотлар ўтказамиз ва турнирда иштирок этамиз. Бизда энди футбол ва футзални иккига ажратиш ва алоҳида чемпионат ташкил қилиш борасида иш олиб бориляпти. Ушбу чора 10 йиллардан кейин ўз мевасини бериб қолса керак.
Давлетмурод Аннаев, Туркманистон терма жамоаси бош мураббийи:
— Ушбу мусобақа жамоам учун, мураббий сифатида мен учун ҳам ўзига хос синов бўлади. Ушбу мусобақа режа асосида тайёргарлик кўрдик. Тошкентдаги турнир эса бизнинг қанчалик ўсганимизни, хато ва камчиликларимизни кўрсатиб беради. Аслида ҳар бир машғулот жараёни, ҳар бир ўйин бу катта тажриба. Халқаро ўйин эса шубҳасиз ривожланишимизга катта туртки беради. Ушбу мусобақадан келиб чиқиб, яна қайси йўналишда ишлашимиз кераклигини кўрсатиб беради.
Туркманистонда футзал энг ёш спорт турларидан бири ҳисобланади. У аста-секинлик билан олдинга қадам ташламоқда. Бунда нафақат футбол ва футзал раҳбарлари, балки мамлакат раҳбарияти ҳам бизга катта кўмак бермоқда. Бизда ҳали профессионал лига йўқ, аммо шунга қараб боряпмиз.
Баҳодир Аҳмедов, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи:
— Ушбу мусобақага яхши ва тўғри тайёргарлик кўрдик деб ўйлайман. Сафимизга Қозоғистон чемпионатида ўйнайдиган футзалчилар ҳам етиб келишган. Шунингдек, маҳаллий чемпионатда ўйнайдиган ёш ва иқтидорли ўйинчиларни йиғиб, улар билан йиғин ўтказдик. Мақсадимиз Осиё чемпионатига чиқишдан иборат. Олдимизга қўйилган вазифани уддалаганимиздан кейин қитъа чемпионатига тайёргарлик олиб борамиз. Озарбойжон ва Вьетнамда бўладиган халқаро мусобақаларда иштирок этамиз. Ушбу турнирга тайёргарлик жараёнида вилоятлардаги клубларимизда ўйнаётган футзалчиларни ҳам синовдан ўтказдик. Улар билан ишлаб, тайёргарлик даражасини ошириб боришга ҳаракат қиламиз. Насиб қилса, кейинги мусобақаларда уларни ҳам кўришингиз мумкин.