"Гулистон" бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов "Қизилқум"га қарши кечган Олий лиганинг сўнгги тур учрашувидан кейин ўз фикрларини билдирар экан, сирдарёлик мухлислар ҳақида жуда илиқ фикрларни билдирди.
"Бутун мавсум мобайнида бизни қўллаб-қувватлаб турган сирдарёлик ашаддий мухлислар олдида жуда хижолатдаман. Ҳар қандай вазиятда ҳам улар биздан юз ўгиришмади. Ҳатто мағлубиятларимизни ҳам тўғри қабул қилиб, жамоамиз аъзоларига далда бўлишди. Одатда, олий лига билан хайрлашгани клубни маҳаллий ишқибозлар ҳақорат қилишади, шахсиятингизга тегишади. Бугун эса бунинг аксини кўрдим. Гарчи, кучлилар сафини тарк этган бўлсакда, “Қизилқум”га қарши кечган учрашув якунига етгач, жамоамиз ишқибозлари шогирдларимни олқишлар остида кузатиб қўйишди.
Футболчилик фаолиятим давомида нафақат мамлактимиз, балки хориж клублари сафида майдонга тушганман. Аммо бундай садоқатли, ўз жамоасига меҳр қўйган Сирдарё вилояти ишқибозларидек фанатларни кўрмаганман. Барчаси учун узр сўрайман ва уларга таъзим қиламан. Бошқа клуб ихлосмандларига ҳам худди сирдарёликлардек фидоий бўлишларини истаб қоламан. Клуб раҳбарияти ва футболчилар билан биргаликда ишлаб ўз маҳоратимни оширдим. Бу ерда орттирган тажрибам келгуси фаолиятимда қўл келиши шубҳасиз", дейди мутахассис.