Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг фикрича, Гонконгга қарши эртага бўладиган ўйин бу икки жамоа ўртасида февраль ойида бўлиб ўтган ўйиндан фарқ қилади. Эслатиб ўтамиз, ўшанда ҳисоб очилмаганди.
"Эртанги ўйин ҳар иккала жамоа учун муҳим аҳамиятга эга. Мен Гонконг терма жамоасини ҳурмат қиламан, лекин биз бу ерга фақат ғалаба умидида ташриф буюрдик. Ғалаба қозонсак, Осиё кубоги йўлланмасини қўлга киритамиз. Шунинг учун биз бу ишни кейинроққа қолдирмоқчи эмасмиз. Ҳозир шогирдларим яхши кайфиятда. Бунда бизга Вьетнам устидан қозонилган ғалаба ёрдам берди. Умид қиламан, эртага кайфиятимиз янада яхшироқ бўлади", дейди Миржалол Қосимов.
"тошкентдаги ўйинда биз Гонконг дарвозасига йўл топа олмагандик. Ўшанда рақибимиз жамоавий ҳимояга ўтиб олганди. Футболда эса рақиб ҳужумини бузишдан осонроқ иш йўқ. Эртага эса Гонконгнинг йўқотадиан нарсаси йўқ. Уни фақат ғалаба қаноатлантиради. Шунинг учун биз каби улар ҳам ўз омадларини ҳужумдан излашади. Бир сўз билан айтганда, эртанги баҳс Тошкентдаги ўйиндан кескин фарқ қилади", дейди терма жамоамиз бош мураббийи.