Бразилияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатининг финал босқичига қуръа ташланди. Қуръада қайси жамоалар ўзаро тўқнаш келгани ҳақида гапирмоқчи эмасман, шундоғам бу маросим «Спорт» телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Ундан кейинги давра суҳбатида мутахассис ва шарҳловчилар ўз фикрларини билдириб ўтишди. Уларнинг баъзи фикрларига қўшилиш мумкин. Баъзиларига йўқ. Баҳсли тортишувлар, фикрлар янги бир фикрни келтириб чиқаради. Анчадан буён мақола ёзмай қўйгандим. Қуръадан кейинги давра суҳбати мени фикрларимни қоғозга туширишга ундади.
Ҳар қандай қуръадан кейин биринчи эътибор қаратиладиган жиҳат бу сўзсиз «ўлим гуруҳи» бўлади. «Ўлим гуруҳи» борми ёки йўқ, қабилидаги савол кўпинча ижобий жавоб топади. Менимча бу сафар ҳам «ўлим гуруҳи» бор. D гуруҳи ростманасига кучли жамоалардан бирининг гуруҳ босқичидаёқ мусобақани тарк этишига сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатиб турибди. Қуръадан кейин «Спорт» телеканали студиясида қуръа натижаларини муҳокама қилган журналистлардан бири «ўлим гуруҳи» бўлиши учун тўрттала жамоанинг ҳам имкониятлари тенг бўлиши лозимлигини таъкидлади. Яъни унинг фикрича учта кучли жамоа бир гуруҳда тушиб, биргина аутсайдер бўлса ҳам бу гуруҳни ўлим гуруҳи деб бўлмас экан. Бу номга тўғри келадиган гуруҳ сифатида эса Н гуруҳини кўрсатиб ўтди. Айнан сўнгги гуруҳда ўзаро тенг кучли жамоаларнинг жойлашгани сабаб бу гуруҳни «ўлим гуруҳи» деб айтиш мумкин бўларкан. Энди гуруҳдаги жамоаларга эътибор қаратамиз: Бельгия, Россия, Жанубий Корея, Жазоир. Энди савол. «Ўлим гуруҳи» ўзи нима? Иборанинг ўзидан кўриниб турибдики, кучли, юқори ўринларга кураша оладиган камида битта жамоа гуруҳ босқичидаёқ мусобақани тарк этиши, ёки ташбеҳан айтилганда «қурбон бўлиши» керак. Мана шу қоидага торта оладиган даражадаги жамоа(лар) борми Н гуруҳида? Тўғри бир қараганда, тенг кучли жамоаларнинг ўйини қизиқарли ўтиши табиий. Лекин нейтрал мухлиснинг биринчи навбатда нигоҳи кучли жамоалар, НОМларга қаратилган бўлади. (Афзал Азизов кўрсатув давомида айнан шу фикрни айтишга ҳаракат қилди, лекин «сўз одами» бўлмагани сабаб бу фикрини тўлиқ тушинтира олмади). Тасаввур қилинг Испания дунёнинг энг кучли чемпионатларидан бирига эга. Лекин мусобақа давомида «Барселона» ва «Реал» бошқа жамоалардан яққол кучли эканини исботлаб келади. Бир неча йиллардан буён шундай. Агар бу икки жамоани примерадан ажратиб қўйсангиз, қолган жамоаларнинг имкониятлари деярли тенг бўлади ва чемпионлик, совринли ўринлар учун рақобатлашадиган жамоалар сони ошиши табиий, лекин сизнингча, бу чемпионат энг кучли деган номни сақлаб қола оладими? «Спорт» телеканали шарҳловчиси айтганидек тенг кучли жамоалардан иборат «ўлим гуруҳи» барча ўйинлари Италия – Уругвай (Италия – Англия) учрашувидан кўра, эътиборлироқ бўла оладими? Шахсан менга Бельгия терма жамоасининг мундиалдаги иштироки жуда ҳам қизиқ. Табиий равишда олтин авлод вужудга келган бу терма жамоанинг узоққа бора олишига ишонаман, лекин Россия терма жамоасини ҳурмат қилган ҳолда айтишим мумкинки, бу гуруҳда кейинги босқичга чиқиш учун том маънода арзирли бошқа терма жамоа йўқ. Саралаш мусобақаларида Португалиянинг иккинчи ўринда қолдириб кетган терма жамоани эслатманг, саралаш мусобақаси бу бутунлай бошқа бир цикл. Кейинроқ бунга ҳам тўхталиб ўтаман. D гуруҳидан жой олган жамоалар ичида эса камида битта юқори ўринлар учун курашиши мумкин бўлган терма жамоа мусобақани эрта якунлашга мажбур бўлади.
Н гуруҳининг эса бошқа бир қизиқарли томони бор. Бельгия сўнгги марта жаҳон чемпионатида қатнашган 2002 йилда ҳам айнан Н гуруҳидан жой олган, ўшанда ҳам тўртлик сафида Россия терма жамоаси бор эди. Бироқ бу сафар Япония терма жамоаси ўрнига Жанубий Корея, Тунис термаси ўрнида эса жазоирликлар жойлашишди. Осиё ва Африка минтақасининг бир-бирига жуда ўхшаш термалари Бельгия ва Россиянинг йўлида бу сафар ҳам пайдо бўлишганини ҳам эътироф этиш керак.
Яна бир эътиборли жиҳат бу кучсизроқ бўлган гуруҳнинг вужудга келиши. Қайсидир етакчи терма жамоа мусобақани эрта якунлашга мажбур бўлиши лозим бўлганида, аслида унчалик кучли бўлмаган жамоаларда кейинги босқичга чиқиш учун имкониятлар пайдо бўлиши бироз аламли. Камида нейтрал мухлисга бу жараён ёқмайди. Бу галги қуръада ҳам менимча бу номга тортадиган гуруҳлар бўлди. Фикримча бу номга энг тортадигани бу сўзсиз Швейцария жой олган гуруҳ. Нимага гуруҳга «Швейцария жой олган гуруҳ» деб ном бердим? Сўнгги йилларда Европа ва жаҳон чемпионатида мунтазам иштирок этаётган бу терма жамоанинг қуръа жараёнида нуқул омади чопишига гувоҳ бўлганмиз. Аниқ фактга эга бўлмасакда, бир терма жамоанинг бу қадар омадли бўлишига ишониш қийин. Шахсан мен қуръа (ЖЧ, ЕЧ, саралаш) жараёнининг «топ-тоза» ўтишига ишонмайман. Камида Швейцария омили туфайли. Майли буниси асосий масала эмас. Чунки кучли жамоа барибир ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз кучини кўрсата олади. Бу талабга жавоб бермайдиган жамоа омад эвазига бир-икки бош баланд сакраб олиши мумкин, аммо чўққини забт этишда барибир кучлиларга йўлни бўшатиб беради... студия меҳмонлари томонидан «Ўлим гуруҳи» сифатида таърифланган Н гуруҳи фикримча, Швейцария жойлашган гуруҳдан қолишмайди. Фикримни юқорида асослаб ўтдим. Менимча қолган гуруҳларда кейинги босқичга лойиқ бўлгани камида иккитадан жамоалар бор ва бу гуруҳларни анча адолатли жойлашгани этироф этиш мумкин.
А гуруҳида Бразилия яққол фаворит сифатида ажралиб турган бўлсада, қолган учта терма жамоа ўртасида иккинчи йўлланма учун кураш қизғин кечиши кўриниб турибди. В гуруҳига мен «ўлим гуруҳи» сифатини бермаган бўлардим. Истайсизми-йўқми, Видаль-Санчес жуфтлиги ўз клубларида ҳарқанча савияли футбол кўрсатмасин, бугунги кунда Голландия ва Испания жой олган гуруҳдан кейинги босқичга чиқиш учун мўжиза кўрсатиши керак бўлади. Мен мутахассисларимиздан битта фикрни кутгандим, аммо улар буни пайқашмади. Аслида мусобақанинг энг катта “қурбонлиги” плай-оффнинг дастлабки кунларида содир бўлар экан. Нимчорак финалдаёқ А гуруҳи ва В гуруҳи жамоалари ўзаро тўқнаш келишини ҳисобга оладиган бўлсак, Испания ва Голландия агар гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалашса, кейинги босқичда бу жамоаларнинг бирини Бразилия терма жамоаси кутади. Шахсан мен учун ҳақиқий «ўлим» сифатига мос қуръа мана шу бўлди.
Ҳар бир мусобақада бўлгани каби Бразилия мундиали ҳам «сюрприз»ларсиз ўтмаса керак. Бу борада аниқ башорат қилишнинг ўзи мантиқсизлик, албатта. Кутилмаган натижани кутгандек фикр бериш, иккинчи фикрнинг биринчисини инкор қилиш билан тенг бўлиб қолади, лекин башорат сифатида жамоани кўрсатиш мумкин бўлса, мен биринчи навбатда Гана терма жамоасини қайд этган бўлардим. Тўғри Криштиану Роналду жуда кучли футболчи, ўйинни битта ўзи ҳал қила олиши мумкин бўлган даражада ноёб истеъдод, бироқ Гананинг бутун жамоа бўлиб Португалия тўсиғидан ўта олишига негадир ишоняпман. Германия эса бу гуруҳда фаворит.
Юқорида саралаш ҳақида гап очгандим. Саралаш мусобақаси ҳам, дейиш мумкинки, жаҳон чемпионатининг бир бўлаги. Финал босқичидаги иштирок билан саралашдаги иштирокни умуман солиштирмаган бўлардим. Эфирдагилар Босния ёки Россия терма жамоаларининг ўз гуруҳида биринчи ўринни олгани, кучли жамоаларни ортда қолдириб кетишгани дастак қилиб, уларнинг мундиалдаги имкониятларини юқори баҳолашди. Аслида бу бутунлай нотўғри мантиқ. Саралаш мусобақаси жуда узоқ циклда давом этади. Финал босқичи эса қисқа бир маълум муддатда кечади. Инсоннинг физиологик ҳолати узоқ муддат барқарор бўла олмайди. Шу маънода узоқ вақт давом этадиган турнирда терма жамоаларнинг бир хил савияда ўйин кўрсатишининг деярли иложи йўқ. Қўшимчасига саралаш ўйинларида етакчи терма жамоаларнинг ҳал қилувчи асосий футболчилари жуда тиғиз тақвимдаги евромавсумдаги ўйинлардан етиб келишади. Узоғи билан уч кун олдин терма жамоа йиғила олиши мумкин. Бир йиғинда ошиб борса иккита учрашув ўтказилади. Кейинги учрашувларга қадар эса вақт ўтади. Спорт формаси турлича ҳолатлар юзага келади. Финал босқичига яқин қолганда рақобатдан ҳоли етакчи футболчиларга эътибор беринг. Улар биринчи навбатда бир ёки икки ойдан кейин бўладиган ЖЧ учун ўзларини эҳтиёт қилишга, ёки ортиқча куч сарфламасликка ҳаракат қилишади. 2002 йилда чемпион бўлган Бразилиянинг финал босқичидаги ўйинларини эсланг. Саралашдан Бразилия Осиёда ўтган мундиалга қандай етиб келганди? Бунақа мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Хуллас, ЖЧ бугундан бошланди. Бугун ҳақиқий маънода мундиал нафасини ҳис қилдим. Афсуски, шунчаки кузатувчи, шунчаки томошабин сифатида. Ўша пайтда Ҳондурас ёки эронлик мухлисга ҳавасим келди. Оддий томошабин сифатида қанчалик интиқ кутаётган мухлисни тасаввур қилинг-у, эронлик ёки гондураслик мухлиснинг, футболчининг ҳолатини солиштиринг. Юқоридаги дастурда мутахассисларимиз ва журналистларимиз Испания терма жамоасининг совринларга «тўйгани-ю» иштиёқи камайгани, Бразилиянинг ўзига ортиқча ишониб юбораётгани ҳақида гапириб ўтишди. Мундиал оҳанрабоки, унда иштиёқсизлик бўлишига илож йўқ, мундиал шундай мусобақаки, унда энг кучли терма жамоа аутсайдерга қарши ўйнаётганда ҳам рақибни менсимай туша олишига ишонмайман. Бу ерда у ёки бу деган тасаввурнинг ўзи бўлмайди. Жаҳон чемпионатида Бразилиянинг ҳам Коста-Риканинг ҳам мотивацияси, масъулияти бир хил. Вазифаси ва имконияти бошқа бўлиши мумкин. Чунки бу мундиал. Биз 20 йилдан буён эриша олмай келаётган, футболдаги энг асосий чўққи. Ҳатто Мессининг ҳам қирол бўлишига соя солаётган глобал жараён. Мундиал — байрам. Байрамни ҳеч бўлмаса томошабин сифатида кузатиш ҳам бахт. Байрам билан!
Азамат Муродов