Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Жиловланган Африка ёхуд ям-яшил «прикол» (Мундиални соғинганлар учун)

Баҳо:
+ | -

Жаҳон чемпионати тугаши билан уни соғиниб қоламиз. Уни кутишни бошлаймиз. Ҳозирда жаҳон чемпионати ҳақида кўп ва хўп гапирилмоқда. Лекин мундиал ҳавосидан нафас олиб ёзилганлар бошқачада. Шунинг учун эътиборингизга 2010 йилги жаҳон чемпионати давомида ёзилган мақолалардан бирини ҳавола этмоқчимиз. Ҳамза Ёқубов қаламига мансум бу мақола «Чемпион» газетасида чоп этилган эди. Келинг бир мундиални эслайлик.

Ораларингизда Ҳиндистонга борганлар борми? Бор бўлса, жуда яхши. Ҳиндистонга борганлар яхши билади, самолёт тепага кўтарилаётган пайти қулоқларингиз шанғиллаб қолади, шундоққина ёнингизда ўтирган одамнинг гапини ҳам эшитолмайсиз... Шу ўринда савол туғилади: Хўш, бунга Ҳиндистоннинг нима даҳли бор, нима, самолёт фақат Ҳиндистонга учадими ёки ўзи бу хабарни футболга нима алоқаси бор, деган. Ҳа энди, «Темир хотин»даги Қўчқор ака айтганидек, буям бир гапда. Мақолани бир амаллаб бошлаш керак-ку. Газетхонлар ҳам гувоҳи бўлсин, мақолани бошлашда қанақа антиқа нарсалар хаёлимизга келишини. 

Айтишларича, 2014 йилда Бразилияда бўладиган мундиалда вувузелалар бўлмас экан. Чунки бразилияликлар ундан ҳам антиқасини ўйлаб топишармиш. Эҳ, африкаликлар, жуда ғалати халқ бўлар экан булар, футболчилари киритилган голларни ҳар хил антиқа ёввойи рақслар билан нишонлашганида мухлисларининг ҳам қандайдир бир «касали» бўлса керак, деб ўйлардим. Ҳа, бор экан, касаллик ҳам гапми, даволаб бўлмайдиган даражада жиддий «касали» бор экан.  Эсингизда бўлса, «Жиловланмаган Африка» деган туркум ҳужжатли фильмлар бўларди бир пайтлари, шу фильм номини ким ўйлаб топган бўлса пешонасидан ўпса арзиркан, «Жиловланмаган Африка»мас, аслида «Жиловлаб бўлмайдиган Африка» деса ҳам бўлавераркан. Бунча қайсар бўлмаса бу халқ. Бутун дунё қарши чиқди, улар эса кекирдакларини ярим метр қилиб чўзганча вувузела чалавердилар, парво ҳам қилишмади-я. Қайтанга товарларини бутун дунёда ўтказишди. Ҳатто бизгача етиб келди. Гувоҳи бўлгандирсиз, Хушнуд Худойбердиев қандайдир танлов ўтказиб,  совринига вувузела қўйибди. 

Африкаликлар футболга зарба берганликлари етмаганидек, санъатни ҳам анча мунча обрўсини туширишди. Яқинда дўстларимиз билан бир кафега кирдик (бу ерда сизнинг кафенгизнинг номи бўлиши мумкин эди, эссиз). Бир пайт кафенинг хонандалари саҳнага чиқиб келди, улардан баъзиларининг қўлида сурнай бор эди, уни кўриши билан ёнимиздаги бир дўстимиз тапир-тупир қилиб, эшик томон илдамлай бошлади, «Тинчликми?» деб сўрасак, «Вувузела» деди-ю, мингга қўйиб «Ну погоди»даги қуённи расмини чизворди». Олдинлари, шу боланинг сурнай лазгига рақсга тушмаса томоғидан овқат ўтмасди. 

Лекин, тан олиш керак, мундиал баҳона анча бизда ҳам ижобий ишлар амалга оширилди. Сал аввал чивин босиб ётадиган сомсахоналарни бугун таниб бўлмайди. Ён атрофлар ободонлаштирилиб, катта мониторлар ўрнатилган. Тандирларга футболчиларнинг суратлари илинган. Сомсалар ҳам «Jabulani» тўпи шаклида думалоқлашганми-ей. Олдинлари ҳуввилаб ётадиган жойлар, қий-чув бўлиб кетган. Ҳозир футбол ишқибозлари «Спорт» каналидан бераётган «Хабарлар» дастурларини ҳам уйда эмас, ўшанақа катта монитор ўрнатилган сомсахона ва кафеларда кўра бошлашни одат қилишган. Барибир мундиал бошқача турнир-да. Футбол мухлисларимиз сони ҳам яна анча ортган бўлса ажабмас, қани эди ўша янги келган мухлислар учун ўзимизни футболчилар ҳам бир чиройли учрашувлардан уюштириб беришса. Шу ўринда Одил Аҳмедовга миннатдорчилик билдириб ўтиб кетай, мундиал арафасида мухлисларни ҳеч ёлғиз қолдирмагани учун. Яхши реклама ролиги бўлибди, лекин чўлда ишлашганига тушунмадим. Бу компаниянинг антеннаси чўлда ҳам кўтаради, деган маънодами ёки бизнинг футболчилар келгуси мундиалга чўлда тайёргарлик кўришадими, ишқилиб ақлим етмади. Рекламада Одил Аҳмедовнинг овозиям ғалати чиқяпти, менга ўхшаб томоқни шамоллатган бўлса керак.

«Ниначи ва чумоли» эртагини болалигимизда ҳаммамиз ўқиганмиз. Чумоли ёз бшйи меҳнат қилади, ниначи дам олади, қишда ниначи чумолининг уйига бошпана сўраб боради... Хуллас, ўша эртакнинг янги талқини билан латифаларни бошлаймиз...

НИНАЧИ ВА ЧУМОЛИ (Замонавий талқини)

Ёзнинг иссиқ кунларидан бирида ўша бизга таниш меҳнаткаш чумоли маза қилиб дам олиш ўрнига тинмай меҳнат қиларди. Ниначи эса ёзги «дачаси»да бассейнга тушиб, дискотекаларга бориб, мундиал баҳсларини томоша қилиб, ниначихонлар билан чақ-чақлашиш билан банд. Чумоли ниначини кўриб ҳаваси келса-да, ўзини юпатадиган ягона сўзни такрорлаб қўйибди:

— Ҳали қиш келсин кўрамиз, ким ялло қилишини, итдек ялиниб олдимга келади, остонадан йўлатмайман, қараб турсин, — дейди. Чумоли бечора ҳатто қиш ғами деб, мундиал баҳс­ларини ҳам кўрмай, қулоқлигини тақиб, «Машъал»­дан эшитиб юраверади.

Шу тариқа ёз тугаб, куз келади. Куз ўрнини бир пасда заҳира ўриндиғида ўтирган қиш эгаллайди. Қор гупиллаб ёғаётган бир оқшомда чумоли уйчасидаги креслода футбол кўриб ялпайиб ётибди, дастурхонда ҳамма нарса муҳайё: чигиртканинг сонидан табака, капалак гўштидан димлама, мевалардан ўрикнинг қуритилган пўчоғи... Чумоли деразага қараб, хаёлга чўмибди: «Тушунмадим, ниначи нимага келмаяпти? Қиш бошланганига бир ой бўлди, ҳисоб бўйича у «уже» декабрда келиб менга ялиниши керак эди». Шу пайт чумолининг уйи олдига бир лимузин келиб тўхтайди. 

— Ё, тавба, — дейди чумоли.
— Бу ким бўлди экан?

Ҳайдовчи лимузиндан тушиб, орқа эшикни очади, машинадан ўша дангаса ниначи тушади, эгнида чарм куртка, бўйнида шарф, ёнида иккита ниначи хонимлар. Чумолининг «совсем» мазаси қочади. «Эртак «парод» бўлди-ю» деб ўйлайди ичидан.  

— Тинчликми, ниначи? — дейди қўрқа писа.
Ниначи:
— Оғайнилар қўярда қўймай Парижга чақиришяпти, сен билан хайрлашгани келдим, ҳовлимга қараб турарсан, холодильникни ўчирмай кетяпман. Сенга Парижда нима олиб келай, бирорта истагинг борми?
Довдираб қолган чумоли:
— Ҳа, бор, биргина истагим бор, Парижда Фонтейн исмли бир эртакчи билан Доменек исмли мунажжим яшармиш. Бири «Чумоли ва Ниначи» деган эртакни тўқиган, яна бири «Франция чемпион бўлади» деган эртакни ўйлаб топган. Ўшаларни мен учун қуюққина қилиб бир сўкиб қўй. Иккаласиниям эртаги ўтмади-я, аблаҳлар — дебди.  

Ҳа, бу йилги мундиалда кўплаб эртаклар амалга ошмади. Чемпионлик тожини йиллар давомида галма-галдан ўзаро олди-берди қилиб келган термалар доғда қолишди. Дунё янги чемпионни қарши олди. Футбол тахтини кекса қироллардан бири эмас, балки ёш, навқирон шаҳзодалардан бири эгаллади.

КИМ КИМНИ ЎРГАТДИ?

Циркда бир тадқиқотчи икки сичқонни қоринлари оч бўлишганида бурунлари ёрдамида қўнғироқ чалишга ўргатибди.  Цирк ходими сичқонларни қўлга ўргатганидан хурсандмиш. Энди гапни сичқонлардан эшитинг. Сичқонлардан бири иккинчисига шундай дермиш: «Бу аҳмоқ одамни барибир қўлга ўргатдик-а, қўнғироқни ҳар босганимизда пишлоқ беради, ва-ҳа-ҳа, кулавериб ўлиб қолсам керак, одамлар шунақа содда бўлади, деб ҳеч ўйламаган эдим».

Мундиал давомида Месси ва Роналдулардан ҳам кўп бора тилга олинган башоратчи саккизоёқнинг хаёлидан нима ўтаётганини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг. Ҳа, бу йилги мундиалда саккизоёқ жуда маш­ҳур бўлди. Эштинг, улар ҳақида янгиси.

Ҳайвонот боғида иккита саккизоёқ қўл ушлашиб айланиб юришарди. Эркак саккизоёқ секин эгилиб, севгилисининг қулоғига шивирлабди:

— Қандай гўзал тун-а, севгилим. Ой, юлдузлар, сен ва мен... Бу ажойиб романтик тунда сен билан мен мана бундай шаклда қўлни қўлга, қўлни қўлга, қўлни қўлга, қўлни қўлга, қўлни қўлга, қўлни қўлга, қўлни қўлга, қўлни қўлга бериб (8 та бўлди шекилли-а) айланиб юрибмиз.

ФУТБОЛ УЧРАШУВИ

Бир куни ўрмон чемпионатига чиқолмай қолган иккита терма жамоа: чумолилар ва қирқоёқлар термалари ўртоқлик учрашуви ташкиллаштиришибди.  Учрашув бошланадиган вақтда чумолилар жамоаси майдонга чиқиб келишибди.  Қарасалар қирқоёқлар ҳали ҳам чиқишмабди. Кутишибди, кутишибди. Учрашувнинг биринчи тайми ҳам якунланибди. Иккинчи тайм бошланиши арафасида қирқоёқлар чиқиб келишибди. Чумолилар жамоасининг сардори хавотир олиб сўрабди:

— Нимага бунчалик кечикдингизлар?
Уларнинг сардори:

— Қирқта оёққа бутса кийишни ўзи бўладими, оғайни, дермиш.

«МУНДИАЛГА БОРГАН» БЎРИ

Ўрмон қироли шер мундиалнинг финал репортажи бошланган пайти эрмак қиламан, деб икки баклажка пиво ва кийик сонини холодильникка солиб қўйибди. Буни сезиб қолган тулки уларни ўғирлаб, маза қилиб ебди, пиволарни ҳам ичиб, кўздан ғойиб бўлибди. Нарсаларининг холодильникдан «ухлатилганлигини» кўрган шернинг нерви чиқиб кетибди, дарҳол ўрмондаги барча ҳайвонларни йиғибди. Ҳамма йиғилгач, шер дебди:

— Бу ишни ким қилган бўлса, қўлини кўтариб, бир қадам олдинга чиқсин, дебди.
Бу гапни эшитиб, ҳамма ҳайвонлар жим бўлиб қолишибди. Шу пайт бўри мажлисга кечга қолиб келибди.
Бўри:
— Бу ерда нима бўляпти, «пайок»ка шакар келдими, дейман?
Тулки тулкилигини қилиб, дебди:
— Ундан ҳам зўр янгилик, Шер Арслонович мундиал финалига битта чипта бор, ким бормоқчи бўлса, қўлини кўтариб бир қадам олдинга чиқсин, ейиш-ичиш, виза текин, деяпти.
Бу гапни эшитиб, оғзининг сўлаги оққан бўри икки қўлини кўтариб, ўн метр олдинга чиқибди.
Шер:
— Бўлар экан-у, бошқаларга рухсат, дебди.
Бўри хурсанд, шернинг орқасида унинг кабинетига кирибди. Шу-шу, шер бўрини икки кун тинмай уриб, тишларини тўкиб, оёқларини синдириб ташлабди. Бўри реанимацияга тушиб, бир ҳафта ҳеч кимга кўринмабди. Бир ҳафтадан ке­йин оқсоқлана-оқсоқлана суллайган кўйи йўлнинг четидан келаётганмиш.
Уни кўрган тулки гап отиб:
— Ҳа, Бўри бойвачча, менинг орқамдан мундиалга бориб келдинг, раҳмат ҳам демайсан, қойил, мундилга бориб юриш-туришинг ҳам ўзгарибди, дермиш. 

ФУТБОЛ МАҚОЛЛАРИ

Паслаша паслаша гол бўлур!
* * *
Ҳимоячи сенга айтаман, дарвозабон сен эшит!
* * *
Гол бўлмаса дарвозанинг тўри қимирламайди.

Ҳамза Ёқубов
Манба: «Чемпион» газетаси

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 18:34, 16.12.2013.
Ўқилди: 9592 марта.
Фикрлар: 22 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.