Футбол тобора ривожланиб бораётган бугунги кунда иқтидорли футболчилар орасида ўз ўрнига эга бўлиш, ўзи ўйнаётган жамоа учун керакли ўйинчига айланиш футболчининг олдига бир қатор масъулиятли вазифаларни қўймоқда. Таъкидлаш жоизки, бу вазифаларни бажариб, ўз номини тарих зарварақларга муҳрлаш ҳақиқий футболчиларга насиб этади. Бугунги саҳифамиз ана шундай футболчилардан бири, бугунги футбол уммонида ўзига хос «Титаник»ка айланган клуб — «Барселона» ярим ҳимоячиси Хави Эрнандес ҳақида.
Хави Эрнандес 1980 йил 25 январда Испанияда, Барселонанинг Террасса шаҳарчасида таваллуд топган. Оилада иккинчи фарзанд: акаси (Алекс) ва синглиси (Адриана) бор.
Дастлабки дебютини Испания суперкубогида 1998 йил ёзида нишонлаган. У бу ўйини футболчилик фаолиятидаги энг яхши ўйини деб ҳисоблайди.
Лақаби - «El Profe» (Ҳақиқий профессионал)
Ёқтирган ва айни дамда миниб юрадиган машинаси: «Audi Q5»
Саёҳатга боришни орзу қиладиган мамлакати: Ҳиндистон.
Ўзи учун идеал деб ҳисоблайдиган футболчилар: Марадона ва Месси.
Ёқтирган мураббийи: Ҳамма мураббийнинг ишини ҳурмат қилади ва уларни ҳеч қандай тоифага ажратмайди.
Ёқтирмайдиган касби: Жарроҳлик. Футболчи жарроҳлардан жуда қўрқади.
Идеалидаги стадионлар: «Сан Мамейс» ва «Сантьяго Бернабео». Хави бу стадионлар ўз жамоасига тегишли эмаслигидан афсусланади. Бироқ «Ноу Камп»нинг улардан кам эмаслигини такрорлаб чарчамайди.
Биринчи тўпи: «Микаса».
Қизиқади: Машиналарга. Хоббиси енгил автомобиллар коллекциясини йиғиш. Шунингдек, баъзи-баъзида покер ҳам ўйнаб туради. Қолаверса, видеоўйинларни ҳам канда қилмайди. Бундан ташқари уй ҳайвонларидан ит боқишни хуш кўради. «Тиро» лақабли итини меҳр билан парвариш қилади.
Илк бора Террассада ўйин ўтказган «Эспаньол» футболчиси Нконодан дастхат олган.
Сериалларни унча ёқтирмайди. Турли комедияга бой фильмлар ва айниқса, мултьфильмлар жону дили.
ЎЗИГА ХОС СТАРТ...
Хави кўпчилик каби футбол ўйнашни кўчада, дўстлари ва маҳалладошлари орасида бошлаганди. 10 ёшида мактаб жамоасида ўзининг биринчи мусобақаларида қатнашади. Ўша мусобақаларда ҳатто энг яхши футболчи сифатида пул мукофотини ҳам қўлга киритади (унинг хотирлашича, мукофот миқдори ҳозирги 25 еврога тенг бўлган ва уни аксарият болалар каби музқаймоқ ёки ширинликлар, ҳаттоки копток ёки бутсага ишлатмаган, аксинча, дўконга бориб, онасига совға харид қилган.
ЎЗИГА ХОС ХАРАКТЕР ЭГАСИ
Хави бошқа ўйинчилар орасида энг кам қўл соатига эга бўлган футболчи саналади. Унинг ўзи эса бу ҳақда шундай дейди:
«Қўл соат тақишни ёқтирмайман. Сабаби улар мени чалғитади ва ишларимга халал беради. Шу боис ҳозирда қўл соатларим саноқли ва улардан бирортасини ҳам ўзим сотиб олмаганман. Ҳаммаси яқинларимдан совға.»
Хавининг характери жуда оғир. Буни жамоадошлари ҳам таъкидлашади. Хусусан, футболчи кўп гапирадиган ва бир нарсани тинимсиз такрорлайдиганларни ёқтирмайди. Шунингдек у мабодо суҳбатдошининг бирор гапига тушунолмаса, шартта гапини бўлиб, тушунмаган нарсасини сўрайди. Гарчи бу суҳбатдошига нисбатан ҳурматсизликдек туйилса-да, Хави бундай ҳисобламайди.
«ҚИЗЛАР МЕНГА ХАЛАЛ БЕРАДИ!»
Дастлаб бошқа ўйинчилар каби ишқий муносабатларга муккасидан кетган қаҳрамонимиз кейинчалик бу муносабатларга нуқта қўйишга қарор қилади.
Футболчи дастлаб, испан актрисаси Элса Эгеа ва кейинчалик журналист Нуриа Кунилерра билан яқин муносабатда бўлган. Бироқ бутун эътиборини футболга бағишлашга қарор қилгач, улар билан алоқани узган. Ҳозирда Нуриа Кунилерра билан дўстона муносабатларни сақлаб қолган. Буни эса шундай изоҳлайди:
«Мен вақтимни қадрлайдиганлар сирасига кираман. Турли кафелардаги тушликлар, тунги клублар, умуман, қизлар билан ўзаро муносабатлар анча вақтимни ўғирлади ва мени чалғитди. Шунинг учун бунга чек қўйишга қарор қилдим. Айтиб ўтишим керакки, айнан шу қароримдан кейин ўйинларим анча яхшиланди. Бироқ бошқаларга ўхшаб, оила қуриб, фарзандли бўлишни истайман. Бунинг учун эса характери менга тўғри келадиган қизни учратишим керак».
ТЕННИС ВА МОТОСПОРТ ИШҚИБОЗИ
Хавининг кумири Хосеп Гвардиола. Брюс Спрингстин ва Брайан Адамс ижодини хуш кўради, севимли қўшиғи "Losing my religion". Бўш вақтида теннис ўйнашни ҳамда мотоспорт билан шуғулланишни ёқтиради.
"Эль Сантуари дель Колел" коллежи яқинида ўзининг футбол мактабини очган, унда 300 нафарга яқин бола футбол сирларини ўрганади.
Унинг шахсий ҳаётидаги энг катта орзуси — яқинларининг фаровон турмуш кечиришидир. Шу мақсадда у кичик қурилиш фирмасини йўлга қўйган ва уни отаси, акаси ва синглиси бошқаришади. Бу ҳақда Хавининг отаси шундай дейди: «Аслида, фирмада ишимиз у қадар кўп эмас, одатда биз у ерда йиғилиб, футбол ҳақида гаплашамиз...»
Қаҳрамонимиз бугунги кунда ўз жамоасининг асосий футболчиларидан бири саналади. Хави Эрнандез бугунги кун футболининг муҳим ва қийин талабларини муваффақият билан бажара олган ва албатта, миллионлар ўйини тарихида етарлича из қолдира олади. «Барселона»нинг шу пайтгача кўрсатиб келган омадли ўйинлари ва эгаллаган ютуқлари бевосита ушбу маҳоратли ярим ҳимоячи номи билан чамбарчас боғлиқ. Таъкидлаш жоизки, «Титаник»нинг бу синмас елкани кемани ҳали узоқ-узоқларга олиб боради.
Интернет материаллари асосида Н.ИСЛОМОВ тайёрлади.