Келаси йилнинг 11 январь куни Уммон мамлакатида старт оладиган U-22 ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионати ташкилий қўмитаси, мамлакат ОЧ баҳсларини ўтказишга тайёр эканлигини қайд этишди.
Уммон Футбол Федерацияси президенти Ҳолид Ҳамад Ал Бусайди Уммон пойтахти Мускатда ОАВ ҳодимлари билан учрашувда турнир юқори савияда ўтиши учун ташкилий қўмита катта ҳажмдаги ишларни амалага ошираётганини таъкидлади. «Осиё Чемпионати финал босқичи ўйинларини юқори савияда ўтказиш учун катта кўламдаги ишларни амалга оширдик. Чемпионатни ўз уйимизда қабул қилишимиз биз учун катта шараф ва катта маъсулият. Бизни ажойиб чемпионат кутиб турибди», - дейди Уммон Футбол Федерацияси президенти.
Осиё Футбол Конфедерацияси президенти Шайх Салмон Иброҳим Ал-Ҳалифа ОФКнинг 64 кишидан иборат делегация аъзолари қаторида мазкур чемпионат ўйинларига ташриф буюради. «Уммонда старт оладиган Осиё Чемпионати баҳслари ОФК учун ҳам муҳим турнир. ОФК ҳамда қатор Футбол Федерациялари раҳбарлари мазкур чемпионат ўйинларига ташриф буюриши кутилмоқда», - дейди ОФК президенти Шайх Салмон Иброҳим Ал-Ҳалифа.
Уммондаги Осиё чемпионати ўйинлари Мускатдаги «Султон Қобус», «Башир», Уммон Қироллиги Полициясига қарашли спорт мажмуаларида ва «Ватаййя» ҳамда «Сиб» спорт комплексларига қарашли стадионларда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, турнирда Шуҳрат Мақсудов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-22 терма жамоаси иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган. Мақсудов шогирдлари мусобақанинг «D» гуруҳида Хитой, Саудия Арабистони ҳамда Ироқ U-22 ёшлар терма жамоаларига қарши майдонга тушадилар. Мазкур гуруҳ ўйинлари Мускатдаги «Сиб» спорт комплексига қарашли стадионларда бўлиб ўтади.
U-22 Осиё Чемпионати. 11-26 январь. Мускат. (Уммон)
«D» гуруҳи.
1-тур. 12 январь.
Ўзбекистон - Хитой
Ироқ - Саудия Арабистони
2-тур. 14 январь
Хитой - Саудия Арабистони
Ироқ - Ўзбекистон
3-тур. 18 январь
Ироқ - Хитой
Саудия Арабистони - Ўзбекистон