2014 йилни юртимизда “Соғлом бола йили” деб номланиши барча соҳалар сингари тиббиёт ходимларига ҳам катта масъулият юклайди. Миллий футболимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда футбол шифокорларининг ўрни беқиёсдир. Бу борада юртимизда амалга оширилаётган ишларни билиш мақсадида таниқли мутахассис миллий терма жамоамиз ва “Локомотив” клубининг шифокори Аброр Пирриев билан сухбат уюштирдик
— Ҳурматли Аброр ака, сиз орқали миллий терма жамоамиз ва «Локомотив» клуби жамоасини кириб келаётган янги йил билан муборакбод этамиз.
— Раҳмат, ўз навбатида мен ҳам барча футбол ишқибозларини, мутахассисларни миллий терма жамоамиз ва «Локомотив» клуби раҳбарияти номидан қутлайман. Янги йил барчамизга янгича бахт ва омад олиб келсин. Янги йил Ўзбек футболига янгидан янги ғалабалар олиб кирсин.
— Якунланиб бораётган йил ҳаётингизда қандай воқеалар билан мухрланиб қолди?
— Бу йил шахсий ҳаётимдан кўра кўпроқ футболдаги ҳаётимда ҳаяжонли, қувончли ва ҳар гал эслаганда юракни тирнаб ўтувчи онлари билан эсда қолди. Ҳаммамизни ҳаяжонда ушлаб турган ва охирги паллада омадимиз кулмаган жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларимизнинг жаҳон чемпионатидаги иштироклари, миллий чемпионатимиздаги муросасиз баҳслар, буларнинг ҳамма-ҳаммаси тарих ва хотирамга узоқ йилларга мухрланиб қолади деб ўйлайман. Ҳамма қатори мен ҳам термамизни жаҳон чемпионатига чиқишини жуда-жуда хоҳлаган эдим. Айниқса, ўша Тошкентдаги Қатар ва Иорданияга қарши ўйинлар, пенальтилар серияси... бу дақиқаларни унитиб бўлмайди.
— Муҳтарам Юртбошимиз 2014 йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилганида кўнглингиздан нималар ўтди?
— Барчага яхши маълумки, юртимизда соғлом ва баркамол авлодни улғайтириш учун улкан ишлар амалга ошириб келинмокда, буни биргина ёшлар спортига бўлган эьтибор орқали англаб олиш қийин эмас. Юртбошимизнинг 2014 йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилишлари ушбу қилинаётган эзгу ишларнинг мантиқий давомини белгилаб берди десам муболаға бўлмаса керак. Муҳтарам Президентимизнинг сўзларини эшитар эканман, ёш авлодга берилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан тўлқинланиб кетдим. Ахир бундай эътибор ва ғамхўрлик яна қайси давлатда бор!
— 2014 йилни “Соғлом бола йили” деб номланиши барча соҳалар сингари футбол шифокорларга ҳам масъулият юкласа керак?
— Албатта, чунки бугунги кунда мамлакатимизда спортнинг қайсидир йўналиши билан шуғулланмайдиган боланинг ўзи бўлмаса керак деб ўйлайман. Спорт ушбу болакайларнинг тўғри улғайиши ва соғлиги учун асосий мезон бўлишини таьминловчи вазифа асосан спорт шифокорларининг зиммасида бўлади деб ўйлайман. Шу сабабли ушбу маьсулиятни хар он хис килиб, соғлом ва баркамол авлодни етиштириб бериш мақсадида тинмай меҳнат қилишимиз керак деб ўйлайман. Дарҳақиқат, 2014 йилни “Соғлом бола йили” деб номланиши биз футбол шифокорларига ҳам яхшигина масъулият юклайди. Бу борада янги йилда тизимли равишда иш олиб боришни режалаштириб турибмиз. Футбол тиббиётини ривожлантирмай туриб, малакали футбол шифокорлари томонидан болаларимизни соғлигини керакли назоратини қилмай туриб кўзлаган натижаларимизга эришиб бўлмайди. Хуллас, янги йилдан футбол мактабларидаги соҳа ходимларини назарий ва амалий билимларини ошириш мақсадида «Futbol Med» тиббий маркази томонидан ўқув семинарлар ташкил қилиш режалаштирилмоқда.
— Футбол шифокори сифатида Республикамиздаги футбол клубларида фаолият олиб бораётган шифокорлар билан алоқалар ўрнатганмисиз ва қандай амалий ишларни амалга оширдингиз?
— Биласиз, ҳозирда профессионал футбол клубларимиз қошида футбол Академиялари ва мактаблари мавжуд. Бугунги кунда футбол клубларимизда спорт тиббиёти йўналишидаги малакали шифокорлар ишламокда. Чунки футбол тиббиёти, футбол шифокорларинг малакасини ошириш ҳамда у ёш бўладими ёки профессионал футболчими – уларнинг ҳар бирининг соғлигини назорат қилиш бугунги кунда шахсан футбол федерацияси президенти Мираброр Зуфарович томонидан алоҳида эьтиборда бўлган йўналишдир.
Бугунги кунда футбол соҳасида ишлаётган шифокорларнинг деярли барчаси билан танишман ва алоқамиз бор. Чунки улар билан 1 йилда камида 2 марта Мелиева Муаззам Солиевна бошчилигидаги «Futbol Med» томонидан ташкиллаштириладиган ўқув малака курсларида кўришиб турамиз. Шу ўринда айтиб ўтмоқчиманки, ушбу Марказ бугунги футболимизнинг тиббиёт йўналишини ривожлантириш, футбол соҳасида фаолият юритаётган шифокорларимизнинг малакасини ошириш ҳамда футбол соҳасида ишлаётган барча инсонларни, у футболчи бўладими, мураббий бўладими ёки ҳакамми, барчасининг соғлигини назорат қилиш борасида қатьий режа ва стандартлар асосида ишни йўлга қўйганки, буни ўзбек футбол тиббиётининг ютуғи деб биламан. Яқинда ушбу Марказ томонидан ўқув услубий қўлланма ҳам ишлаб чиқилди ва яқин орада барча клубларимизга тарқатилади. Ушбу қўлланма футболга алоқадор шифокорларимиз учун кўп саволларга жавоб бера олувчи кўмакдош бўлади деган умиддаман.
Хуллас, 2014 йил “Соғлом бола йили”да соғлом ва бақувват авлодни футболимизга етказиб бериш мақсадида яна бир қатор ишларни амалга оширишни режалаштириб турибмиз.
Хайрулло ВАСИЕВ суҳбатлашди.