Кириш Регистрация
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе 2-2 Торино
29/12 19:00 Наполи 1-0 Венеция
29/12 19:30 Лестер 0-2 Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм 2-2 Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас 2-1 Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон 0-2 Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм 2-2 Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче
31/12 00:45 Болонья - Верона
31/12 00:45 Ипсвич - Челси
31/12 00:45 Астон Вилла - Брайтон
31/12 01:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл

Равшан Эрматов: «Якуний рўйхатга тушган бўлсак-да, хотиржам бўлишга ҳаққимиз йўқ»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматовнинг навбатдаги Жаҳон чемпионатида иштирок этиши ҳақидаги хабар ўзбекистонлик футбол ишқибозларини хурсанд қилди. Ҳар ҳолда Бразилиядаги нуфузли мусобақада Ўзбекистон вакили иштирок этади. Бу эса ҳакамимиз учун ўзига яраша бахт бўлса, иккинчи томондан унга катта масъулият юклайди. Буни Эрматовнинг ўзига ҳам биз билан суҳбатда таъкидлаб ўтди.

— Равшан ака, гарчи иккинчи маротаба Жаҳон чемпионатида иштирок этишингиз маълум бўлган бўлса-да, бу хабарни ҳаяжонсиз қарши олмаган бўлсангиз керак?
— Албатта, расмий хабар эълон қилингунга қадар кучли ҳаяжон бор эди. Ҳар ҳолда олдиндан ҳеч нарса деб бўлмасди. 14 январь куни ФИФА Ҳакамлар қўмитасининг шу масала юзасидан йиғилиши бўлишини билардим. Ўша куни кечасигача якуний хабарни кутдим, аммо интернет орқали бу ҳақида маълумот тарқатилмади. Кеча, 15 январь куни эрталаб ҳам бу борада "жим-житлик" эди. Электрон почтамни текширдиму, кейин машғулотни ўтказиш учун чиқиб кетдим. Машғулотдан сўнг Абдуҳамидулло Расулов қўнғироқ қилиб қолди ва хушхабарни менга етказди. Хурсанд бўлдим. Мундиал ҳозирги кунда ҳар қандай спорт мусобақаларидан юқори даражага кўтарилган. ЖЧда иштирок этиш ҳар бир футболчи, мураббий ва ҳакамнинг орзуси ҳисобланади. Барча ҳам бу орзуга ета олмайди. Бу нарса жуда кўпчиликка армон бўлиб қолади. Мен эса яна бир марта ЖЧ қатнашиш бахтига муяссар бўляпман. Бу хурсандчиликни бир оғиз сўз билан ифодалаб беришим қийин. Бразилияда Ўзбекистон вакили сифатида номидан иштирок этаётганимиздан хурсандмиз. Биз туфайли юртимиз номи энг йирик мусобақада янграшидан фахрланамиз.

— Ҳакамлик нуқтаи назаридан ЖАР-2010 ва Бразилия-2014 мусобақалари ўртасида қандай фарқ бўлади деб ўйлайсиз?
— Катта фарқ бўлади, деб ўйламайман. ФИФА ҳар бир мусобақани юқори савияда ташкил этади. Боз устига, Бразилия улкан футбол мамлакати ҳисобланади. Футбол Англияда яратилган бўлса, унинг иккинчи ватани айнан Бразилия. У ерда барча кеча-кундуз футбол ўйнайди, футбол билан яшайди. Шунинг учун футбол муҳити борасида Бразилиядаги ЖЧ янада жозибалироқ бўлса керак.

— ЖЧда ишлаган ҳакам ўзида қандай ўзгаришларни ҳис қилади?
— Аввало, ЖЧ — жуда катта тажриба. Бир ой давомида ўша муҳитда яшаш, ишлаш, фаолият олиб бориш, у ерда ташкилий ишларни ўз кўзи билан кўриш — буларнинг ҳаммаси бебаҳо тажриба. ЖЧда энг яхши жамоалар, энг яхши футболчилар иштирок этади. Бундай жамоалар, юлдуз футболчиларнинг ўйинларини бошқариш, улар билан ёнма-ён равишда ўйин иштирокчисига айланиш ҳар доим ҳам насиб қилавермайди.

— Демак, Жаҳон чемпионати шундай бир ёқимли нарсаки, унда бир марта иштирок этган инсон, яна унга талпинаверади?!..
— Энди буниси инсоннинг ўзига ва мақсадига боғлиқ. Агар хоҳ у футболчи ёки ҳакам бўладими, профессионалликни йўқотмаса, ўзига бўлган талабчанликни бўшаштирмасдан ўз устида ишлашда давом этаверса, унда яна ЖЧга чиқиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, омадга ҳам кўп нарса боғлиқ. Футбол барибир тасодифларга бой ўйин. Ҳакам қайсидир вазиятга улгурмасдан қўпол хатога йўл қўйса, бу ҳолат ҳам унинг имкониятларини пасайтириши мумкин.

Ҳа, ЖЧда иштирок этиш ёқимли, юқорида айтганимдек, бу барчанинг орзуси. Аммо бу орзуни амалга ошириш учун тинимсиз меҳнат қилиш лозим. ЖЧда иштирок этадиган ҳакамларга қўйиладиган талаб ФИФАнинг бошқа ҳакамларига қўйиладиган талабдан икки-уч баравар ортиқ ва бу талаблар йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Шундай экан, ФИФАнинг якуний рўйхатига тушган бўлсак-да, энди хотиржам бўлишга ҳаққимиз йўқ. Тайёргарликка катта эътибор қаратамиз. ФИФА февраль ва март ойларида бўладиган семинарлар муддатини эълон қилди. 9-15 февраль кунлари Канар оролларида, 23-29 март кунлари эса Швейцарияда ЖЧда иштирок этадиган ҳакамлар учун семинар ташкил этилади. Унда яна бир марта турли синовлардан ва имтихондан ўтамиз. Бунга эса кўп вақт қолмади. Барча эътибор тайёргарликка қаратилган. Насиб қилса, Бразилияга яхши тайёргарлик билан бориб, самарали меҳнат қилиш ниятимиз бор.

Фурсатдан фойдаланиб, бизга бўлган ишончини йўқотмаган мухлисларга ва бизни доимий равишда қўллаб-қувватлаб турган барча-барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман. Жаҳон чемпионатида юртдошларимизнинг ишончини оқлашга ва уларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

Олимхўжа Бўронов суҳбатлашди.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 09:42, 16.01.2014.
Ўқилди: 6662 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.