Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Дилшод Раҳматуллаев энди Туркия Суперлигасига чиқиш учун тўп суради

Баҳо:
+ | -

Сўнги икки мавсумни Тошкентнинг “Локомотив” жамоасида ўтказган 25 ёшли марказий ярим ҳимоячи Дилшод Раҳматуллаев 16 январь куни Туркиянинг Суперлигадан кейинги дивизиони (1.Lig деб номланади) клуби – “Шонлиюрфаспор” билан шартнома имзолади. Битим 5 ойга мўлжалланган.

— Музокаралар анча қийин кечди, — дейди футболчининг агенти Санъат Шарипов. – Юртимиздан Европага футболчи олиб чиқиш жуда оғир кечяпти. Хабарингиз бор, бунгача Туркия клубларида Александр Клецков ва Бобурбек Йўлдошев ушланиб қололмадилар. Ҳайриятки, бу гал ишимиз муваффақият билан интиҳо топди ва бу ерда тўп суриши учун Дилшоднинг барча ҳужжатларини расмийлаштириб бўлдик. Турклар учун ўзбек футболчиси – бу янгилик. Ишонаманки, Раҳматуллаев чиройли ўйинлар кўрсатиб, яқин беш ой ичида туркларда ўзбек футболи ва ўзбек ўйинчилари савияси ҳақида яхшигина тасаввур уйғота олади, — деган умидда Шарипов.

“Шонлиюрфаспор” мамлакат 1-дивизионида 19 иштирокчи орасида ҳозирча 8-ўринда бормоқда. Мавсум якунларига кўра, 1-дивизионнинг энг кучли икки клуби Суперлигага тўғридан-тўғри йўлланма олишади. 3-дан 6-гача бўлган ўринларни эгаллаган клублар эса ўзаро плей-офф беллашувларида учинчи омадли қатнашчини аниқлашади.

Маҳаллий мутахассис Реха Капсал бош мураббийлик қилаётган “Шонлиюрфаспор” айни паллада шу юқори ўринлар учун қаттиқ кураш олиб боряпти.

Таркибдаги бошқа легионерларга келадиган бўлсак, 2013/14 йиллар биринчилигида жамоа ярим ҳимоячилар Сезер Бадур (Германия), Георгиос Фотакис (Греция), Альфред Санкох (Сьерра-Леоне), ҳужумчи Эммануэль Банахене (Гана) каби ўйинчилар хизматларидан фойдаланяпти. Яқинда эса клубга швециялик яна икки футболчи қўшилган: ярим ҳимоячи Нахир Оял ҳамда ҳужумчи Маттиас Мете.

— Бу беш ой вақт мен учун ҳақиқий имтиҳон бўлади, — дейди Раҳматуллаевнинг ўзи. — Мен бунгача Туркия футболини фақат ташқаридан билардим. Энди эса уни ичкаридан баҳолаш имконига эгаман. Европа футболи ҳавосидан баҳра олиш йўлида агентларим кўп меҳнат қилишди. “Локомотив”да ўтган йил кам ўйнадим. Чемпионатдаги 11та учрашувимдан фақат тўрттасида илк дақиқалардан тўп сурдим. Бу ҳол октябрь ойига келибгина юз берди. Яъни бунгача бўлган катта даврда мен таркибдан четда қолаётгандим. Шунинг учун мен Санъат Шариповдан миннатдорман ва мазкур ҳаракатларга мен ўзимнинг ишончли ҳамда ранг-баранг ўйинларим билан муносиб жавоб қайтараман. Фаолиятимни кейинчалик ҳам Туркияда давом эттиришим шу ярим мавсумдаги иштирокимга боғлиқ эканлиги шубҳасиз.

Дилшод бугуноқ, 18 январь куни, янги жамоасида расмий дебютини нишонлаши мумкин. 1.Ligнинг 20-турида “Шонлиюрфаспор” ўз майдонида “Манисаспор”ни қабул қилади.

***

Дилшод Раҳматуллаев 1989 йил 17 февраль куни Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида таваллуд топган. Навоий футболи тарбияланувчиси. Аввалига Навоийдаги футбол лицей-интернатида (2001-2007), кейин пойтахтимиздаги Республика олимпия захиралари коллежида (2008-2009) таҳсил олган.
Ўйнаган жамоалари: “Сўғдиёна” Жиззах (2008), “Насаф-2” Қарши (2009), “Локомотив” Тошкент (2010, 2012-2013), “Олмалиқ” (2011).
Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида 5та ўйин ўтказган.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 08:16, 18.01.2014.
Ўқилди: 5414 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.