Футболда мураббийларга осон тутиб бўлмайди. Салгина омадсизлик уларнинг фаолиятларини кескин ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас. Мана, мамлакатимизда ҳам бир қатор тажрибали мутахассислар айрим сабабларга кўра, ишсиз юришибди.
Биз ушбу мақоламизда шундай мураббийлардан айримларининг фаолиятларига тўхталиб ўтмоқчимиз.
Вадим Абрамов
Вадим Абрамов мустақил мураббийлик фаолиятини ўртамиёна «Трактор»да бошлаб, жамоани ўз тарихидаги энг юқори кўрсаткич, яъни 4-ўринга олиб чиқди (2005 йили). Шунингдек, «тракторсозлар» Вадим Карленович бошқарувида 2004 йили Ўзбекистон кубоги финалига чиқиб, ҳал қилувчи баҳсда таркиб бўйича анча кучли бўлган «Пахтакор»га 2:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. «Трактор» йўқлик қаърига синггач, у фаолиятини «Локомотив»да давом эттирди. «Темир-йўлчилар» сафига Россиянинг машҳур дарвозабонларидан бири Александр Филимонов қўшилиб, унинг юртимизда деярли 2 йил фаолият юритиши ҳам Абрамов билан боғлиқ.
Вадим Абрамов 2010 йили миллий жамоамизга бош мураббий этиб та-йинланди. Шу билан бирга Ўзбекистон олимпия термасини ҳам бошқарди. Биласиз, унинг бошқарувида бош жамоамиз 2011 йили Қатарда бўлиб ўтган Осиё кубогида ўз тарихида илк бор 4-ўринни қўлга киритди, шунингдек, Япония термаси устидан биринчи марта, бунинг устига, сафарда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди - 1:0. Олимпиячиларимиз эса Лондон-2012 турнирига биргина ўйиндаги омадсизлик сабаб бора олишмади. Ҳамюртларимиз Тошкентда БАА термаси билан баҳсда 2та тўп фарқи билан ғалаба қозона туриб, якунда аламли тарзда мағлубиятга учрашди - 2:3.
Вадим Абрамовнинг миллий жамоамиздаги меҳнатлари журналистлар томонидан муносиб баҳоланиб, у 2011 йили Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи сифатида тан олинди.
2012 йили миллий жамоамиз ЖЧ-2014 4-саралаш баҳслари доирасида ўз майдонида эронликлардан мағлубиятга учрагач, Абрамов истеъфога чиқарилди. Ўтган йилнинг охирида Вадим Карленович Қозоғистоннинг «Астана» клубида иш бошлашга яқин турганди. Аммо айрим сабабларга кўра, бу амалга ошмай қолди.
Тачмурод Агамуродов
Туркманистонлик мутахассис ўзбек футболига бир чизиқли ҳимоя услубини олиб кирди. 2002 йили янгиланган «Пахтакор»да маслаҳатчи - мураббий сифатида иш бошлаган Тачмурод Шамакович кейинги мавсумда жамоа бошқарувини расман ўз қўлига олди ва 2005 йилнинг ярмигача пойтахт клубига устозлик қилди. Унинг қўл остида «шерлар» кетма-кет Ўзбекистон чемпионлиги ҳамда кубогига сазовор бўлиш билан бирга Осиё Чемпионлар Лигаси ярим финалига қадар етиб боришди.
Туркманистон мутахассис «Пахта-кор»дан сўнг 2007 йили «Динамо»да иш бошлади ва ўша мавсум самарқандликлар 5-ўринни банд этишди. 2008 йили эса, у истеъфога чиқиб, ўша мавсум «Шўртан»ни қабул қилиб олди. Ғузорликлар якунда 10-поғонадан жой олишди.
2012 йилги мавсумга келиб, Агамуродов «Бухоро»ни Жамшид Саидовдан қабул қилди ва бухороликлар 7-ўринни эгаллашди. 2013 йили эса жамоа 6-поғонани банд этди. Аммо негадир клуб раҳбарлари мавсум якунланганидан ке-йин туркманистонлик мутахассиснинг хизматидан воз кечишни маъқул кўришди.
Ҳа, айтганча, Тачмурод Шамакович вақтида миллий терма жамоамизда маслаҳатчи-мураббий сифатида ҳам фаолият юритганди.
Баҳром Ҳакимов
Мураббийлик фаолиятини ўзи туғилиб-ўсган Қўқоннинг «Қўқон-1912» («Темирйўлчи») клубида бошлаган Баҳром Ҳакимов 1992 йили шогирдларини Ўзбекистон кубоги финалига олиб чиқди. Жамоа ҳал қилувчи баҳсда ўша пайтдаги кучли клублардан бири - «Навбаҳор»га имкониятни бой берди. Умуман олганда, Ҳакимов «Қўқон-1912»да анча самарали меҳнат қилди. Жумладан, 1994 йили клуб 5-ўринни эгаллаб, ўз майдонидаги учрашувларни мағлубиятсиз якунлаганди.
Ҳакимов кейинчалик, 1995 йили МҲСКда бир муддат фаолият олиб борди. 1996 йили эса «Андижон» («Наврўз»)ни бошқарган қўқонлик мутахассис «Нефтчи»нинг 43 ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясига чек қўйишга муваффақ бўлди. Бошқача айтганда, жамоаси билан фарғоналикларни Андижонда 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ўша мавсум жамоа 8-поғонадан жой олди.
Ҳакимов фаолиятининг ёрқин дамлари Қаршининг «Насаф» клуби билан боғлиқ. Қарши жамоасида 2000-2004, 2006-2007 йиллари иш юритган тажрибали мутахассис шогирдлари билан 3 марта бронза медалини қўлга киритиб, 2003 йили Ўзбекистон кубоги финалига йўл олди, аммо «Пахтакор»га имкониятни бой берди. 2005 йили эса «Динамо» (Самарқанд)ни бошқариб, клуб билан 8-ўринни эгаллади.
2007 йили «Тўпаланг», бир йилдан кейин «Шўртан»да ишлаган қўқонлик мураббий бир муддат 1-лига иштирокчиси - «Ёшлик» (Косон) жамоасида ҳам фаолият олиб борди. У 2000 йили Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи мақомини қўлга киритган. Қўқонлик кўплаб машҳур футболчилар айнан Баҳром Ҳакимов шогирди ҳисобланишади.
Рауф Инилеев
Ўзбекистоннинг барча ёш тоифасидаги терма жамоаларини бошқарган ушбу мутахассиснинг клублардаги фаолияти унчалик ёрқин чиқмаган, яъни у бошқарган жамоалар совринли ўринларни эгаллай олишмаган. Бунга эса ўзининг эътироф этишича, аксар ҳолларда «қутқарувчи» ролини бажарганлиги сабаб бўлган. Лекин унинг 2та жамоа - «Чилонзор» ва «Сўғдиёна»ни 1-лигадан элитага олиб чиққанлигини таъкидлаш жоиз.
Рауф Талгатович бош жамоамизда самарали фаолият олиб бориб, 2007 йилги Осиё кубогида термамиз билан чорак финалга қадар етиб борган ва фақат ҳакамнинг қўпол хатоси туфайли ҳамюртларимиз саудияликлардан мағлубиятга учрашганди. Шундай бўлса-да, меҳнатлари қадрланиб, ўша йили тажрибали мутахассис Ўзбекистон ва Осиёнинг энг яхши мураббийи, деб топилди.
Афсуски, ЖЧ-2010 саралаш баҳслари доирасидаги баҳсда бош жамоамиз сафарда қатарликларга йирик - 0:3 ҳисобида ютқазганидан кейин Инилеев истеъфога чиқарилди. Шундан сўнг Рауф Талгатович «Бухоро» ва «Сўғдиёна» клубларида фаолият олиб борди. Бухородаги иши омадсиз чиқиб, клуб ўша йили айрим муаммолар сабабли олий лигани тарк этди. Жиззах жамоаси эса Инилеев бошқарувида элитага чиқди, аммо мураббий ке-йинги мавсум истеъфога чиқди.
Усмон Асқаралиев
Мураббийлик фаолиятини 1993 йили бошлаган Усмон Асқаралиев қадрдон клуби - «Навбаҳор»ни 2-даврада Бахтиёр Бобоевдан қабул қилиб олди. Ўша йили наманганликлар Ўзбекистон чемпионатидаги дастлабки бронза медалини қўлга киритишди. Бундан ташқари, кубок баҳслари финалига етиб бориб, ҳал қилувчи баҳсда «Пахтакор»га имкониятни бой беришди.
1995 йили Асқаралиев бир муддат «Андижон» («Наврўз»)да ишлади. 1996 йили эса 1-лига вакили - Навоийнинг «Зарафшон» клубига устунлик қилиб, уни Олий лигага олиб чиқди.
Кейинги йили бир муддат «Атласчи» (Марғилон)да ишлагач, «Косонсой», «Металлург» (Бекобод), «Дўстлик» (Тошкент вилояти) жамоаларида фаолият олиб борди. Усмон Аҳмедович 2011 йили яна «Навбаҳор»га қайтди. Сўнгги мавсумларда олий лигада «жон» сақлаб қолиш учун курашаётган жамоа ХХ миллий чемпионатимизда 6-ўринни эгаллади. Лекин кейинги йили мураббий истеъфога чиқарилди. XXII миллий чемпионатни ҳам «Навбаҳор»да бошлаган Усмон Асқаралиев дастлабки 4-5 турдан кейин жамоа билан хайрлашиб, фаолиятини 1-лигадаги «Хотира-79» (Уйчи) клубида давом эттирди.
Аҳмаджон Убайдуллаев
Фаолияти давомида «Динамо» (Самарқанд), «Пахтакор» (Тошкент) клублари ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси(U-19)ни бошқарди. Клубларда айтарли ютуқларга эришмаган бўлса-да, ёшлар термамиз билан муваффақиятга эришиб, 2008 йили Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида вице-чемпионликни нишонлади ва кейинги йили Миср-2009 мундиалида ҳам чакки таассурот қолдирмади. Фақат термамиз Африка қитъасидаги мундиалда кучли гуруҳдан жой олгани учун кейинги босқичига чиқолмади. Лекин вакилларимиз инглизлар билан дурангга имзо чекиб, ЖЧлардаги дастлабки очкони қўлга киритишди. Умуман, Аҳмад Убайдуллаев ёшлар терма жамоамизда бир қатор футболчиларни кашф этди. Иван Нагаев, Суннат Мамадалиев шулар жумласидан.
Рустам Забиров
Таниқли ҳужумчи мураббийлик фаолияти давомида «Навбаҳор» (Наманган) ва «Қизилқум» (Зарафшон) клубларида ишлади. Айниқса, Наманган жамоасини 2007 йили Элдор Сакаев билан тандем ҳосил қилган ҳолда бошқаргани ўзига хос янгилик бўлганди.
Забировнинг Зарафшондаги фаолияти анча самарали кечди. 2008-2010 йиллар мавсумида «Қизилқум»ни бошқарган Рустам Зоирович жамоани 13-ўриндан 8-поғонага олиб чиқди. Айтайлик, XIX миллий чемпионатимизда «олтин изловчилар» ўша мавсум чемпиони «Бунёдкор»дан 4 очко олишганди. Яъни Зарафшонда «қалдирғочлар»ни мағлубиятга учратиб (1:0), сафарда дуранг (1:1) қайд этишганди. Забиров 2013 йили ҳам бир муддат «Қизилқум»да фаолият олиб бориб, кейинчалик ўрнини Юрий Лукинга бўшатиб берди.
Фурқат Эсонбоев
Яқин ўтмишнинг моҳир тўпурарларидан бири 1-лигада «/аллакор» (/алла-орол) ва «Сўғдиёна» (Жиззах) клубларини бошқарди. Унинг қўл остида жиззахликлар 2007 йили қуйи лигада муваффақиятли иштирок этиб, элита йўлланмасини қўлга киритишди. Лекин кейинги йили иқтисодий муаммолар сабаб Эсонбоев истеъфога чиқишга мажбур бўлди.
Рустам Абдуллаев
Мураббийлик фаолияти давомида «Қўқон - 1912», «Динамо» (Самарқанд), «Трактор» (Тошкент), «Навбаҳор» (Наманган) ва «Локомотив» (Тошкент) клублари, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-19)да фаолият олиб борди. Сўнгги марта 2012 йили «Локомотив»да бош директор лавозимида ишлади.
Амет Мемет
Авваллари таниқли мутахассислардан бири Виктор Жалиловга ёрдамчилик қилиб юрган мутахассис кейинчалик «Бунёдкор» клуби ва миллий терма жамоамизда Миржалол Қосимовга маслаҳатчи сифатида ишлади. 2009 йили эса «Андижон» бошқарувини қўлга олиб, жамоада 1,5 йил фаолият олиб борди. Унинг қўл остида андижонликлар қаторасига 2 марта 7-ўринни банд этишди. 2013 йили Юрий Саркисян истеъфосидан кейин «Нефтчи»да иш бошлаган Амет Абдуллаевич жамоада сезиларли ўзгаришлар қилди. Айтайлик, «Нефтчи» нисбатан яхшироқ ўйнаб, 9-поғонага кўтарилди. Аммо якунда раҳбарият Мемет билан ҳамкорликдан воз кечди.
Сергей Арслонов
Ушбу мутахассис «Қизилқум» ҳамда «Динамо» клублари, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида Рустам Забиров ва Аҳмад Убайдуллаевга ёрдамчилик қилди. 2011 йили эса «Қизил-қум»га бош мураббий этиб тайинланди. Лекин ХХ миллий чемпионатимиз зарафшонликлар учун омадсиз кечиб, жамоа 13-ўринни банд этди. Ке-йинги йили олий лига йўлланмасини қўлга киритган «Гулистон» молиявий муаммолар сабабли элитада иштирок этолмаслигини билдиргачгина «Қизилқум» қуйига «шўнғиш»дан сақланиб қолди.