Жанубий Кореянинг «MK Sports» нашри 7 февраль куни чоп этган мақола шундай бошланади: «Ҳозир «Сеул» ва «Сеонгнам»нинг дарди бир: «чап оёқ мутахассислари» дея таърифланадиган Молина («Сеул») ва Сервер Жепаров («Сеонгнам»)ларга харидор чиқмаяпти. Даражалари бир хил бўлган бу икки футболчи эндиликда ёшлари ҳам ўта бошлаганлиги ва нархлари ҳам деярли бир хил бўлганлиги эътиборга олиниб, «сотилади» деган эълон трансфер бозорига илиб қўйилди. «Сеул» ва «Сеонгнам» сотилишини маълум қилган иккала футболчига ҳозирча Кей-лига ёки хориж клубларидан таклифлар тушганича йўқ».
Мақолада келтирилишича, колумбиялик Молина «Сеул»га 2011 йилга келган ва черногориялик Деян Дамянович ҳамда бразилиялик Адилсон билан «Сеул»нинг ғалабаларига катта ҳисса қўшди. Ўтган мавсум тугаши биланоқ Дамянович Хитойнинг «Жиангсу» клубига кўчиб ўтган бўлса, Адилсон бутсасини михга илди. 33 ёшли Молина масаласи эса «Сеул»нинг бош оғриғи бўлиб турибди. Қишда жуда катта ўзгаришларга юз тутган «Сеонгнам» ва Сервер Жепаровнинг ҳолати ҳам Молина ва «Сеул»нинг ҳолатидан унчалик фарқ қилмайди. Клуб президенти Шин Мун Сон «футболчилар сонини камайтириш сиёсати» ҳақида гапириб ўтган ва энг аввало юқори маош олаётган футболчилар билан хайрлашиш режасини айтган эди. Нашр ёзишича, «Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси бўлган Сервер Жепаров 2010 ва 2011 йиллари Сеулда тўп сурди. 2012 йили Кей-лигани бир муддатга тарк этдию, 2013 йилги мавсумда янги тайинланган бош мураббий Ан Ик Сунинг таклифига кўра «Сеонгнам» либосини кийди. Ўтган мавсумда Жепаров 31 ўйинда майдонга тушиб, 6та гол ва 2та голли узатмани амалга оширди. Молина ҳам, Жепаров ҳам клублари билан шартномалари мавжуд ва агар сотиб оладиган жамоалар чиқмаса, ўз клубларида қолишлари тайин. Янги мавсум бошланишига бир ойга яқин вақт қолаётган бир вақтда иккала клуб ҳам ўхшаш ҳолатдан бирдек хуноб бўлмоқда».
Отабeк Йўлдошeв, Жанубий Корeя, Сeул