Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Республика стол тенниси федерациясининг навбатдан ташқари Конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда сўзга чиққанлар мамлакатимизда Давлатимиз раҳбарияти томонидан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ва яратилаётган шароитлар натижасида спортга ошно тутинган юртдошларимиз сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётганлигини, эътиборлиси улар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этаётганлигини мамнуният билан таъкидлаб, оммавийлик даражасининг ўсиши стол теннисида ҳам кузатилаётганлигини аниқ рақамлар мисолида кўрсатиб ўтдилар.
Хусусан, 2012 йилда стол тенниси бўйича 10796 та секция фаолият кўрсатиб уларда 206.302 нафар (шундан 103.894 нафари хотин-қизлар) юртдошларимиз шуғулланишган бўлса, 2013 йилда стол тенниси бўйича секциялар 10927 тани (131 тага кўпайган) ташкил этиб, шуғулланувчилар сони 217.273 нафарга (10.971 нафарга кўпайган) етган.
Албатта, оммавийлик даражасини юксалиб бориши, рақобат муҳитини ўсишига хизмат қилади. Бу эса ҳар йили янгидан-янги номларни кашф этилишига замин яратмоқда. Конференцияда сўзга чиққанлар келгусида ҳам жойлардан иқтидорли ёшларни кашф этиш ва терма жамоамизга Севара Қодирова, Манзура Иноятова, Саида Маҳмудова каби машхур спортчиларимизнинг муносиб издошларини тайёрлашга эътибор қаратиш лозимлигини, бунда эса бугунги кунда мамлакатимизда штат асосида фаолият кўрсатаётган 727 нафар (шундан 327 нафари аёллар) стол тенниси бўйича мураббийлардан катта билим ва маҳорат талаб этишини таъкидлашди.
Конференцияда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекомуникация технологиялари Давлат қўмитаси раиси Хуршид Мирзоҳидов бир овоздан Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси этиб сайланди. Ўзбекистон соғлом авлод жамғармаси раиси Светлана Инамова ҳамда Григорий Хван, Фахриддин Турсунов ва Виталий Мустафин раис ўринбосарлари, Қосим Абдукаримов эса федерация Бош котиби этиб сайланди.