Биатлон бўйича аёллар ўртасида спринт (7,5 км) масофага баҳслар бўлиб ўтди. Мусобақа ўта қизиқарли кечди. Рақобат шунчали кучли бўлдики, ғолибликка асосий даъвогар ҳисобланган атлетларнинг кучли ўнликка кириши ҳам қийин бўлди. Ўқ отиш майдонидаги битта хатонинг қадр-қиммати ўта юқори бўлди.
Словакиялик 29 ёшли биатлончи Анастасия Кузьмина идеал даражада ҳаракат қилди. У 10та нишоннинг барчасини ёпишга муваффқ бўлди ва тезлик борасида ҳам барчадан илдамроқ ҳаракат қилди. Натижада Кузьмина энг яқин таъқибчисини 19 сонияга ортда қолдирди. Ванкувер олимпиадасида ҳам айнан спринтда Анастасия чемпионликни қўлга киритганди.
Россиялик Ольга Вилухинанинг кумуш медални қўлга киритишида маҳаллий мухлисларнинг ўрни катта бўлди. У барча нишонга тўғри мўлжалга олганидан кейин мухлислар ва мураббийлар уни финиш томон тўғри маънода ҳайдашди. Ольга бор кучини ишга солди ва маррага иккинчи бўлиб етиб келди. Етиб келдию, йиқилди.
Учинчи ўрин эса украиналик Вита Семеренкога насиб этди. У Вилухинадан 1,8 сонияга ортда қолди, холос.
Дарья Домрачева ва Тура Бергер мос равишда 9 ва 10-ўринларни банд этишди.
Биатлон, аёллар, спринт, 7,5 км.
1. Анастасия Кузьмина (Словакия) — 21:06:8
2. Ольга Вилухина (Россия) — +19,9
3. Вита Семеренко (Украина) — 21,7