Кириш Регистрация
28/03 19:00 Динамо - Металлург
29/03 19:00 ОКМК - Бунёдкор
29/03 19:15 Қизилқум - Локомотив

Хавьер Занетти: "Аввало ўзимни яхши кўраман"

Баҳо:
+ | -

«Интер»нинг фахрий футболчиси ва тирик афсонаси Хавьер Занетти ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида Миланга қандай келиб қолгани, Италияда топган дўстлари ва бошқа нарсалар ҳақида гапириб берди.

Айтиш жоиз, аргентиналик 40 ёшли футболчи 1995 йилдан буён Милан клуби шарафини ҳимоя қилмоқда ва «нерадзурралар» сафида 846та учрашувда майдонга тушиб, 21та гол урган.

- «Интер» сафига қўшилганингизга 19 йил бўлибди. Қисман италияликка айландингизми...?
- Ҳа. Шундай дейиш мумкин. Агар бирор шаҳарда узоқ вақт яшаб, 1та  жамоада кўп йиллар ўйнасангиз, албатта, атрофдагиларга ўхшаб кетасиз. Клуб бошиданоқ менга яхши муносабатда бўлди ва ўзимни уйимдагидек ҳис қилишим учун замин яратиб берди. Албатта, ватанимни унутмайман. Лекин бир қисмим италияликка айланиб улгурганини тан оламан.

- Буэнос-Айресга тез-тез бориб турасизми?
- Ҳамиша таътилнинг бир қисмини ўша ерда ўтказаман. Шунингдек, дўст­ларим, оила аъзоларим билан учрашиш учун байрамларда ҳам бориб тураман. Бундан ташқари, ўзим ташкил этган «Пупи» жамғармасида ишлайман. Жамғармамиз Буэнос-Айреснинг қашшоқ кварталларида яшайдиган болаларга ёрдам беради. Умуман, ҳамиша уйни қўмсайман.

- Дўстларингиз ёки оилангиз  аъзолари Буэнос-Айресга бутунлай қайтишингизни талаб қилишмаяптими?
- Йўқ. Улар ўзимни Миланда яхши ҳис қилишимни билишади. Шунингдек, бу шаҳар ва «Интер»нинг мен учун қанчалик аҳамият касб этишидан хабардорлар. Шу билан бирга мен учун хурсандлар.

- 19 йил давомида табиийки, кўплаб дўстлар орттирдингиз, жаҳоннинг турли минтақаларидан келган футболчилар билан ўйнадингиз. «Интер»даги юртдошларингиздан кимдир яқин дўстингиз бўлиб қолдими?
- Ҳа. Лекин фақат ватандошларим эмас. Масалан, чилилик Иван Саморано. У қизимнинг чўқинтирган отаси. Иван Рамиро Кордоба эса колумбиялик. У кичик ўғлимнинг чўқинтирган отаси ҳисобланади. Тўнғич ўғлимга италиялик яхши дўстим чўқинтирган ота бўлган...

- Италияликлар ва аргентиналикларнинг ўхшаш томонлари нимада?
- Шубҳасиз, биз жуда ўхшашмиз. Бир пайтлари кўплаб италияликлар Аргентинага кўчиб боришган. Энди эса Италияга қайтяптилар, худди мен каби.

- Орқага қайтсак: 1995 йили «Банфилд»дан «Интер»га ўтиш жараёнини эслай оласизми?
- Бу мен учун жиддий чақирув эди. Эндигина 21 ёшда тўлгандим ва ҳали кўп нарса ўрганишим лозимлигини яхши тушунардим. Ёш йигитнинг Миландек катта шаҳарга ёлғиз келиши бир синовдек гап. Турли воқеалар ва тажрибам улғайишимда ёрдам берди. Клуб ҳамиша ёнимни олган ва кўп жиҳатларда ёрдам берган. Ўша даврни эсласам, «Интер» таклифини қабул қилиб, жуда тўғри йўл тутганимни англайман. Бу фантастик клубнинг бир бўлаги эканлигимдан фахрланаман. «Интер» менга ҳамма нарсани берди.

- Бу худди муҳаббат изҳор қилгандек. «Интер»га муносабатингизни севгининг бир турига қиёслаш мумкинми?
- Шубҳасиз. Бу клуб, Мораттилар оиласи ва мухлисларга муҳаббатимдир. Гўёки, бир кўришда севиб қолишга ўхшайди. Шу севги соат, кун, ҳафта, ой ва йиллар ўтгани сари мустаҳкамлашиб бораверди. Менга нисбатан ҳурматнинг чегараси йўқ. Бу жиҳат катта аҳамият касб этади.

- Интизомли ўйинчи эканингиз ҳақида кўп гапиришади. Паула билан тўйларингдан бир неча соат ўтгач, машғулотларга келганингиз ҳақиқатми?
- Айнан шундай. Биз 1999 йилнинг 23 декабрь куни турмуш қурганмиз. Янги йил арафасида жамоанинг махсус дастури бўларди. Яъни формани ушлаб туриш учун машғулот ўтказардик. Шу боис тўйдан кейиноқ базага келганман.

- Айнан шу жиҳатлар сизни тирик афсонага айлантирдими?
- Мен учун бу одатий ҳол. Чунки ўз ишимни бажаряпман. Футболчи бўлишга қарор қилганимдан буён шу ақида асосида яшайман.

- 2013 йилнинг 9 ноябрь куни «Ливорно»га қарши учрашувнинг 82-дақиқасида майдонга тушдингиз. Ўшанда 6 ойлик танаффусдан сўнг сафга қайтгандингиз. «Сан-Сиро»да мухлислар сизни давомли олқишлашди...
- Бу ажойиб дамлар. Олқишлардан сўнг юрагим кучлироқ ура бошлади ва баданим жимирлаб кетди. Фанатларимиз менга ажойиб совға тайёрлашган экан. Буни ҳеч қачон унутмайман. Жароҳатланганимдан кейин ўз олдимга 1та мақсад қўйгандим. Яъни мухлислар олдида ҳеч бўлмаса бир марта ўйнашни. Хайриятки, тинимсиз меҳнат ва атрофдагиларнинг қўллаб-қувватлашлари туфайли бу иш амалга ошди.

- Шунингдек, Италиянинг бошқа стадионларида ҳам майдонни тарк этаётганингизда, сизни олқишлашади...
- Бу фахрланишим учун асосдир. Футбол - фантастик спорт тури. У инсонларни рақиб бўлишларига қарамай, бирлаштиради. Футболчи учун совринлардан ҳам мухлисларнинг муҳаббати муҳимдир.

- «Интер» билан муҳаббатингиз давом этишига ишонасизми?
- Фаолиятимни якунлаганимдан кейин ҳам бу оилада қолмоқчиман.

- Сиз қариликни тан олмайсиз. Ўйинингизни кўрган инсон яқинда 41 ёшни қаршилашингизга ишонмайди...
- Ўзимни ҳали ёш ҳис қиляпман. Буни ҳар ким ўз қалбидан ўтказиши керак. Мен аввало, ўзимни яхши кўраман.

- Бир пайтлари «Реал»га ўтишингиз ҳақида гап-сўзлар тарқалганди...
- Дарҳақиқат, мадридликлардан таклиф олганман. Лекин ўшанда «Интер» сардори боғичини беришганди. Шу боис ҳам кетмасдан, клуб тарихида из қолдиришни маъқул кўргандим.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 09:49, 12.02.2014.
Ўқилди: 2771 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.