Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Александр Хомяков: "Футбол натижадан иборат"

Баҳо:
+ | -

«Машъал» бир йиллик танаффусдан сўнг яна олий лигага қайтди. Айни вақт жамоа янги мавсумда имкон қадар муваффақиятли иштирок этиш учун астойдил тайёргарлик кўрмоқда. Табиийки, Муборак клубининг муваффақияти сири мухлисларни ҳам қизиқтириши турган гап.

Мана, «Машъал» футбол академияси бир қатор иқтидорларни тарбиялаб бермоқда ва уларнинг келгуси фаолиятларида клуб катта аҳамият касб этиши муқаррар. Жамоа бош мураббийи Александр Хомяков билан суҳбатимиз шу ва бошқа мавзулар хусусида бўлди.

- Жамоамиз шу вақтга қадар ташкил қилинган йиғинлар давомида аввалдан режалаштирилган барча ишларни амалга оширишга муваффақ бўлди, - дейди Александр Хомя­ков тайёргарлик жараёни ҳақида гапираркан. - Футболчиларни чуқур назоратдан ўтказмоқдамиз, жамоамиз сафига қўшилиш истагида юрган бир қатор ўйинчиларни кўриб чиқдик, маъқул келганлари билан шартнома имзоламоқдамиз. Шунингдек, бир қатор ёш футболчилар ҳам йиғинлар давомида тажриба тўпламоқдалар, улар орасидан энг яхшиларига мавсум давомида имконият беришни режалаштирмоқдамиз. Йиғинлардан кўнглим тўлди, фақат битта муаммо бор - об-ҳаво. Қор ёғиб, совуқ тушиб қолгани учун баъзи кўзланган ишларни амалга оширишда оқсаяпмиз. Аммо жамоа кайфияти жуда яхши ва ПФЛ кубогида муваффақиятли иштирок этишни мақсад қилганмиз.

- Яқинда икки нафар легионерга рад жавоби берганингиз ҳақида ўқидик. Бу футболчиларнинг қайси жиҳатлари маъқул келмади?

- Легионерлар клуб йиғинларида кўрикдан ўтдилар, аммо жамоамиз ўйин услубига мос келмаганликлари сабабли улар билан хайрлашишга қарор қилдик. Биз ишлашда ва изланишда давом этмоқдамиз. Легионер маҳаллий футболчилардан бир бош устун туриши ҳақида кўп гапирилган, табиийки, мен ҳам мураббий сифатида шундай талаб қўяман. Биз учун футболчи маҳаллий ёки легионер бўлиши муҳим эмас, асосийси, у жамоамиз талабига жавоб берсин. Айни вақтда бир қатор футболчилар нигоҳимиз остида туришибди. Ўзимиз учун керакли ўйинчиларни топганимиз заҳоти шартнома имзолаймиз.

- Демак, жамоангизда легионерлар лимитини тўлдиришга катта аҳамият қаратмайсиз...

- Легионерлар - фақат энг сўнгги чора. Бошқача айтганда, ўзимизга керакли футболчиларни тополмасаккина хорижликларга юзланамиз. Аммо унга қадар Ўзбекистонда бундай футболчи йўқлигига ишонч ҳосил қилишимиз шарт. Биз учун футболчида Ўзбекистон паспорти бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Мабодо бундай футболчи тополмасак, ноиложликдан легионерлар ёрдамига мурожаат қиламиз. Ҳозирча маҳаллий футболчилардан устунлигини исботлайдиган легионер топилганича йўқ. Мабодо шундай футболчига дуч келсак, уни албатта, сафимизга олиш хусусида иш бошлаймиз. Аммо қайтараман, аввало, ўзбекистонлик футболчиларни обдон кўздан кечириб чиқишимиз шарт. Чунончи, маҳаллий футболчиларнинг устун жиҳатлари кўп - уларнинг Ўзбекистон иқлимига мослашишлари шарт эмас, ёзда жазирама иссиқдан шикоят қилмайдилар, оилаларини соғиниб, руҳиятга боғлиқ тушкунликка тушмайдилар. Шундай экан, энг аввало, маҳаллий футболчиларга эътибор қаратамиз. Бошқача эътироф этсам, легионерлар лимитини тўлдириш учунгина хориждан келган футболчилар билан шартнома имзоламаймиз.

- Ҳозирда жамоангизнинг айнан қайси чизиғини тўлдириш зарурияти бор? Яъни қайси бўғинда муаммолар яққол кўзга ташланяпти?

- Бу саволингизга батафсил жавоб бермасликни маъқул кўраман. Чунки рақиблар олдида ички сирни очиб қўйиш ниятим йўқ. Жуда ҳам жавоб бериш зарур бўлса, фақат бир нафар ҳужумчи ва марказий ярим ҳимоячи қидираётганимизни айтишим мумкин. Қолган масалалар эса машғулотлар давомида олиб борилаётган ишларга боғлиқ. Биз бир неча ўйин услубларини шакллантирмоқдамиз ва бунинг учун яхши савиядаги икки таркибга эга бўлиш жуда муҳим. Селекция ишлари моҳияти айнан шу нарсага қаратилган.

- Умуман олганда, янги мавсумда жамоангиз олдига қандай вазифалар қўйилмоқда?

- Ҳозирча бу борада раҳбарият аниқ талабларни билдиргани йўқ. Шунга қарамасдан, футбол натижадан иборат эканини яхши биламиз ва мавсумни шунга яраша имкон қадар ишончли ўтказишга ҳаракат қиламиз. Қисқаси, ҳар бир учрашувда максимал натижага эришиш учун курашамиз. 

- Жамоангиз ўтган мавсумни биринчи лигада ўтказди. Мана шу иштирокдан қандай таассуротлар қолганини айтиб берсангиз...

- Мен учун биринчи лига - янгилик эмас. Узоқ йиллардан буён бу мусобақада иштирок этиб келаман. Албатта, унда олий лигага чиқишни мақсад қилган кучли жамоа билан ишлаш бошқача, барибир. Зеро, биз мавсум бошидаёқ фақат олий лигага чиқиш учун курашишимизни билардик ва шунга яраша пухта тайёргарлик кўргандик. Оқибатда барча ўйлаган мақсадларимизга етишдик. Биринчи лигада ғолиб чиққанимиз ҳам ишни режадагидек бажарганимизни билдириб турибди. Бошқа томондан олсак, ўзгача натижа бизни сира ҳам қониқтирмасди. Чунки шароит ва таркиб нуқтаи назаридан нисбатан устунликка эга эдик.

- Биринчи лигадаги шароитни яхши биладиган мураббий сифатида ундаги муаммолар борасида нима дея оласиз?

- Бу муаммолар ҳақида жуда кўп айтилган. Шахсан ўзим, энг аввало, майдонлар сифати борасида гапирган бўлардим. Тан олиш керак, биринчи лига жамоалари майдонлари талаб даражасида эмас. Баъзи жамоаларни истисно қилганда, қолган барча клублар стадионлари ҳақида илиқ фикр билдиришга асос йўқ. Ваҳоланки, футболда майдон сифати бирламчи ўринда туради. Айтайлик, сифатсиз майдонда ўйланган комбинацияларни намойиш этиш иложсиз. Демакки, футболчининг ўсиши ҳам қийин. Боз устига, бунда жароҳатланиш эҳтимоли ҳам катта бўлади... Шундай экан, аввало, жойларда стадион майдони ҳолатининг яхшилашга эътибор қаратиш зарур.

- Футболда мағлубиятга учрамайдиган жамоанинг ўзи йўқ. Аммо барибир, «Машъал»нинг биринчи лигадаги баъзи ўйинларда мағлубиятни тан олгани кишини ажаблантирмай қолмади. Шахсан ўзингизга бу мағлубиятлар қандай тажриба берди?

- Рост айтасиз, ҳақиқатан ҳам, футболда енгилмас жамоанинг ўзи бўлмайди. Шундай экан, бу мағлубиятларни ортиқча ҳиссиётларсиз қабул қилиш керак, деб ўйлайман. Аслида биз барча учрашувларда яхшироқ натижага эришишимиз мумкин эди. Аммо футболчиларни ҳар доим ҳам бир хил иштиёқда ушлаб туриш жуда қийин масала. Кетма-кет эришилаётган ғалабалар барибир, йигитлардаги эътиборни сусайтириб қўяди. Оқибатда яхши натижалар кетидан баъзан ёмони ҳам келиб қолиши мумкин. Тўғри, бу ўринда мураббийлар штабининг ҳам айби борлигини тан оламан. Баъзи вазиятларда бошқачароқ қарор қабул қилишимиз керакми-ди? Аммо умумий жиҳатдан олиб қаралганда, ўз олдимизга қўйилган вазифани муносиб тарзда уддалай олдик, деб ўйлайман. Ҳар қандай вазиятда ҳам бизда ўз ишимизни бажара олишимизга ишонч йўқолмади. Яна бир гап: гоҳида мағлубият ҳам қандайдир малҳам вазифасини ўтайди. Яъни салбий натижа йигитларни ҳушёр тортишга ундайди. Мураббий сифатида айтаман, футболчиларнинг баъзан ғазабланишлари ҳам жуда зарур. Албатта, яхши маънодаги ғазабни назарда тут­япман.

- Бу йил биринчи лига баҳслари ҳам ҳар қачонгидан-да шиддатлироқ ўтиши кутилмоқда. Ҳарқалай, аввалги мавсумлардан фарқли ўлароқ, бирданига 4-5та клуб олий лигага чиқиш учун кураш олиб бормоқчи. Бу борада фикрингиз қандай?

- Биласизми, айни вақтда биринчи лигадаги вазиятдан тўлиқ бохабар эмасман. Бу борада фақат умумий таассуротга эгаман, холос. Айни вақтда бизнинг эътиборимиз буткул бош­қа чемпионат - олий лигага қаратилган. Шундай экан, биринчи лигадаги вазият борасида фақат умумий хулоса билдиришим мумкин. Албатта, элитага чиқиш учун кучли рақобат бўлиши биринчи лига савиясига ҳам, ўзбек футболига ҳам бирдек фойдали. Айни вақтда «Оқ-тепа», «NBU-Осиё», «Қўқон Темирйўлчи» ва «Шўртан» клубларининг ўз олдиларига олий лигага чиқиш вазифасини қўйишаётганини эшитдим. Агарда шундай бўлса, фақат олқишлаш мумкин. Зеро, қуйи лига савиясининг ошиши ўзбек футболига фойда келтирмай қолмайди, албатта.

- Айни вақтда Ўзбекистон чемпионатида иштирок этадиган деярли барча клубларда молиявий жиҳатдан муаммолар борлигини эшитмоқдамиз. Сизнинг жамоангизда бу борада вазият қандай?

- Футбол клубида маълум даражада молиявий муаммолар учраб туради. Бундай ҳолат аввалдан бор. Бизнинг жамоамизда ҳам баъзи кичик муаммолар йўқ эмас, аммо жиддий хавотирланиш ўринсиз. Чунончи, кичик муаммолар ҳар доим учраб туради ва тезда ҳал қилинади. Шу сабабли уларга ортиқча аҳамият қаратмайман.

- Хўш, унда айтингчи, жамоа ўтган мавсум учун футболчилар билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилдими?

- Ҳа, футболчилар билан деярли ҳисоблашиб бўлинган. Албатта, ҳозир сизга клубимизнинг тўлиқ молиявий сирларини келтириб ўтолмайман. Аммо шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим мумкинки, бу борада жамоамизда ҳеч қандай муаммо йўқ.

- Футболчилар учун белгиланган маош қийматини очиқ айта оласизми?

- Йўқ, бу менинг ваколатимга кирадиган савол эмас. Бу борада клубимизнинг тегишли ходимлари маълумот беришлари мумкин. Мен эса фақат футбол билан боғлиқ масалалар борасидаги саволларга жавоб беришни истайман.

- «Машъал» футбол академияси ташкил этилганидан буён ўзбек футболига бир қатор иқтидорларни етказиб берди. Клубингиз тарбияланувчилари Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларидаги ўйинлари билан танилишга ҳам улгурганлар. Ҳозирда академия тарбияланувчилари орасидан жамоангиз таркибига киришга муносиблари борми?

- Бор, албатта. Аммо бу футболчилар дарҳол асосий таркибда майдонга тушадилар, деб айтолмайман. Уларни ҳали катта футболга тайёрлаш ва аста-секин асосий таркибга шайлантириб бориш керак. Акс ҳолда, футболчи бирдан катта босимга дош беролмай қолиши мумкин. Ўз ёшидаги ўйинчиларга қарши тўп суриш бошқа, катта футболга киришиб кетиш бошқа нарса, ахир. Шу сабабли барчасини табиий йўл билан амалга оширишни кўзламоқдамиз.

- Лоақал гап айнан қайси футболчилар ҳақида кетаётганини айтсангиз...

- Ҳозирда жамоамиз йиғинларида Шукуров, Шомуродов, Холмуродов каби футболчилар иштирок этмоқдалар. Мен 1993 йилда туғилган футболчилар ҳақида гапирмоқчи эмасман. Улар аллақачон «ёш футболчи» сифатидан чиқишган, деб ҳисоблайман ва ўз потенциалларини тўлиқ намойиш этадиган вақт келди. Биз уларга бунинг учун етарлича имконият берамиз. Юқорида номлари келтирилган футболчилар эса 1996-1997 йилларда туғилган ва уларни катта аренага тайёрлаб, бор салоҳиятларини очиб бериш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз...

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 10:23, 14.02.2014.
Ўқилди: 3660 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.