Яна бир ўзбекистонлик спортчи Сочи олимпиадасидаги ўз иштирокини бошлади. Аёллар тоғ чанғиси спортининг гигант-слалом йўналишида иштирок этган Ксения Григорьева дастлабки уринишдан сўнг 88 спортчи орасида 67-ўринни эгаллади. У пешқадамдан 16,68 сония ортда қолди.
Ксения масофасининг дастлабки қисмида пешқадамга 3,62 сония ютқаза бошлаган бўлса, финишга қараб бу тавофут ошиб борди. Кейинги назорат пунктларидаги унинг ўрсаткичлари: +7.80, 12.34, +16.68.
Дастлабки уринишда стартга 88 нафар спортчи чиқди. Уларнинг 14 нафари финишгача етиб кела олишмади.
Дастлабки уринишдан кейин словениялик Тина Мазе 1-ўринни эгаллаб турибди. Иккинчи ўринни банд этган швециялик Жессика Линделль-Виркабю ундан 0,52 сонияга ортда қолган. Италиялик чанғичи Надя Фанчини эса 3-ўринни эгаллади.
Иккинчи уриниш ҳам бугун бўлиб ўтади. Баҳслар Тошкент вақти билан соат 14:00да бошланади.