Кириш Регистрация
05/07 06:00 Аргентина 1-1 Эквадор
05/07 21:00 Испания 2-1 Германия
06/07 00:00 Португалия 0-0 Франция
06/07 06:00 Венесуэла - Канада
06/07 21:00 Англия - Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия - Туркия
07/07 03:00 Колумбия - Панама
07/07 06:00 Уругвай - Бразилия

Йоан, энди ўзингни кўрсат!

Баҳо:
+ | -

«Ньюкасл» клуби ярим ҳимоячиси Йоан Кабай  «ПСЖ» билан 3,5 йиллик шартнома имзолади ва шу тариқа ўз ватанига қайтди. Истеъдодли футболчининг тррансферига Sokker.ru сайти алоҳида муносабат билдирди.

Албатта, Йоан Кабай траснфер бозорида рекорд қайд этадиган футболчилар сирасидан эмас. «Ньюкасл» ҳам футбол оламини ҳайратга соладиган жамоалар қаторида турмайди. Мазкур трансфер футболчи учун ҳам, «қарғалар» учун ҳам бирдек фойдали бўлди. Бинойидек иқтидор соҳиби ҳисобланган ярим ҳимоячига Англияда халқаро ўйинлар амалиёти ва ғалабалар етишмаётганди. Бироқ «Ньюкасл» уни қўйиб юборишни истамади. Шунда ҳам Кабай гўё, ҳеч нарса бўлмагандек, иштиёқ билан тўп суришда давом этди. Унинг ўрнида бошқа футболчилар ўзларига нисбатан талабчанликни сусайтириб юборишармиди? Лекин Йоан сабр қилди, кетиш ҳуқуқини ҳалол меҳнат эвазига қўлга киритди. Бунинг устига, «Ньюкасл» мутасаддилари ҳам кутилмаганда, ўз қарорларини ўзгартиришди: аввалроқ қишки трансферлар пайти ҳеч кимни сотмасликларини маълум қилиб, ке­йин Кабайни «ПСЖ»га қўйиб юборишди. Париж гранди зарур билса, қорни ҳам ёқа олади. Тўғри, Йоан франциялик ўсмирлар учун ўрнак бўлолмаслиги мумкин, лекин Лоран Блан жамоасини кучайтиришга қурби етади. Рисоладагидек техника ва кучли зарбага эга ярим ҳимоячи стандарт вазиятлардан фойдаланишни ўрнига қўяди. Қолаверса, Блан уни яхши билади. Асосийси, оиласи билан ўз юртига қайтган футболчи учун Париж муҳитига мослашиш қийинчилик туғдирмайди. Ҳа, Кабайнинг «ПСЖ»га ўтиши кўпчилик мутахассислар томонидан танқидий баҳоланмоқда. Мазкур трансфер айрим футболчиларга ҳам ёқмаслиги табиий. Бироқ клуб мутасаддилари бунга ортиқча эътибор беришмаяпти. Ҳали келишув расман эълон қилинмасдан туриб, «ПСЖ» президенти Носир ал Хелайфи «Ньюкасл» аъзосини жамоага келишига сабаб бўлган 3та омилни санаб ўтганди: «Биринчидан, юксак савия­даги ўйинчи. Иккинчидан, жамоадагилар билан тил топишда муаммо туғдирмайдиган хушмуомала йигит. Учинчидан, франциялик, парижлик мухлислар уни мамнуният билан қабул қилишади».

Танқидий фикрлар орасида Кабайнинг халқаро тажрибага эга эмаслиги, ЕЧЛда талаб даражасида тўп суролмаслигига урғу берганларга ҳам президент кескин жавоб қайтарди: «Футболчининг асосий вазифаси - майдонда тўп суриш. Бундай вазиятларга жавоб бериш - унинг вазифаси эмас».

Шу ўринда танқидчиларнинг бир масалада ҳақ эканликларини ҳам эътироф этиш жоиз: «ПСЖ» Кабайнинг кўмагисиз ҳам ўз олдига қўйган мақсадларга эриша олади. Чунки «Лилл»да кўпчилик эътиборига тушган футболчи АПЛда ҳам муносиб тўп сурди. Лекин «Арсенал», «Челси» ёки «Манчестер Сити» каби гранд­лар сафида эмас. Демак, мазкур келишув Йоан Кабай зиммасига янги вазифани юклайди. Энди пойтахт клуби таркибидан мунтазам ўрин олиши, юксак натижаларни қайд этиши, шу билан бирга Франция терма жамоасида ҳам муносиб ўйнаши лозим. Бу билан футболчи ёши 30га (ҳозир 28 ёшда) яқинлашиб қолган пайт ҳам ўз маҳоратини ошириши мумкинлигини исботлайди. Энг асосийси, ўйинчининг савияси ҳар доим ҳам у тўп сурган жамоа мавқеи­га мос тушавермаслигига мисол бўларди.

Энди қаҳрамонимизнинг футболчилик фаолиятига тўхталиб ўтсак. Франциянинг Туркуэн шаҳрида дунёга келган Йоан 5 ёшидан шаҳар билан номдош жамоа академиясида таҳсил олди. 7 йилдан кейин уни «Лилль» мутахассислари ёшлар жамоасига олишди. Бу ерда яна 6 йил футбол сирларини ўрганган Кабай 2004|2005 йиллар мавсумида асосий таркибда дебютини нишонлади. Ўша мавсум Интертото кубогига сазовор бўлди. Кейингисида эса Йоан ЕЧЛда иштирок этди. Клод Пюэлл ўрнини эгаллаган Руди Гарсия уни плеймейкерлик позицияга ўтказди. Натижада Кабайнинг янги фазилатлари юзага чиқди. Кабай ўз фаолиятидаги энг самарали мавсум (2009|2010 йиллар)да 15та гол урди. Кейинги йили «Лилл»нинг «Олтин дубл»га эришишида салмоқли ҳисса қўшди. Шу тариқа Европа клублари назарига тушиб, «Ньюкасл»га йўл олди.

2011 йилнинг июнида «қарғалар» билан 5 йиллик шартнома остига имзо чеккан ярим ҳимоячи АПЛнинг 9-турида «Уиган» дарвозасини забт этиб (1:0), дастлабки голини нишонлади. Шу учрашувдан кейин Лига кубоги доирасида «Блэкберн»га қарши ўйнаб, 96-дақиқада жарима зарбаси билан курашни «овер-тайм»га чўзди. 2012 йилдаги илк учрашувда худди шу усул билан «МЮ» дарвозабонини ранжитди. Ўша ўйинда «Ньюкасл» йирик (3:0) ғалабани нишонлади. Хуллас, Кабай сўнгги йилларда турли муаммоларга ўралашиб қолган жамоада тўп суришига қарамай, бир қатор нуфузли клублар эътиборини тортди. Жумладан, «МЮ» ва «ПСЖ»никини. Охир-оқибат, франциялик ярим ҳимоячи учун кечган тортишув Франция жамоаси фойдасига ҳал бўлди. Январнинг сўнгги кунларида тиббий кўрикдан ўтган футболчи юқорида таъкидланганидек, 3,5 йиллик шартномага имзо чекди. Франция матбуотининг маълумотларига кўра, парижликлар трансфер учун 20 млн. евро сарфлашган.

Кабайнинг халқаро фаолиятига келсак, 2010 йили илк марта Франция миллий жамоасидан таклиф олди. Ҳозиргача бош жамоа сафида 27та учрашувда майдонга тушиб, 2та гол урди. Улардан бири Евро-2012, иккинчиси 2013 йили Австралия билан ўтказилган ўртоқлик учрашувида қайд этилди.

Маълумот учун

Йоан КАБАЙ

Туғилган санаси ва манзили: 1986 йил 14 январь, Туркуэн (Франция)

Фуқаролиги: Франция

Бўйи: 174 см.; вазни: 71 кг.

Амплуаси: марказий ярим ҳимоячи

Футболчилик фаолияти: «Лилль» - 2004-2011 (191та ўйин, 31та гол); «Ньюкасл» - 2011-2014 (79та ўйин, 17та гол)

Терма жамоадаги фаолияти: U-17 - 2003 йил (6та ўйин); U-19 - 2004-2005 (17та ўйин, 2та гол); U-20 - 2005-2006 (4та ўйин, 1та гол); ёшлар терма жамоаси - 2006-2008 (15та ўйин, 3та гол); миллий терма жамоа - 2010-... (27та ўйин, 2та гол)

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 09:58, 20.02.2014.
Ўқилди: 3436 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.