Айни дамда «Локомотив» жамоаси Бирлашган Араб Амирликларида мавсумга қизғин тайёргарлик олиб бормоқда. ОЧЛ-2014 саралаш баҳсида муваффақиятсизликка учраган жамоа энди бор эътиборини миллий чемпионатимиздаги барча совринларни қўлга киритишга қаратган. Дубай шаҳрида ўқув-йиғин машғулотларини олиб бораётган Вадим Абрамов шогирдлари ҳам жисмоний, ҳам тактик машғулотларга жиддий эътибор қаратмоқдалар. «Локомотив» матбуот хизмати жамоамизнинг энг тажрибали футболчиси Виктор Карпенко билан кичик флеш-интервью уюштирди. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
— Виктор, мана иккинчи хорижий ҳам давом этмоқда. Ушбу йиғинда иштирок этаётган футболчилар ва ўзингизнинг айни пайтдаги жисмоний ҳолатингизни қандай баҳолайсиз?
— Хабарингиз бор, биз мавсумга тайёргарликни икки ой олдин бошлаганмиз. Шу икки ой давомида ҳам жисмоний, ҳам тактик жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрилди. Барча футболчилар машғулотларда астойдил ҳаракат қилишмоқда. Мавсумни юқори кайфият ва яхши тайёргарлик билан бошлаймиз, деган умиддаман.
— Иккинчи хориж йиғинида асосан нималарга эътибор қаратилмоқда?
— Асосан тактик жиҳатга кўпроқ эътибор берилмоқда. Ўйин давомидаги турли хил комбинациялар, тактикаларни қўллаб кўряпмиз. Бундан ташқари жисмоний ҳолатимизни янада яхшироқ тиклаб бормоқдамиз. Ҳар куни эрталаб меҳмонхона ҳудудидаги қумли майдончада машғулотлар олиб бораяпмиз.
— Вадим Абрамов жамоага келгандан сўнг ўтказилган иккита назорат-синов учрашувида биз сизни яна аввалги позиция – ўнг қанот ҳимоясида кўрдик. Ҳаким Фузайлов эса сизни кўпроқ ҳужумчиларга яқинроқ жойда кўрар эди. Ўзингизга қайси позицияда ўйнаш маъқулроқ?
— Менга майдонда ўйнаш ёқади (кулади). Профессионал футболчи ҳар доим мураббий уни қаерга қўймасин ўша ерда ўйнашга тайёр бўлиши керак. Менга қаерда ўйнашнинг фарқи йўқ. Муҳими жамоага фойдам тегса бўлди.
— «Локомотив» мавсумни Ўзбекистон суперкубоги учрашувида мамлакатимиз чемпиони «Бунёдкор» клуби билан бошлайди. Бошқа футболчиларга қараганда сиз ушбу жамоани яхшироқ биласиз...
— «Бунёдкор» клуби бекорга ўтган мавсумда барча совринларни қўлга киритмади. Жамоа жудаям кучли. Бир неча янги футболчилар, шунингдек кучли легионерлар билан шартнома имзолашди. Бизнинг олдимизга ҳам ушбу мавсумда жамоа ўзи қатнашаётган барча мусобақаларда ғолиб чиқиш вазифаси қўйилган. Клуб хомийси “Ўзбекистон Темир Йўллари” компанияси бизга барча шароитларни яратиб бермоқда. Биз эса ўз ғалабаларимиз билан “Ўзбекистон Темир Йўллари” тизимида хизмат қилаётган жамоамиз мухлисларини ва барча юртдошларимизни хушнуд қилишга бор кучимизни берамиз.