1 февралдан буён Анталияда ўқув-машғулотларини ўтказаётган «Сеонгнам» мавсумолди тайёргарлигининг сўнгги босқичини бошлади. Йиғинлар давомида бир қанча ўртоқлик учрашувлари ўтказган жамоанинг ҳолатидан мураббийлар штаби қониқмоқда.
Қишки трансфер бозорида жамоани тарк этиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар чиққанлигига қарамай ҳамюртимиз Сервер Жепаров машғулотларни кўтаринки руҳда ўтказмоқда. Хусусан, Швециянинг “Мельбю” клубига қарши ўйинда у жамоасига ғалаба келтирган ягона голга муаллифлик қилган бўлса, 18 февраль куни Молдованинг “Милсами” клуби билан бўлган ўйинда эса 2та гол киритди (5:2).
"Sportal Korea" мухбирига берган қисқача интервюсида ҳамюртимиз, жумладан шундай деди:
"Туркия йиғини давомида жисмоний ҳолатим янада яхшиланиб бораётганлигини ҳис қилаяпман. Бундан ташқари, жамоага янги қўшилганлар билан тез тил топишиб олдик. Мен жамоада нима қилишим кераклигини жуда яхши биламан. Ўтган мавсумдаги муваффақиятсизликлардан керакли хулосалар чиқардик. Жисмоний ҳолатим яхшилангани сари руҳий томондан ҳам курашга чанқоқлик ошмоқда. 2014 йил - фаолиятимдаги энг яхши йил бўлишига ишонаман".
Анталиядаги йиғиннинг дастлабки босқичларида Жепаров ўзини у қадар кўрсата олмаган бўлса-да, йиғин давомида аввалгидек юқори формага кираётганлигини кўриш мумкин. “Сеонгнам” Туркия йиғинини эртага якунлайди ва Кореяга қайтиб келади.
Отабeк Йўлдошeв, Жанубий Корeя, Сeул