Кириш Регистрация
05/07 06:00 Аргентина - Эквадор
05/07 21:00 Испания - Германия
06/07 00:00 Португалия - Франция
06/07 06:00 Венесуэла - Канада
06/07 21:00 Англия - Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия - Туркия

Ажойиб, қизиқарли, кулгили...

Баҳо:
+ | -

Футбол оламида қизиқарли воқеалар кўплаб учраб туради. Шу боис, сизга ўзим тўплаган, айрим қизиқарли, ғаройиб ва кулгули воқеаларни ҳавола қилмоқчиман. Марҳамат, ўқинг ва завқ олинг деб қоламан.

1999 йили бразилиялик Едмундо иштирокида энг шов-шувли можаро бўлиб ўтди. Ўғлининг туғилган куни шарафига зиёфат уюштирган футболчи ўз вилласида ўтаётган тадбирга масхарабозлар ва маймунлардан иборат кўчма цирк вакилларини таклиф этади. Буни қарангки, «ҳайвон» лақабли футболчи (табиийки ширакайф ҳолатда)га маймунлардан бири жуда ёқиб қолади. У ўша жонивор билан «қиттак-қиттак» қилишга аҳд этиб, маймунга шампан виноси ва пивонинг аралашмасидан қуйиб беради. Натижада жониворнинг кўнгли айниб, тоби қочиб қолади. Кейинчалик Едмундо жониворлар билан шафқатсизларча, муносабатда бўлганликда айбланиб, 100 000 доллар миқдорида жарима тўлайди.

80-йиллар охирида Колумбиянинг «Атлетико Насионал» жамоаси «Милонариус»ни ҳеч юта олмасди. Шунда «Атлетико» футболчилари Рене Игита ва Карлес Переа биргаликда фолбин аёлга боришади. Фолбин жамоанинг ҳар бир футболчисини номма-ном айтди ва барча кўк матодан тикилган ички кийим кийиши лозимлигини таъкидлади. Шундан кейин омади юришган жамоа бирин-кетин ғалаба қозона бошлади. Якунда эса Либертадорес кубогида ғолиб чиқишди (1989-йил).

Колумбиялик машҳур посбон Рене Игита одам ўғирлашда айбланиб қамоққа тушган. Аслида эса у ўз дўстининг қизини гаровдан қутқаришда асосий рўлни бажарган. Яъни воситачи бўлиб, 64 минг доллар миқдорида мукофот олган. Бу эса Колумбия қонунларига зиддир. Бутун мамлакатда унинг ёнини олганлар кўп эди. Игита эса ўзини оқлаш учун қамоқхонада очлик эълон қилди. Оқибатда, озодликка чиқарилган. Аммо шу воқеалар туфайли у 1994 йилги АҚШда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига бора олмаган.

2008 йили Грузия ва Аргентина фахрийлар терма жамоалари ўртасидаги беллашувни стадионда оиласи билан бирга кўришни хоҳлаган битта мухлис Опел Вестра машинасини сотишга мажбур бўлди. Чунки, у Марадонани кўришни хоҳлаганди. «Бошқа иложим йўқ эди. Мен Марадона «билан» улғайганман», - дейди ашаддий мухлис.

Еврокубоклардаги учрашувлардан бирида Эйсебио «Ш-де-Фон» дарвозасини учта рақибини алдаб ўтиб, тўртинчисининг устидан тўпни ошириб ташлайдида, эрга туширмасдан дарвоза томон зарба бериб, гол киритади. Гол бўлгач, Эйсебионинг ортидан рақиб дарвозабони «Эйсебио, Эйсебио» дея бақириб келаётганди. Ўша пайтда дарвозабон Эйсебио билан урушиб кеца керак деб ўйлаб туришганди, аммо – у шунчаки чиройли гол билан табрикламоқчи бўлган экан. Илгари мана шундай мард дарвозабонлар ҳам учраб турарди.

1969 йил, ноябр ойида қизиқ воқеа юз берди. Англия қироличаси Бразилияга ташриф буюради ва унинг шарафига «Маракана»да футбол учрашуви ўтказилади. Майдонда Рио-де-Жанейро ва Сан-Паули терма жамоалри ўзаро учрашадилар. Ўйин тугагач, қиролича ғолиб жамоа сардори Пелега кубок топширади. Шу онда ўнлаб фотоаппаратлар ширқиллайди, хавфсизлик ходимлари, маҳаллий арбоблар кадрда кўриниб қолиши учун ёпирилибкела бошлайдилар. Бундай тўполандан эсхонаси чиқиб кетган қиролича кубокни апил-тапил Пелега топширганча, қочиб қолишга ҳаракат қилади. Аммо шу вақт барча суратчилар унга баробар ташландилар: «Қаёққа, ҳазрати олиялари! Пеленинг ёнига турсангизчи, сизни бирга суратга туширмоқчимиз».

Пеле Рим Папаси билан суратга тушади. Газеталарда чоп этилга ушбу суратнинг тагига «Қирол ва унинг мухлисларидан бири» деган тагсўз ёзиб қўйилганида, ҳеч ким киноя билан қарамайди.

Бир сафар қийин кечаётган учрашувда бурчак тўпи амалгам оширилаётган вақтда бир ҳимоячи Пелега ёпишиб олади ва қўполлик қилиб, жиғига тегаверади. Шу пайт ҳамманинг диққати бурчак тўпига қаратилганидан фойдаланган Пеле рақибининг қўлтиғИ остига бошини тиқиб оладида: «Хой, ҳакам, қарасанг-чи! Унинг нима қилаётганини кўряпсанми?» дея ҳайқираверади. Учрашувни бошқариб бораётган шўрлик ҳакам ортига бурулиб қараганда, курашга ўхшаб кетадиган бир ҳолатга гувоҳ бўлади ва иккиланмасдан 11 метрлик белгини кўрсатади.

ЖЧ-86 да Англия-Аргентина (1:2) баҳсида Марадона «илоҳий қўл»и билан гол ургани ҳеч кимга сир эмас. Учрашув тугагач инглиз футболчилари аламзада ўтиришганида, уларнинг футболчиси Хож Марадона билан футболкасини алмаштириш мақсадида бутун майдон узра югуриб чиқади. Ундан норози бўлган жамоадошлари, «Нега бундай қилдинг, ахир у бизни чув туширди-ку!» дейишди. Хож эса ўзини оқлади: «У гол урган лаҳзада мен йиқилиб, майдонда осмонга қараб ётгандим, шу боис нима рўй берганини кўрмадим…» жамоадошлари унга ишонишмади ва у эшитадиганини эшитди. Енг ажабланарлиси, кўп ўтмай Хож айнан Марадонанинг футболкасини 100 минг фунтга сотгани бўлди.

2003 йилги ЧЛ ярим финалида «Челси» ва «Монако» ўзаро рўбарў келди. Ўйиннинг 53-дақиқасида рақибининг тиришқоқлигига қойил қолган «Монако» клуби вакили Василис Зикос француз Клод Макелеленинг елкасига дўстона шапалатиб қўяди. Аммо кутилмаганда, Клод гурсиллаб ерга қулайди. Гўёки, грециялик футболчи уни ўта кучли зарба билан «нокдаун»га учратгандек. Буни қарангки, учрашув ҳаками ҳам Клоднинг ҳийласига лаққа тушиб, Зикосни ўйиндан четлатади.

Бир куни Лионел қадрдон шаҳри – Риосорда тушлик қилишга қарор қилди. Чиқишда эса доимгидай сурат ва дастхатга ташна мухлислар қамровига тушди. Лекин барча юртдошлари ҳам яхши ниятда бўлмаган эканлар – суҳбат пайти Леонинг юзига қайердандир мушт «учиб» келди. Унинг эгасига ҳодиса жойини изсиз тарк этиш насиб қилди. Мессининг душмани кимлиги аниқланмади. Лекин терговчилар жиноятда португалияликлар изини кўришган. Балки шубҳа остига Моурино ва Ронолду олингандир.

1999 йили «Сандрленд»га қарши кечган учрашувда «Нюкасл» бош мураббийи Рууд Гуллит Алан Ширерни заҳирада қолдирди. Ўшанда журналистлар Гуллит томонидан учрашувга тақдим этилган рўйхатни «ўлимолди хати» деб атагандилар.

Автомобил бошқаришни дурустроқ ўргана олмаган футболчи Гарринча жуда кўп аварияларни содир этарди. Бунинг оқибатида 8 марта шифохонага ётқизилган. Фалокатларнинг бири фожия билан тугайди. Яъни авария пайтида Гарринчанинг ёнида ўтирган қайнонаси вафот этади.

ЖЧ-62 да Бразилия-Англия баҳсида ноёб ҳодиса кузатилди. Кутилмаганда ўйин майдонига бир кучук югуриб чиқади. Инглизлар ҳужумчиси уни тутиб олади. Шу пайтда гулдурос қийқириқлардан қўрқиб кетган кучук футболчининг кўксини булғаб қўяди. Воқеани кузатиб турган Гарринча эса кула-кула майдонга чўзилиб олади. Ўйин тугаганидан кейин у кучукни қидириб топиб, Бразилия терма жамоасининг қароргоҳига олиб кетади. Ажабланарли жиҳати шундаки, Мане кучукка «Би» лақабини берганди.

Юсупов Фурқат.

Манба: www.furkat.uz
Киритилди: 22:09, 13.03.2014.
Ўқилди: 8314 марта.
Фикрлар: 18 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.