“Металлург” бош мураббийи Рустам Мирсодиқов бугун ўзининг таваллад айёмини, муборак 60 ёшини нишонлаяпти. Қутлуғ сана билан биз Рустам Тўхтамуродовични барча бекободликлар – “Металлург” футбол клуби раҳбарияти, мураббийлар штаби, футболчилар ҳамда минглаб ишқибозлари номидан самимий табриклаймиз! У кишига узоқ умр, сиҳат саломатлик, оилавий тинчлик, хотиржамлик, фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз. Ҳамиша эл ардоғида бўлишини истаб қоламиз.
Рустам ака самимий, камтарин инсон, ўз ишининг билимдони, устаси. Ҳамиша изланувчан, сабр-тоқатли, меҳнатсевар, бошлаган юмушини охиригача етказмасдан қўймайдиган мураббий. Шу боисдан ҳам қаерда, ким билан ишламасин у киши ҳақида ҳамиша илиқ фикр, таассуротлар қолади. Яна бир жиҳати Рустам аканинг барчага бир хилда муносабатда бўлишида десак муболаға бўлмайди. Каттанинг ҳам, кичикнинг ҳам фикрини тинглайдиган, ҳаммага ёрдам беришга интилади. Катта муваффақиятларга эришсада доимо ўзига танқидий ёндошади. Дўстлари даврасида шинаванда, хушчақчақ, ҳазилкаш инсон. Ютуқларидан асло мағрурланмайди, муваффақиятлари замирида ҳамкорларининг, бирга ишлаётган маслакдошларининг улуши беқиёс эканлигини эсдан чиқармайдиган, алоҳида таъкидлайдиган киши.
Рустам Мирсодиқов ўзбек футболининг фидойи, жонкуяр вакилларидан бири. Болалик чоқларидаги қизиқиши уни Титов номидаги Республика олий спорт маҳорати мактабига бошлаб келди. Мактаб-интернатда кейинчалик нафақат мамлакатимизда машҳур бўлган, балки дунёга донг таратган юртдошларимиз Владимир Федоров, Олим Аширов сингари футболчилар билан биргаликда маҳоратларини оширишди. И.Тошмуҳаммедов, Я.Аранович, В.Ятченко сингари мураббийлардан чарм тўп сирларини ўрганди. Ўша йиллари республикамизнинг бош жамоаси – “Пахтакор” футбол клубига В.Соловьев бош мураббий этиб тайинланди. Вячеслав Дмитриевич қисқа фурсат ичида республикамизнинг барча ҳудудларидан энг иқтидорли ёшларни “Пахтакор” таркибига жалб этди. Улар орасида Р.Мирсодиқов ҳам бор эди. Рустам ака 3 йил “Пахтакор” ўринбосарлари таркибида тўп сурди. Кейинчалик Тошкентнинг “Трактор” (1975-76), Жиззахнинг “Бўстон” (1977-80), Самарқанднинг “Динамо” (1981-83) жамоаларида ўйнади. Футболчилик фаолиятини Тошкент вилоятининг “Соҳибкор” (1985-87) жамоасида якунлади. Бу жамоаларнинг ўша даврда қандай муваффақиятга эришганлиги ҳақида ортиқча изоҳга ҳожат йўқ.
Рустам Мирсодиқовнинг мураббийлик соҳасига кириб келиши ҳам мамлакатимизнинг бош жамоаси – “Пахтакор” билан боғлиқ. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач. 1992 йилдан Ўзбекистон чемпионатлари йўлга қўйилди. “Пахтакор” биринчи мавсумда Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси билан бир хил – 51 тадан очко жамғариб, мамлакат чемпиони бўлганди. Жамоа бош мураббийи Аҳрол Иноятовга Рустам Мирсодиқов ва Аҳмад Убайдуллаевлар ёрдам беришган. 1994 йилдан Р.Мирсодиқовнинг бош мураббийлик фаолияти бошланди. Даставвал “Политотдел”(кейинги номи – “Дўстлик”)да, сўнгра МҲСК, “Дўстлик”, “Қизилқум”, “Локомотив” жамоаларида ишлади. 2008 йилдан Бекободнинг “Металлург” жамоасини бошқариб келмоқда. Шу йиллар ичида Рустам Мирсодиқов шогирдлари 3 марта Ўзбекистон чемпиони бўлишди. Мамлакат кубогини қўлга киритишди. Бошқа жамоалар билан ҳам Р.Мирсодиқов эътиборга молик натижаларни қайд этиб келмоқда. Қаерда ишламасин, мухлислар дилига хуш ёқувчи, ҳужумкор ўйин намойиш этиб, жамоа олдига қўйилган вазифаларни бажариб келяпти. Р.Мирсодиқов 1997 йили Ўзбекистон терма жамоасида бош мураббий бўлиб ишлади. Унинг бошчилигида миллий терма жамоамиз 12 та учрашув ўтказиб, 5 та ўйинда ғалаба қозонган, 3 та учрашувда дуранг ўйнаган ва 4 та учрашувда имкониятни бой берган. Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқи 29-21, Ўзбекистон терма жамоаси фойдасига. Бу ўйинлар Францияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг саралаш ўйинлари эди. Япония, Жанубий Корея сингари қитъамизнинг энг кучли жамоаларига қарши ўтказилган илк ўйинлар эди...
Хуллас, саҳифаларни варақласак, ёдга оладиган, ғурурланадиган воқеалар, маълумотлар анчагина. Бироқ мухтасар мақоламиз аввалида таъкидлаганимиздек, Рустам Тўхтамуродович ютуқлар билан мақтанишни хуш кўрмайди. Бугун билан ёниб яшайди. Бугунги вазифасини мукаммал бажариш ҳаракатида тиним билмайди. Биз эса якунда юбиляримиз фаолияти футбол жамоатчилиги томонидан муносиб эътироф этилганлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Йил якунларига кўра аниқланувчи “энг яхши мураббий” сўровномасида Рустам Мирсодиқов 1996 ва 1999 йилларда учинчи ўринни эгаллаган бўлса, 1997 йили биринчи поғонага муносиб кўрилган. Ўша ғайрат, ўша шижоат Сизни ҳеч қачон тарк этмасин. Оилангиз бахтига омон бўлинг, футболимиз равнақига қўшаётган ишларингиздан асло толманг. ҳорманг, уста!
Рустам Мирсодиқовнинг мураббийлик йиллари
Йил | Ишлаган жамоаси | Қайд этган натижаси | Ўйинлар сони | Жамғарган очкоси |
1994 | Политотдел | 7-ўрин | 30 | 35 |
1995 | Политотдел | 6-ўрин | 30 | 39 |
1996 | Дўстлик (1-давра) | 4-ўрин | 30 | 55 |
1996 | МҲСК (2-даврадан) | 3-ўрин | 30 | 60 |
1997 | МҲСК | 1-ўрин | 34 | 90 |
1999 | Дўстлик | 1-ўрин | 30 | 64 |
2000 | Дўстлик | 1-ўрин | 38 | 94 |
2002 | Металлург | 5-ўрин | 30 | 48 |
2003 | Қизилқум | 5-ўрин | 30 | 55 |
2005 | Локомотив | 10-ўрин | 26 | 30 |
2008 | Металлург | 7-ўрин | 30 | 42 |
2009 | Металлург | 12-ўрин | 30 | 31 |
2010 | Металлург | 6-ўрин | 26 | 35 |
2011 | Металлург | 7-ўрин | 26 | 31 |
2012 | Металлург | 10-ўрин | 26 | 28 |
2013 | Металлург | 6-ўрин | 26 | 33 |