Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

“Бунёдкор кубоги”-2014. Иштирокчилар турнир ҳақида

Баҳо:
+ | -

24-29 март кунлари “Бунёдкор” спорт мажмуасида “Соғлом бола” йилига бағишлаб “Бунёдкор” кубоги-2014” Республика турнири ўтказилди. Бу ҳақда клуб расмий сайтида батафсил маълумот берилди. Бугун эса турнирга ташриф буюрган иштирокчилар фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Шомил Яфаров, Тошкент вилояти футбол федерацияси Биринчи вице-президенти: “Ёш футболчилар кўплаб мусобақаларда иштирок этадилар, лекин “Бунёдкор” кубоги–2014” иштирокчилар хотирасида ёрқин из қолдиришига ишонаман. Юксак савияда ташкил этилган мусобақа, сифатли майдонлар, очилиш ва тақдирлаш маросимларини Бош стадионда байрамона ўтказилиниши таҳсинга сазовар. Бунинг учун “Бунёдкор” ФК раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан. Ушбу турнирда ёш футболчиларимиз ўзларини кўрсата олишмади. Лекин биз анъанавий ҳисобланган бу турнирда мунтазам иштирок этишни режалаштирганмиз ва келаси йилнинг ўзида совриндорлар қаторидан жой олиш учун интиламиз”.

Вали Келдиев, “Машъал” академияси мураббийи: “Биз одатда барча мусобақаларда ғолиблик учун курашамиз. Бу турнирда 11-ўринни эгалладик холос. Лекин шогирдларим уйга хурсанд ҳолда қайтишмоқда. Сабаби, Олимпиаданинг азалий шиори – “Муҳими ғалаба эмас, иштирок этиш” ибораси айнан шундай турнирларга нисбатан қўлланилинади. Замонавий “Бунёдкор” мажмуасига ташриф буюриш, машҳур инсонлар қўлидан совғалар қабул қилиб олиш имконияти ҳар доим ҳам бўлавермайди. Мамлакатнинг турли бурчакларидан келган тенгқурлари билан беллашиш улар маҳоратини янада оширади. Биз сешанба куни бутун жамоа бўлиб “Фулад” – “Бунёдкор” учрашувини томоша қиламиз ва юртимиз шарафини ОЧЛ да ҳимоя қиладиган ягона жамоамизга ишқибозлик қиламиз”.

Алишер Бозоров, “Локомотив” клуби мураббийи: “Клубимиз қошида футбол мактаби ташкил этилганига энди 3 йил бўлди. Шунга қарамай, қисқа муддат оралиғида биз олдинга катта қадам ташладик деб ҳисоблайман. Бу борада, “Бунёдкор” клуби томонидан ташкил этилган ушбу турнир сингари мусобақалар бизга катта ёрдам беради. Қорақалпағистонликлар ушбу турнирга кела олмасликлари маълум бўлгач, ташкилотчилар бизга таклиф билан чиқишди ва биз уни бажонидил қабул қилдик. 3-ўрин учун баҳсда Тошкент терма жамоасига фақат пенальтилар сериясида мағлуб бўлишни яхши натижа деб ҳисоблайман. Шогирдларим бутун турнир давомида аъло сифатли майдонларда мазза қилиб тўп суришди ва албатта катта тажриба тўплашди. Бундай имконият яратиб бергани учун “Бунёдкор” ФК раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман”.

Шохруҳ Нишонов, “ЎзДонгЖу” жамоаси мураббийи: “Ташкилотчилар ҳар бир вилоятга таклиф жўнатишганда, Андижондан вилоят термаси қатнашиши олдиндан маълум эди. Шунга қарамасдан биз ташкилотчилардан “ЎзДонгЖу” алоҳида жамоа сифатида иштирок этишини сўрадик ва улар илтимосимизни ерда қолдиришмагани учун катта миннатдорчилик билдираман. Бундай нуфузли мусобақаларда қатнашиб тажриба тўплаш ҳам мураббийларга, Ҳам футболчиларга жуда зарур. Турнирнинг ташкилий томонлари ҳақида алоҳида гапирмоқчи эдим. Умумий қилиб айтадиган бўлсам – гап бўлиши мумкин эмас! Текис майдонлар, турли-туман совғалар ва тақдирлаш маросимини энг юксак савияда ўтказилиши барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Шогирдларимдан 4 таси уйга энг катта совға билан қайтмоқда. Улар “Бунёдкор” академия гуруҳлари селекционерлари назарига тушибдилар ва яқин орада энди доимий равишда шу ерда таҳсил олиш имкониятига эга бўладилар. Бир ҳафта олдин эса бу фақат уларнинг орзуси эди...

Манба: www.fcbunyodkor.com
Киритилди: 18:40, 31.03.2014.
Ўқилди: 3450 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.