Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Миржалол Қосимов: «Молдова ва Озарбайжон билан музокаралар олиб бориляпти»

Баҳо:
+1 | -
Ўтган ҳафтанинг жума куни Ўзбекистон миллий термаси бош мураббийи Миржалол Қосимов «Бунёдкор»даги мажбуриятидан халос бўлгани ва энди бор эътиборини мамлакат бош жамоасига қаратиши ҳақида хабар эълон қилинди. Аслида бу гап-сўзлар анча олдин урчиган ва фақат расман ўз тасдиғини топмаётганди, холос.   

Маълумки, миллий жамоамиз келаси йилнинг январь ойида Осиё кубоги-2015да иштирок этади. Табиийки, энди бор эътибор қитъа чемпионати тайёргарлигига қаратилиши лозим. Олдинда ўртоқлик учрашувлари бор. Миржалол Қўшоқович шу ўйинлар орқали жамоани Осиё кубогига тайёрлайди. Бундан ташқари, Қосимов шу йил сентябрь ойида Жанубий Корея­нинг Инчхон шаҳрида ўтказиладиган Осиё ўйинларига 1991 йилда туғилган футболчилардан таркиб топган термамизни олиб боради. Ҳафтанинг муҳим янгилигидан сўнг Миржалол Қосимов билан учрашиб, эксклюзив интервью олдик.

- Февраль ойининг сўнгги кунлари фақат миллий жамоада ишлашим ҳақида хабар пайдо бўлганди. Лекин бу жараён тезликда амалга ошмади. Боиси, 5 март куни БААга қарши баҳс, икки кун ўтиб, «Локомотив» билан суперкубок учрашуви ўтказилди. Кейин кетма-кет ОЧЛ ўйинлари... Шу сабаб бу ўзгариш табиий равишда бироз чўзилиб кетди. Яқинда Мираброр Усмонов билан учрашиб, бу масалани узил-кесил ҳал қилдик. Зиммамга сентябрь ойида ўтказиладиган Осиё ўйинларига терма жамоамизни бош мураббий сифатида олиб бориш вазифаси ҳам юклатилди. Бундан роппа-роса 20 йил аввал Хиросимада ўтган 12-Осиё ўйинларида чемпион бўлгандик. Жамоамиз олдига Инчхонда муносиб қатнашиш ва ўша 20 йил аввалги натижани такрорлаш вазифаси қўйиляпти. Ҳозир менда футболчиларнинг кенгайтирилган таркиби бор: асосан 1991-1993 йилларда туғилган йигитлар. Шунингдек, яна 3 нафар ёши катта футболчини таркибга қўшиш имкони бор. Осиё ўйин­лари ФИФА кунидан ташқари вақт­да ўтказилиши боис легионерлар хизматидан фойдаланиш борасида муаммолар юзага келиши мумкин. 1994 йили ўзим Владикавказнинг «Алания»сида ўйнардим, лекин терма жамоа ихтиёрига қўйиб юборишганди. Легионерларга рухсат тегмаган тақдирда, олий лигада ўйнаётган 23 ёшдан катта 3 нафар футболчини таркибга қўшамиз. Хуллас, 2та терма жамоани бошқаришим маълум бўлганидан кейин «Бунёдкор» билан хайрлашишга тўғри келди. Фурсатдан фойдаланиб, мен билан бирга шунча йил давомида ишлаган футболчилар, клуб раҳбарияти ва барча ишчи-ходимларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
- Осиё ўйинлари сентябрда ўтказилишини эътиборга олсак ва айнан шу ойнинг биринчи ўн кунлигида миллий жамоамиз Тошкентда 2та ўртоқлик ўйинида майдонга тушишини эсласак, яна муаммоларга дуч келмайсизми? - Ўзига яраша муаммолар чиқиши мумкин. Шуларни инобатга олган ҳолда, июль ва август ойларига ҳам бир неч­та ўртоқлик ўйини режалаштиряпмиз. Бу даврда ФИФА куни йўқ. Ўз-ўзидан легионерлар хизматидан фойдаланолмаймиз. Шу сабабли ўйинларда аралаш таркиб билан майдонга тушамиз. 3 сент­ябрь санасига Тош­кент­да Иордания билан ўртоқлик учрашуви белгиланган. Айни пайт 7-9 сентябрь кунларининг бирига спарринг-рақиб изланяпти. Иложи бўлса, 8 сентябрь кунига мўлжаллаяпмиз. Чунки 10-куни Кореяга жўнаб кетилади. 14 сентябрдан эса, Осиё ўйинлари бошланади. Қуръа ташлаш маросимидан сўнг гуруҳдаги рақибларга қараб,  тайёргарлик режасини қайта кўриб чиқамиз. Осиё ўйинлари 4 октябрга қадар давом этади. 6 октябрда Доха шаҳрида Қатарга қарши ФИФА кунидан ўрин олган ўртоқлик учрашувимиз бор. Насиб қилса, Кореядан тўғри Қатарга учамиз. Дохадан қайтишда, йўл-йўлакай 10 октябрь куни Дубайда Баҳрайн термаси билан ўйнаш режалаштирилган. Шунингдек, БАА миллий жамоа­си билан 14 октябрь куни ўртоқлик учрашуви ўтказиш бўйича музокара олиб боряпмиз. Баҳрайн ва БААга қарши ўйинлар ФИФА тақвимига кирмайди. Дарвоқе, 27 ва 29 май кунлари Тошкентда Уммон терма жамоасига қарши 2  марта майдонга тушамиз. ФИФА куни бўлгани учун легионерларни ҳам чақирганмиз.
- Ўртоқлик ўйинлари асосан араб жамоалари билан белгиланибди. Лекин Осиё кубоги-2015 қуръаси бизга Хитой ва КХДР термаларини туҳфа этди. Шуни инобатга олган ҳолда, ўйин услуби бўлажак рақибларимизникига ўхшаш бўлган Шарқий Осиё жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ташкил этса бўлмайдими? - Август ойида Молдова ва Озарбайжон жамоалари билан ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Япония футбол федерацияси билан ҳам алоқага чиқилди, лекин биз таклиф қилган кунлар уларнинг иш режасига тўғри келмади. Жанубий Корея билан чорак финалда тўқнаш келиб қолишимиз мумкин. Табиийки, улар билан истаган тақдиримизда ҳам, ўйнолмаймиз. Шарқий Осиё жамоалари билан ноябрь ва декабрь ойларидаги йиғинларимизда назорат учрашувлари ўтказиш имконияти бор. Сўнгги йиғинларимиз иқлими Австралияга мос давлатларда ўтади.
- Осиё кубоги-2011 чорак финалида Иордания билан тўқнаш келган эдик. Бу сафар эса бироз ўзгача вазият. Чорак финалга чиқсак, катта эҳтимол билан Австралия ёки Жанубий Кореяга қарши майдонга тушишимизга тўғри келади... - Балки ҳаммаси яхшиликкадир. Ўз олдимизга олий мақсад қўйганимиздан ке­йин рақиб танламаслигимиз керак. Қолаверса, тахминий рақиблар маълум бўлгач, тайёргарлик шунга яраша олиб борилади.
- Клубдаги фаолиятингизни сарҳисоб қилиб, қандай хулосаларга келдингиз? - Шукрки, футболчилик фаолиятим якунланганидан сўнг узилиш кузатилмади. Ишсиз қолиб кетмадим, севимли машғулотим билан банд бўлдим. Нолийдиган жиҳат йўқ. «Машъал»дан кейин 6 йил «Бунёдкор»да фао­лият кўрсатдим. Сколари, Зико каби мураббийлар билан бирга ишлаш насиб қилди. Клуб олдига ҳар доим максимал вазифалар қўйилди. Бундай жамоада ишлаш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. «Бунёдкор» 7 мавсумдан бери ОЧЛда мунтазам иштирок этиб келяпти. Шундан 6тасида гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўтди. Бу йил ҳам вазият биз учун ижобий бўлиши мумкин эди. «Ал-Жаиш»га қарши ўйинда ҳакам 100 фоиз голимизни инобатга олмади. Яна бир вазиятда эса рақиб дарвозаси томон яққол пенальти белгиланмади. Биргина вазият ҳаммасини  ўзгартириб юбориши мумкин. Шундай ҳам бўлди. Кейин айрим футболчилар ишончни оқлашмади. Сардор Собирхўжаев, Дилшод Жўраев каби ёшларга ҳали вақт керак. Қолаверса, захира ўриндиғимиз тор бўлиб қолди. Ярим ҳимоя чизиғи кўп ҳолларда панд берди. Ҳужумчиларни тўп билан ҳимоячилар таъминламайди-ку!
- Шахсан сиз «Бунёдкор» бош мураббийи сифатида кимни кўришни истар эдингиз? - Бу масалани клуб раҳбарияти ҳал қилади. Мен мураббийлар штабида ёрдам бериб келган Александр Волковни тавсия қилдим. Ҳикмат Эргашевда тегишли лицензияси йўқлиги учун уни тавсия этолмадим.
- Бу йилги чемпионатнинг 4-тури ҳам ортда қолди. Илк таассуротларингиз қандай? - 4-тур доирасидаги «Олмалиқ»-«Андижон», «Навбаҳор»-«Насаф» ўйинларини бевосита стадионда кузатдим. Ҳар бир турда имкон қадар марказий учрашувларни томоша қилиш, терма жамоага муносиб номзодларни кашф этишни хоҳлайман. Аввал ҳам бу ҳақда айтганман, ички чемпионат қанчалик кучли бўлса, терма жамоа ҳам шунчалик кучаяди. Ҳар битта ўйин камида «Бунёдкор»-«Олмалиқ» учрашувига ўхшаса, ўйлайманки, Ўзбекистон чемпионати нафақат Осиё, балки дунёда ҳам етакчи ўринларга чиқади. Хаёлда ҳамма нарсага эришиш мумкин. Лекин ҳаёт умуман бошқа нарса. «Ажойиб хаёлпараст» фильмида Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров талқин этган образни ҳар доим эслайман. Кино билан ҳаёт ўртасида жуда катта тафовут бор.
- Январь - март ойлари биз учун ҳамиша ноқулай бўлиб келган. 2011 йилги қитъа чемпионатида кучли тўртликка киришимизга 2 ой олдин бошланган тайёргарлик замин яратган эди. Терма жамоалар марказига шундай тайёргарлик шароити ташкил этиб беришни сўраб, мурожаат қилдингизми? - Аниқ эсимда, ўшанда терма жамоамиз 22 ноябрь куни тайёргарликни бошлаган ва бу ўз мевасини берганди. Таққослаш учун бир мисол келтираман. Узоққа бормайлик, январь ойида Уммонда ўтган Осиё чемпионатида терма жамоамиз гуруҳдан ҳам чиқолмади. Чемпионат бошланишига 6 кун қолганида тайёргарликка киришилганди. Бир ҳафтада нимага эришиш мумкин? Ҳар бир клубнинг ўз иш режаси бор. Мураббийларнинг талаби ҳам турлича. Футболчилар терма жамоа­га турли ҳолат ва тайёргарлик билан етиб келишади. Ўртоқлик учрашувлари шунинг учун ҳам керак.
- Осиё кубогига тайёргарлик режаси ишлаб чиқилганми? - Ишлаб чиқилганди. Лекин қуръа натижасига кўра, Хитой билан бир гуруҳга тушдик. Австралия сафари олдидан Хитойнинг Шанхай шаҳрида ўқув-машғулотлар йиғини ташкил этишни мақсад қилгандик. Чунки Шанхай Авс­тралия билан бир хил иқлим шароитига эга. Энди ушбу режани қайта кўриб чиқамиз. Мен ТЖМга ПФЛ билан келишган ҳолда, Ўзбекистон чемпио­нати ўйинларини кечи билан 8 ноябрь куни якунлаш кераклигини айтдим. Футболчилар 2 ҳафта дам олишганидан сўнг 25 ноябрдан ўқув-машғулотлар йиғинини бошлашни режалаштир­япмиз. Ижобий натижа қўлга киритилишини истаётган эканмиз, тайёргарликни айнан шу тартибда бошлашимиз шарт. Ҳозир Австралиянинг ўзида ҳам йиғин ўтказиш ҳақида бош қотиряпмиз. 2 ҳафта Авс­тралияда бўлиб, Тошкентга қайтиб келинади. Ўша ернинг ўзида қолиб, чемпионат бошлангунича ҳозирлик кўриш футболчилар руҳиятига салбий таъсир ўтказиши аниқ.
- Аввалги Осиё чемпионатларидан фарқли равишда, бу сафар гуруҳ бос­қичининг 3та ўйини бир-биридан анча узоқда жойлашган шаҳарларда ўтказилади...

- Австралиянинг ўзи бир қитъа, табиийки, шаҳарлари орасидаги масофа ҳам катта. Умуман, сўнгги 10 кун ичида самолётда 55 соат учдим. Австралия билан Тошкент ўртасидаги вақт тафовути 6 соатни ташкил этади. Гуруҳнинг 3та ўйинини Сидней-Брисбен-Мельбурн йўналиши бўйича ўтказамиз. Масалан, Брисбендан Мельбурн шаҳрига 3 соат училади. Шунга яраша тайёргарлик кўришимиз шарт.    Табиийки, шаҳарлари орасидаги масофа ҳам катта. Умуман, сўнгги 10 кун ичида самолётда 55 соат учдим. Австралия билан Тошкент ўртасидаги вақт тафовути 6 соатни ташкил этади. Гуруҳнинг 3та ўйинини Сидней-Брисбен-Мельбурн йўналиши бўйича ўтказамиз. Масалан, Брисбендан Мельбурн шаҳрига 3 соат училади. Шунга яраша тайёргарлик кўришимиз шарт.   

Манба: intersport.uz
Киритилди: 10:24, 13.04.2014.
Ўқилди: 7485 марта.
Фикрлар: 34 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.