Эртага Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидан ўрин олган «Бунёдкор» ҳамда «Ал Фатҳ» жамоалари ўртасидаги ўйин бўлиб ўтишидан хабаригиз бор. Шу муносабат билан пойтахтимиздаги «Пахтакор» стаионида ўйиндан олдинги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ҳар икки жамоанинг мураббийлари ОАВнинг саволларига жавоб беришди. Аввал меҳмонларимиз мураббийи Фатҳи Ал-Жабал журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
– Авваламбор сизлар билан учрашиб турганимдан хурсандман. Маълумки, тўртта ўйин бўлиб ўтди, лекин биз ҳам, «Бунёдкор» ҳам оғир аҳволда. Бу бизнинг чемпионлар лигасидаги дебютимиз бўлди. Тўғрисини айтишим керак, кўрсатаётган натижаларимиздан хурсанд эмасман, лекин бизнинг кайфиятимиз яхши. Бу ўйиндан кўп нарса умид қиляпмиз.
– «Бунёдкор»да мураббий ўзгарди. Эртанги тактикада мураббийнинг ўзгаргани ҳисобга олинганми?
– Ўйлайманки, мураббийнинг ўзгаргани тактикага катта таъсир қилмайди. «Бунёдкор»нинг ўйин услуби ҳақида жуда кўп нарса биламиз. Ҳеч кимдан қўрқмаймиз.
– Жамоа ички чемпионатда кам гол урасизлар. Эртанги ўйинда ўзингизнинг энг яхши ўйинингизни кўрсатишни хоҳлайсизми? «Бунёдкор»га қарши алоҳида тайёргарлик билан ўйнашингизни кутсак бўладими?
– Сиз тўғри фикр билдирдингиз. Ички чемпионатда ишларимиз юришмаяпти, шунинг учун чемпионлар лигасида эътибор берамиз. Ҳа, эртага алоҳида тайёргарлик билан ўйнаймиз.
– Гуруҳда кимни яққол етакчи деб биласиз? Сиз барча жамоалар билан ўйнаб чиқдингиз.
– Ҳар қандай мусобақада тўпланган очколар кўп нарсани англатади. Гуруҳдаги икки жамоа «Ал-Жаиш» ҳамда «Фулад» саккизтадан очко жамғарди ва улар кучли. Бизнинг кичик бўлса ҳам имкониятимиз бор.
– «Ал-Фатҳ» ўтган йил чемпион бўлган эди, лекин бу йил жамоада пасайиш кўзга ташланмоқда. Ўзбекистонда чемпион бўлган жамоалар бу даражада тезлик билан пасайишмайди. Нимага?
– Биз бу саволга жуда кўп дуч келяпмиз. Ким билан кўришсам шу саволни беради. Саудия футбол тарихига қарасангиз, биз мамлакат футболидаги держава эмасмиз. Ўтган йил тинмай ҳаракат қилдик ва чемпион бўлдик.