Шу кунларда Вьетнамнинг Хо Ши Мин шаҳрида ўтаётган футзал бўйича Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичи ўйинларига 5 май куни якун ясалди. Ушбу босқич якунларига кўра, чорак финалга “А” гуруҳидан Кувайт ва Вьетнам, “В” гуруҳидан Эрон ва Австралия, “С” гуруҳидан Таиланд ва Ливан ҳамда “D” гуруҳидан Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари йўл олишди.
7 май куни бўлиб ўтадиган чорак финал босқичида Кувайт – Австралия, Таиланд – Япония, Эрон – Вьетнам ва Ўзбекистон – Ливан учрашувлари бўлиб ўтади. Мазкур учрашувлардан бир кун олдин, чорак финалда иштирок этадиган барча терма жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Қуйида Кувайт ва Австралия терма жамоалари бош мураббийлари билдириб ўтган фикрлар келтирилган:
Луис Фонсека (Испания) – Кувайт терма жамоаси бош мураббийи:
- Кувайт жудаям кичик мамлакат ҳисобланади. Бизни ҳатто харитада топиш ҳам мушкул. Шу сабабдан, Осиёнинг энг кучли жамоалари қаторига кирганимиздан ғурурланамиз. Чорак финалда бизга Австралия рақиблик қилади. Ушбу жамоа йилдан йилга ўз ўйинини кучайтириб бормоқда. Австралия билан бундан олдин ҳам ўйнаганмиз. Жамоа бизга яхши таниш. Бўлажак ўйинга режаларни тузиб чиқиб, ярим финалга чиқишга ҳаракат қиламиз.
Стивен Найт – Австралия терма жамоаси бош мураббийи:
- Бизнинг мусобақадаги асосий вазифамиз гуруҳдан чиқиш эди. Вазифани уддаладик ва бундан жудаям хурсадмиз. Энди, чорак финалда Кувайт терма жамоасини мағлубиятга учратишни истаймиз. Ўйиндан олдин имкониятларимиз тенг деб баҳолаган бўлардим. Кувайт Осиё футзали элитасига кириб бўлган жамоа. Уни жудаям кучли мураббийи бор. Шу сабабдан, бизга осон бўлмаслигини биламиз, аммо рақибга бор имкониятимизни ишга солиб қаршилик кўрсатмоқчимиз.