Дам олиш кунлари Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчилар тўп сурувчи Россия, Қозоғистон, Хитой, Украина, БАА, Хорватия миллий чемпионатларида навбатдаги тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Россия
Россия премьер-лигаси 2013/2014 йилги мавсуми якунига етиши бир тур қолганида, Биринчи Дивизионга тушиб кетган клублар номи маълум бўлиб улгурди. Хусусан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчи ярим ҳимоячиси тўп сурувчи Махачқалъанинг «Анжи» клуби ҳам кучлилар сафини тарк этадиган бўлди. 11 май куни «Краснодар»га қарши кечган баҳсда «Анжи» 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Учрашувда Гранквист томонидан киритилган ягона гол «Краснодар» футболчиларига ғалаба келтирди. Асосий таркибда майдонга тушган Одил Аҳмедов 64-дақиқада Александр Алиевга алмаштирилди.
Ўзбекистонлик бошқа бир футболчи – Виталий Денисов тўп сураётган Москванинг «Локомотив» клуби эса 29-турдан сўнг Россия чемпионлиги учун имкониятларини бир қадар пасайтириб қўйди. Сафарда «Ростов»га қарши кечган баҳсда Москва «темирйўлчилари» 0:2 ҳисобида имкониятни бой беришди. Учрашувда Виталий Денисов 90 дақиқа давомида тўлиқ майдонда ҳаракат қилди. Бироқ, унинг саъй-ҳаракатлари ҳам жамоасини аламли мағлубиятдан қутқариб қола олмади.
Навбатдаги, мусобақанинг сўнгги – 30-тур баҳслари «Локомотив» учун муҳим аҳамиятга эга. Ўз ҳамшаҳари ва 29-турдан сўнг мусобақа пешқадамига айланиб олган ЦСКАга қарши баҳс Виталий Денисов ва унинг жамоадошлари учун худди финалдек ўтади. Агар ушбу баҳсда «Локомотив» ғалаба қозонса ва чемпионликка яна бир даъвогар ҳисобланган «Зенит» «Кубань»га қарши ўйинда очко йўқотса, Виталий Денисов Россия чемпионлигини қўлга киритган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг навбатдаги вакилига айланади. Одил Аҳмедов тўп сураётган «Анжи» эса сўнгги турда «Крилья Советов»ни қабул қилади. 30-тур учрашувлари 15 май куни бўлиб ўтади.
Қозоғистон
10 май куни Қозоғистон Премьер-лигасида 11-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод Темур Кападзе ва Александр Гейнрих тўп сураётган «Актобе» клуби ўз майдонида ўзбекистонлик ҳужумчи Улуғбек Бақоев тўп сураётган «Иртиш»ни қабул қилди. Ўйин 3:0 ҳисобида Қозоғистон чемпионатида пешқадамлик қилаётган
«Актобе» ғалабаси билан якунига етди. «Актобе» сафида Кападзе 90 дақиқа давомида тўлиқ ҳаракат қилган бўлса, Александр Гейнрих 72-дақиқада захирадан майдонга тушиб, 83-дақиқада пенальтидан гол урди. «Иртиш» сафида эса Улуғбек Бақоев 90 дақиқа давомида тўлиқ майдонда ҳаракат қилди.
Шавкат Саломов ва Камолиддин Мурзоев тўп сураётган Қарағанданинг «Шахтёр» клуби 11-турда ўз майдонида «Тобол»ни қабул қилиб, йирик – 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўзбекистонлик ҳужумкор футболчилар бу турда гол уришгани йўқ – Шавкат Саломов 64-дақиқада захирага олинган бўлса, 73-дақиқада Камолиддин Мурзоев ўрнига Фернандес майдонга тушди.
14 май, чоршанба куни Қозоғистон Кубоги нимчорак финал учрашувлари бўлиб ўтади. Унда «Иртиш» «Қизилжар»ни қабул қилса, «Актобе» «Қайсар», «Шахтёр» эса «Лашин» меҳмони бўлади. 18 май, якшанба куни эса Қозоғистон Премьер-лигаси биринчи босқич иккинчи давра (12-тур) баҳслари старт олади. Шу куни яна бир бор «ўзбекистонликлар тўқнашуви» – «Актобе» – «Шахтёр» баҳсига гувоҳ бўлиш мумкин. «Иртиш» эса «Спартак»ни қабул қилади.
Хитой
9-11 май кунлари Хитой Суперлигасида 11-тур баҳслари бўлиб ўтди. Унда Анзур Исмоилов тўп сураётган «Чангчун Ятаи» клуби ўз майдонида «Жиангсу Сейнти» 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Артём Филипосян тўп сураётган «Лиаонинг Вовин» эса сафарда «Бейжинг Гуоан» қаршилигини синдира олмади – 0:1. 11-турдан сўнг «Чангчун Ятаи» 16 жамоа орасида 15, «Лиаонинг» эса 14-ўринни эгаллаб турибди. 17-18 май кунлари бўладиган 12-турда «Лиаонинг» ўз майдонида «Хенан Жианйе»ни қабул қилади, «Чангчун Ятаи» эса «Тианжин Теда» меҳмони бўлади.
Украина
11 май куни Украина Премьер-лигасида 29-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Санжар Турсунов тўп сураётган «Ворскла» клуби ўз майдонида «Днепр»ни қабул қилди. Учрашувда ҳисоб Санжар Турсуновнинг аниқ тўп узатишидан сўнг очилди – 16-дақиқада ўзбекистонлик футболчининг пасидан сўнг Владимир Чеснаков ҳисобни очди, бироқ полтаваликлар ўйин охиригача ҳисобдаги устунликни сақлаб қола олишмади. «Днепр» 68-дақиқадан 90-дақиқагача «Ворскла» дарвозасини тўрт бор аниқ нишонга олиб, уйга ғалаба билан қайтадиган бўлди.
Жамоа сўнгги турда Харьковда «Металлист» меҳмони бўлади. Учрашув 17 май куни ўтказилади. Маълумот учун, Украина чемпионатининг жорий мавсумида Турсунов 9 учрашувда майдонга тушиб, 1та гол урди ва 2та самарали тўп оширишни амалга оширди.
БАА
9-11 май кунлари БАА лигасида сўнгги - 26-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Мусобақа сўнгги турида Азиз Ҳайдаров тўп сураётган «Аш-Шабоб» клуби ўз майдонида «Банияс»ни қабул қилиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Учрашувда Азиз Ҳайдаров 49-дақиқада чилилик Карлос Вильянуэва ўрнига майдонга тушди. Собиқ «пахтакорчи» Ойбек Қиличев тўп сураётган «Аш-Шаъб» клуби эса мамлакат вице-чемпионига айланган «Ал-Ваҳда»ни қабул қилиб, 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Қиличев учрашув давомида тўлиқ, 90 дақиқа ҳаракат қилди. Мавсум якунига кўра, Азиз Ҳайдаров тўп сураётган «Аш-Шабоб» клуби 4, Ойбек Қиличев тўп сураётган «Аш-Шаъб» эса энг сўнгги – 14-ўринни эгаллади.
Хорватия
Тошкентнинг «Пахтакор» клуби собиқ ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов тўп сураётган Хорватиянинг «Хайдук Сплит» жамоаси мамлакат чемпионатининг 35-турида «Осиек»ни 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Учрашувда Темурхўжа Абдухолиқов майдонга тушмади. Аввалроқ, ўзбекистонлик футболчи Хорватия чемпионати совриндорига айлангани ҳақида хабар берилган эди.