«Реал» бош мураббийи Жозе Моуринью футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати ярим финалида Англиянинг Аргентинага 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиши учун терма жамоа устози Томас Тухельни айблади.
«Англия Аргентина тўхтатиб бўлмайдиган жамоа бўлгани учун эмас, балки ўзи рақибнинг ўйинга қайтишига имкон бергани учун ютқазди. Жаҳон чемпионати ярим финалида ҳисобда олдинда бора туриб, ҳужумни давом эттириш ўрнига ҳужумчиларни майдондан олиб, ҳимоячиларни туширасиз ва ўйиннинг сўнгги дақиқаларини бир тўплик устунликни сақлашга бағишлайсиз. Ана шу пайтда ўйин бутунлай ўзгарди.
Бу алмаштиришлар Аргентинага битта аниқ сигнал юборди: "Келинглар ва бизга ҳужум қилинглар". Бундай маҳорати юқори жамоага иккинчи таклифнинг ҳожати йўқ.
Футбол — бу ўйинни назорат қилиш санъати, назоратдан воз кечиш эмас. Англия олдинги чизиқда хавф солишдан тўхтаган заҳоти Аргентина ўзига ишонч ҳосил қилди, тўпни назорат қилди ва босимни кучайтирди.
Етти дақиқа ичида ўтказиб юборилган икки гол омадсизлик эмас, балки ташаббусни ўз қўлингиз билан рақибга бериб қўйганингизнинг қонуний натижаси. Аргентина даражасидаги футболчиларга қарши ўз жарима майдонингиз атрофида шунча вақт ҳимояланиб, барибир чидайман деб ўйлаш мумкин эмас.
Бундай даражада қўрқув доимо жазоланади. Англия ғалаба учун эмас, мағлуб бўлмаслик учун ўйнади. Аргентина эса бунинг учун уни жазолади», — деди Моуринью.
Эслатиб ўтамиз, Англия Энтони Гордоннинг 55-дақиқадаги голи эвазига 85-дақиқага қадар 1:0 ҳисобида олдинда бораётган эди. Бироқ учрашувнинг қолган қисмида Аргентина камбэк амалга оширди: Энсо Фернандес 85-дақиқада ҳисобни тенглаштирди, Лаутаро Мартинес эса 90+2-дақиқада ҳал қилувчи голни киритиб, жамоасини финалга олиб чиқди.













