Якшанба оқшомида миллий чемпионатларда қатор учрашувлар бўлиб ўтди. Хусусан, премьер-лигада чемпионлик кубоги ўз соҳибини топди. Одатда, мавсум якунлангач, чемпионга алоҳида тўхталиб ўтилади. Ғолиб жамоа мухлис ва мутахассислар, журналистлар диққат марказида бўлади. Биз эса бу сафар ана шу анъанадан бироз чекинишга қарор қилдик. Яъни саҳифамизда ёрқин ўйинлари билан эсда қолган ҳамда ушбу мавсумда Англиянинг 2-рақамли жамоасига айланган, қолаверса, ўзига хос тарихга эга бўлган “Ливерпуль” ҳақида фикр юритамиз.
ҚАЙТА УЙҒОНГАН АЖДАР
Жорий мавсумда жуда ажойиб ўйин кўрсатган “Ливерпуль” клуби сўнгги турларгача мухлисларини қувонтириб келди. Брендан Рожерс мазкур инглиз клубини тирилтирди. Шунингдек, ушбу мутахассис янги ўйинчиларни кашф этди. Хусусан, ёш бўлишига қарамай, асосий таркибдан жой олиб улгурган Раҳим Стерлинг кўпчилик футбол мутахассисларининг эътирофларига сазовор бўлди. Қолаверса, “Челси”да ўйини қовушмагач, маҳоратли футболчилар рўйхатидан чиқариб ташланган Старриж айнан Ливерпулда қайта порлади. Луис Суарес ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Бугун Уругвай бу футболчиси билан ҳар қанча фахрланса арзийди.
“Ливерпуль” сўнгги турда “Нюкасль” устидан иродали ғалабага эришган бўлса-да, иккинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлди. Аммо танганинг иккинчи томонига эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган мавсумларда ҳатто кучли тўртликка ҳам кира олмаётган, Европа лигаси йўлланмасини қўлга кирита олмаётган жамоа бу сафар 2-ўринни эгаллаб, Европа Чемпионлар лигасида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди. Шу билан бирга, жамоа миллий чемпионат матчларида кучли жамоалар устидан ҳам йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Бир сўз билан айтганда, Брендан Рожерс “Ливерпуль” аслида қандай жамоа эканлигини кўрсатиб қўйди. Шунинг учун ҳам чемпионлик қўлга киритилмагани учун “Ливерпуль”дан хафа бўлиш адолатдан эмас. Шундоқ ҳам жамоа олдига қўйилган мақсадни ортиғи билан бажариб бўлди. Бир сўз билан айтганда, Ливерпуль шаҳри клуби даҳшатли аждарга айланди. Унинг чангалидан омон чиқиш кўпчилик клублар учун катта қийинчилик туғдирди. Ахир “Манчестер Юнайтед”, “Тоттенхем”, “Арсенал”, “Эвертон” каби кучли жамоаларни йирик ҳисобда таслим қилган, “Манчестер Сити” устидан ҳам иродали ғалабага эришган клубдан ранжиш футболга бўлган ҳурматсизлик эмасми?!
САРБОН ТАЖРИБАЛИ БЎЛСА, КАРВОН УЗОҚҚА БОРАДИ
“Ливерпуль” ушбу мавсумда ўзига хос ажойиб натижалар қайд этди. Жумладан, гол уриш борасида характер кўрсата олди. Инглиз футболи, аслида, қанақа бўлишини барчага кўрсатиб берди. Брендан Рожерс шу пайтгача у қадар маҳоратли мураббий сифатида эътироф этилмасди. Боиси ўзингизга ҳам маълум. Аммо Кенни Далглишдан жамоани қабул қилиб олган мутахассис “Ливерпуль”ни яна рақобатбардош клубга айлантириш йўлларини узоқ излади ва топди. У футболчи танлаётганда кўпроқ иқтидорига таянди. Чунки Лондонда тузук ўйнай олмаётган, ҳатто захира футболчисига айланган Даниел Старриж варианти бироз таваккал эди. Ґатто ишқибозлар ҳам бу танлов нотўғри эканлигини қайта-қайта таъкидлашганди ҳам. Аммо Рожерснинг ички сезгиси алдамаганди. Старриж “Энфильд роуд”да яна голлар ура бошлади.
Юқорида тилга олганимиз Раҳим Стерлинг ҳам фавқулодда кутилмаган мўъжизалар кўрсатди. Кейинчалик эса шунақа ҳаракат қилдики, унинг ажойиб ўйинларига “кутилмаган” дея таъриф беришга ҳам иккиланиб қолдик. Тезлик, маҳорат, ўзига хос дриблинглар — бу Раҳим Стерлингнинг кашф этилган хислатлари эди. Уни эса, яна бир бор таъкидлаймиз, Брендан Роджерс кашф этди. Умуман, ушбу мутахассис ўринли ислоҳотларни амалга оширди. Агар ҳаммаси режадагидек кетса, кейинги мавсумларда “Ливерпуль” айнан ана шу бош мураббий қўл остида кўплаб совринларни қўлга кирита олади.
Нафақат Англия, балки дунё футболининг тирик афсоналаридан бирига айланиб улгурган Стивен Жеррард ушбу чарм тўп устаси жорий мавсумда ҳам кўнгилдагидек ҳаракат қилди. Гарчи “Челси”га қарши ўйинда қўпол хатога йўл қўйган бўлса-да, “Ливерпуль” олдидаги хизматлари унинг бу хатоларини унутишга арзийди. Таъкидлаш керак, Жеррарднинг узоқ йиллик тажрибаси “Ливерпуль”нинг иккинчи ўринни эгаллашида муҳим аҳамият касб этди.
Симон Минеоле. Бу посбон ҳам айнан ушбу мавсумда танилди. Чунки “Ливерпуль” дарвозаси дахлсизлиги айнан унга ишониб топширилди. Гарчи клуб дарвозаси кўп бора ишғол этилган бўлса-да, барибир, жамоанинг муваффақиятларида Минеоленинг ҳиссаси катта. Умуман олганда, Рожерс тузган таркибда янги ўйинчилар етарлича эди ва уларнинг ҳаммаси ишончли ҳаракат қилишди.
МАҚСАД ЧЕМПИОНЛИК ЭДИ...
“Кристал Пелас”га қарши матчда тайёр ғалаба қўлдан чиқарилгандан кейин майдонда ачинарли ҳолат юзага келди. “Ливерпуль”нинг ғалабага чанқоқ ўйинчилари бу омадсизликни кўтара олишмади. Айниқса, Луис Суарес изтиробларини жиловлай билмади. Унинг кўз ёшлари нафақат майдондаги, балки телеэкран қаршисидаги мухлисларни ҳам йиғлашга мажбур қилган бўлса, ажаб эмас. Бундан кўриниб турибдики, “Ливерпуль”нинг мақсади чемпионлик эди. Қолаверса, бутун мавсум давомида фантастик ўйин кўрсатган Суареснинг чемпион бўлмаслиги адолатсизликдек туюларди. Аммо футболда “майдон текис, тўп юмалоқ” деган ибора бор. Бу ибора эса “майдонда ҳамма нарса бўлиши мумкин” дея изоҳланади. Қолаверса, “Манчестер Сити” чемпионликка лойиқ эмас, дея ким айта олади? Менимча, футболни тушунадиган ҳеч бир мухлиснинг бундай дейишга тили бормаса керак. Лекин шундоқ ҳам “Ливерпуль” ўзидан ажойиб мавсум, ажойиб тарих қолдирди.
Ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради. Бу ёзилмаган қонун футболда ҳам кўп бора ўз тасдиғини топган. Шундай экан, жамоаси зафар қучганда ундан фахрланадиган ҳақиқий ишқибоз мағлубиятни ҳам ҳазм қилишни ўрганиши лозим. Бу айни дамда “Ливерпуль”нинг ашаддий ишқибозларига тегишли. Зеро, яна бир бор таъкидлаймиз, “Ливерпуль” ушбу мавсумдаги ўйини билан ҳар қандай эътирофга муносиб.
Низомжон ИСЛОМОВ