Тошкентнинг "Локомотив" клубини молдовалик легионер Андрей Кожокарь тарк этди. Футболчи moldfootball.com сайтига берган интервьюсида клубни тарк этиш сабаблари ва Ўзбекистон чемпионатидан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.
— Чемпионлар лигасидан чиқиб кетганимиздан кейин жамоада бош мураббий ўзгарди. Чемпионатнинг дастлабки ўйинида асосий таркибда майдонга тушдим ва сафарда кечган қийин баҳсда ғалаба қозондик. Шундан кейин мени захирага ўтқазиб қўйишди ва захирадан майдонга тушиб турдим. Шунда ҳам доимий равишда эмас. Мен кам ўйин амалиётига эга бўлдим. Ваҳоланки, мен Ўзбекистонга айнан ўйнаш учун йўл олгандим. Шу боис жамоа раҳбариятидан мени қўйиб юборишларини ўзим сўрадим. Ўзбекистон чемпионатида биринчи давра 23 июнь куни якунига етади ва бу вақтга келиб ўзимизнинг барча жамоалар шаклланиб бўлади. Мен вақт йўқотишни истамадим ва "Локомотив" раҳбарияти мени тўғри тушунишди.
— Тошкентнинг "Локомотив" клуби ҳақида яна нима дея оласиз?
— Клубнинг инфратузилмаси яхши йўлга қўйилган. Раҳбариятнинг муносабати ҳам менга ёқди. Умуман олганда, футболчилар фақат футбол ҳақида ўйлашлари учун барча шароит яратилган. Шунингдек, ўйинчиларни таркибга жалб қилиш борасида яхши селекция ишлари олиб борилган. Жамоада терма жамоага номзод кўплаб футболчилар йиғилган. Айтиш мумкин, улар маҳаллий юлдузлардир.
— Ўзбекистонда футболга бўлган муносабат билан Молдовадаги муносабат ўртасида қандай фарқ бор?
— Ўзбекистонда одамлар футболга қизиқишади. Барча мухлислар футболчиларни яхши танишади. Шунингдек, сафар ўйинларида, масалан, Намангандаги стадион мухлислар билан тўлганини кўриб ҳайратга тушдим. Баъзи стадионларда майдоннинг ҳолати унчалик яхши эмас, қолган ҳаммаси — ажойиб.
— Келажакдаги режаларингиз қандай? Молдова чемпонатига қайтасизми?
— Ҳозирча ҳеч нарса дея олмайман. Боиси, ҳали ўзим ҳам билмайман. Лекин аниқ таклифлар бўлса, ўйлаб кўраман.