Кириш Регистрация

Уммон Ўзбекистонга яна дарс ўтди

Баҳо:
+-5 | -

Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи ўйинда ҳам мухлисларни ранжитди.

Терма жамоамизнинг биринчи бўлимдаги ўйини мутлақо қовушмади. Футболчилар югуришмади ёки қаёққа югуришни билишмади. Назаримизда, дастлабки 45 дақиқалик Шацких, Бақоев ва Карпенконинг хайрлашув ўйини мақомига мос келди шекилли. Қайси маънода? Одатда хайрлашув ўйинларда жамоалар мухлисларга голлар шоусини уюштиришади, рақиб жамоа футбол билан хайрлашаётган ўйинчига гол уриш имконини беришади. Аммо, рақиб Уммон эди, улар хайрлашув ўйинига эмас, халқаро ўртоқлик учрашувига ташриф буюришганди.

Пол ле Гуэн шогирдлари хайрлашув ўйинини чиройли гол билан безаб беришди. Дастлабки зарбаларни бир амаллаб қайтарган вакилларимиз, уммонлик футболчининг сўнгги зарбаси олдида ожиз қолишди. 18 метрлардан йўлланган зарба дарвоза тўсинига тегиб, дарвоза тўридан жой олди.

Иккинчи бўлимда амалга оширилган ўзгаришлардан кейин Қосимов шогирдлари ўйинида жонланиш пайдо бўлди. 63-дақиқа Одил Аҳмедовнинг дарвоза бурчагига йўллаган зарбасини Али ал-Ҳабсий эгаллаб олди. Орадан 5 дақиқа ўтиб Жамшид Искандеров даврозагача 14-15 метрлардан тўпни дарвозага аниқ йўллай олмади. Қанотдан етказилган тўпни эса Фозил Мусаев бош билан дарвозанинг бўш қолган қисмига  тўғрилаб қўя олмади.

Ўйин тугашига 8 дақиқа қолганида футбочлиларимизда яхши имконият юзага келди. Кетма-кет зарбаларни ҳимоячилар ва дарвозабон жонбозлик билан қайтаришди. 86-дақиқада эса терма жамоамиз қарши ҳужум ташкил қилишда ва Диёр Туропов қулай позицияда очилди. Аммо унинг 16 метрдан йўллаган зарбасини Ал-Ҳабсий қийинчилик билан бўлса-да эгаллаб олди. Орадан 2 дақиқа ўтиб Рашидов жарима майдончаси ичида бир рақиб таъқибидан қочиб, ўткир бурчак остида чап оёқда кучли зарба берди. Посбоннинг маҳоратига шубҳа йўқ! Игорь Сергеев яқин масофадан ҳаволатиб келаётган тўпни оёғи билан дарвозага аниқ йўллай олмади - тўп дарвоза устида ўтиб кетди.

Иккинчи бўлимда уммонликлар майдонни "касалхонанинг жонлантириш бўлими"га айлантириб юборишди. Улар ё расмий ўйинлардаги шундай "тактика"ни репитиция қилишди, ёки уларга ғалабадан сув ва ҳаводек зарур шекилли. Русчасига айтганда, "зато" улар ўз мақсадларига эришишди.

Қосимов эса қандай мақсадни ўз олдига қўйганию, унга қай даражада эришганини унинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмаса керак ҳозирча. Ўзбекистон терма жамоаси ўз уйида араб жамоасига 2 марта ютқазиши ва иккита ўйинда бирорта ҳам гол ура олмагани шунчаки ачинарли, ҳаттоки бу ўйинлар ўртоқлик мақомида бўлса ҳам.

Қосимов "Бунёдкор"дан кетганидан кейин Волков жамоани қабул қилиб, Ўзбекистонга ОЧЛда "2+2" квотасини сақлаб қолганди. Миржалол эса терма жамоа орқали буни йўққа чиқармоқчими? Ишонамиз, унинг бундай нияти йўқ. Лекин у масаланинг бу томонини ўйламаяпти, ўйласа ҳам эплай олмаяпти.

Мухлислар ўйиндан кейин "Вадим! Вадим! Вадим!" ҳайқиришди ва стадионни тарк этишди.

ХАЛҚАРО ЎРТОҚЛИК ЎЙИНИ
ЎЗБЕКИСТОН - УММОН - 0:1
Огоҳлантириш: Одил Аҳмедов (60), Анзур Исмоилов (71)
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Ислом Тўхтахўжаев, Анзур Исмоилов, Шавкат Муллажонов (Диёр Туропов 83), Виталий Денисов, Одил Аҳмедов, Владимир Козак (Фозил Мусаев 60), Жасур Ҳасанов (Жамшид Искандеров 60), Виктор Карпенко (Сардор Рашидов 46), Максим Шацких (Игорь Сергеев 46), Улуғбек Бақоев (Наврўз Олимов 46).

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 21:01, 29.05.2014.
Ўқилди: 12425 марта.
Фикрлар: 156 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.