Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Сергей Лушан: «Менга 18 нафар ҳақиқий «жангчи» керак»

Баҳо:
+3 | -

«Бунёдкор» жамоаси мураббийлар штабида яна катта ўзгариш рўй берди. Ўзи яқинда Миржалол Қосимов бош мураббийликдан кетиб, унинг ўрнига Александр Волков вақтинчалик мураббий этиб тайинланганди. Сешанба куни жамоага расман бош мураббий тайинланди. Унга кўра, шу пайтгача клуб академиясини бошқариб келган Сергей Лушан «Бунёдкор»нинг янги бош мураббийи сифатида эълон қилинди. Айнан 3 июнь куни «Бунёдкор» футбол клубида йиғилиш ўтказилиб, унда жамоа аъзоларига Лушан расман таништирилди. Сергей Иванович «Бунёдкор» клуби учун бегона эмас. У 2007-2008 йиллар давомида «қалдирғочлар» сафида ҳаракат қилган. 2009-2010 йилларда «Бунёдкор» футбол мактаби мураббийи, 2011-2013 йилларда «Бунёдкор» ёшлар жамоаси мураббийи, 2013-2014 йилларда «Бунёдкор» фарм-клуби мураббийи бўлган. Шу йилда эътиборан Ўзбекистон ёшлар (U-19) терма жамоаси бош мураббийи лавозимида ҳам ишлаётганди. 4 июнь куни Лушан ЎФФ президенти Мираброр Усмонов қабулида бўлди. Биз айнан мана шу учрашувдан сўнг Сергей Лушандан интервью олдик.

- Сергей Иванович, бу таклиф сиз учун кутилмаган бўлдими?

- Нафақат мен учун, балки кўпчиликка ҳам кутилмаганда рўй берди. Воқеалар жуда тез ривожланди. Ҳозир вақт жуда кам. Биринчи галда йигитлар ва мураббийлар штаби билан гаплашиб олишим керак. Чунки менинг футбол фалсафам, футболни кўришим менга қадар ишлаган мураббийлардан ҳамда футболчилар намойиш этган ўйиндан бироз фарқ қилади. Лекин бирданига янгиликка қўл уриб ҳам бўлмайди. Икки ҳафта оралиғида 5та ўйин бор. 5 июнь куни «Нефтчи»ни қабул қиламиз. Кейин 10, 14, 18 ва 22 июнь кунлари ҳам шогирдларим майдонга тушишади. Уч кун ўтиб, тўртинчи куни учрашув. Шу боис, танаффусга қадар аҳамиятга молик катта ўзгаришлар бўлмайди. Давралар оралиғидаги бир ойлик танаффус чоғида ҳам таркибда, ҳам жамоа ўйин услубида тубдан ўзгаришларни амалга оширамиз. Селекцияга эътибор қаратиб, янги ўйинчиларни харид қилишни мақсад қилганмиз. Футболчилар билан илк учрашувдаёқ менинг қарашларимни тушунишга ҳаракат қилишди. Ўзи бош мураббийнинг алмашиши жамоага психологик зарба бўлмаслиги керак. Аксинча, йигитларга ўзини кўрсатиш учун яхшигина имконият юзага келади. Менинг талабларимга мос келадиган футболчилар билан ишлашда давом этамиз. Иккинчи даврада жамоани алмаштириш истагида юрган ўйинчилар ҳам йўқ эмас. Ҳеч кимни клубда мажбуран олиб қолиб, ўйнатмайман. Менга 18 нафар ҳақиқий «жангчи» керак. Бу футболчилар ақлан ва қалбан юз фоиз майдонда жон куйдириб ўйнашлари шарт. «Бунёдкор»нинг ижобий натижалари замирида айнан шу жиҳатлар асосий роль ўйнаган. Йигитлар шу нарсани тушуниб етишса, ўйлайманки, ҳаммаси биз учун ижобий давом этади. Акс ҳолда, таркибда яхшигина ўзгаришлар бўлади. «Бунёдкор» брендини туширишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва бунга йўл қўймаймиз.

- «Бунёдкор» асосан қанот ҳужумларига асосланган футбол намойиш этади. Шу маънода, ўйин услуби, тактикаларда ҳам ўзгаришлар бўладими?

- Мутахассис сифатида шуни айтишим мумкинки, бутун дунёда асосан қанот ҳужумларига асосланган футбол ўйнашади. Фақат ижрочилар борасида тафовут бор. Менинг футбол фалсафам прессинг ва тезкор ҳужумларни ўзида бирлаштиради. Терма жамоада ҳам шу асосда ўйнаб келаётгандик. Мухлисларга айнан шундай футбол ёқади. Майдоннинг ҳар бир қарич ерида футболчасига «жанг» бўлиши керак. Яшил майдонда юриш эмас, югуриш керак. Шу нарсани «Бунёдкор»да ҳам амалиётга татбиқ қилмоқчиман. Лекин ишонч билан шу нарсани айта оламанки, ҳозир ўйнаётган футболчиларнинг ҳаммаси ҳам бунга тайёр эмас. Кўрамиз, қолганини вақт кўрсатади. Энг муҳими, жамоа раҳбарияти менинг қарашларимни қўллаб-қувватлаяпти. Янги ўйинчиларни харид қилишимизда ёрдам беришга тайёрлар.

- Футболни кўришингиз, фалсафангиз сизга қадар «Бунёдкор»да ишлаган мураббийларнинг қараши ва тактикасидан қанчалик фарқ қилади?

- Бунёдкор»да фақат Миржалол Қосимов клуб билан бирга ОЧЛдан таш-қари барча мусобақаларни ютган. Мисол учун, ҳозирги ҳолатда жамоани Жованни Траппатони қабул қилиб олганда ҳам қийналарди. Кечагина янги иш жойига тайинланиб, бугун оламшумул ғалабалар ҳақида гапириш нотўғри. Зиммамга жуда катта масъулият юкланяпти. Биргина хато қандай оқибатларга олиб келиши кундек равшан. Яхши мураббий футболчилар билан бирга яшаши, уларнинг муаммоларидан хабардор бўлиб бориши лозим. Оиласида муаммоси бор футболчи қандай қилиб яхши ўйин кўрсатиши мумкин? Шу боис, мен биринчи галда ўйинчилар билан гаплашиб, улар ҳақида кўпроқ маълумот олишим даркор. Шунга қараб, кейин қолган ишларни йўлга қўямиз. Янги мураббий учун вақт керак. Клуб раҳбарияти ва мухлисларни эса ҳар қандай ҳолатда ҳам натижа қизиқтиради. Натижа яхши бўлса, ишлашда давом этаман. Акси бўлса ҳам истеъфога чиқишдан қўрқмайман. Мураббий ва футболчининг қисмати шу. Бундан ҳеч ким суғурталанмаган.

- Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидаги ишингиз нима бўлади?

- Мен ҳозиргина Мираброр Зуфарович қабулида бўлдим. Айнан шу мавзуда улар билан гаплашиб олдик. Терма жамоа бош мураббийлигини топширдим. Бир вақтда иккита жамоа билан ишлашнинг сира ҳам иложи йўқ. Гап Осиё чемпионатининг финал босқичига тайёргарлик кўраётган мамлакат терма жамоаси ҳақида кетяпти. Ўз ўрнида «Бунёдкор» ҳам ўз олдига юқори мақсадларни қўядиган клуб. Ҳар ҳолда амалдаги Ўзбекистон чемпиони. Икки жамоада бир вақтнинг ўзида ишлашга жисмонан ҳам улгурмасдим. Шундай бўлсада, терма жамоадаги ёрдамчиларим Илҳом Мўминжонов ва Дмитрий Ким ўз ишларини давом эттиришади. 8 июнь куни терма жамоамиз Ереван шаҳрига жўнаб кетади. У ерда Арманистон ёшлар терма жамоаси билан иккита ўртоқлик учрашуви ўтказиш режалаштирилган. Мўминжоновни «Пахтакор»дан, Кимни «Бунёдкор»дан таклиф қилгандим. Улар билан футболча қарашларимиз бир жойдан чиққан. Ишонаманки, иккала ёрдамчим ҳам биз биргаликда бошлаган ишни муваффақиятли давом эттиришади.

- Бу терма жамоада ким бош мураббий бўлади?

- Айни мавзуда Асқар Толибжонов билан гаплашиб олдик. Арманистонга терма жамоани Мўминжонов ва Ким олиб боришади. У ерда қайд этиладиган натижага қараб, «Терма жамоалар маркази» бош мураббий масаласини ҳал қилади. Менга қолса, икки ёрдамчимдан бири бош мураббий, иккинчиси ёрдамчи бўлгани яхши.

- «Бунёдкор» бош мураббийи бўлишдан воч кечиб, терма жамоада ишингизни давом эттиришингиз ва Осиё чемпионати орқали жаҳон чемпионатига шогирдларингизни бошлаб боришингиз мумкин эди. Сиз учун терма жамоа варианти яхшироқ эмасмиди?

- Очиғини айтсам, менда танлаш ҳуқуқи чегараланган эди. Сабаби, «Бунёдкор» билан шартномам бўлиб, мен бу нарсани муқаддас биламан. Келишувга амал қилиш керак. «Бунёдкор» раҳбарияти академиядаги энг кичик гуруҳдаги болаларга мураббийлик қилишим кераклигини айтса, мен буни бажонидил қабул қиламан. Агар шофёрликда клубга фойдам тегса, бунга ҳам тайёрман.

- Академиядаги ишингизни ким давом эттиради?

- Ҳозир бу масала бўйича иш олиб бориляпти. Яқин кунларда академиянинг янги раҳбари тайинланади. Энди академияда бош мураббийликчалик масъулият катта эмас. Аммо 24 соат давомида тинмай ишлаш керак. Академияда иш кўп, лекин дам олиш куни йўқ.

- Ўз ўрнингизда кимни кўришни хоҳлардингиз?

- Бундай номзодлар бор. Лекин ҳозир бу ҳақида гапирмоқчи эмасман. Бу борада клуб раҳбариятига ўз фикримни айтдим.

- «Бунёдкор» легионерлари ҳақида қандай фикрдасиз?

- Шундай хулосага келдимки, хорижлик ўйинчи маҳаллий футболчидан уч бош устун бўлиши керак. Ҳозирча бундай легионерлар йўқ. Агар халқаро майдонда ҳам ижобий натижаларни қўлга киритишни мақсад қилган бўлсак, демак, бизга Европа даражасидаги тайёр хорижликлар керак. Худди араб жамоаларининг легионерлар борасида олиб бораётган сиёсати каби. Кўряпсиз, ОЧЛда қатнашаётган араб клубларида асосий ишни 3-4 нафар легионер қиляпти. Мен бу мавзуда клуб раҳбарлари билан гаплашиб олдим.

- Мураббийлар штабида ўзгариш қиласизми?

- Ҳозирча шу пайтгача ишлаб келган мураббийлар штаби билан ишлашда давом этамиз. Менинг қарашларимни қўллаб-қувватлашса, фикримиздан бир жойдан чиқса, демак, муаммо бўлмайди. Юқорида айтдим, мен прессинг ва ҳужумга асосланган футболни яхши кўраман. Футболчилардан ҳам шуни талаб қиламан. Тўғри, аксарият ўйинчиларимиз позицион футбол ўйнашга ўрганиб қолишган. Энди бироз ўзгаришларига тўғри келади. Кимдир кучли босим остида ўйнашга тайёр бўлмаслиги аниқ. Начора, кўникишга мажбур. Масалан, ёшлар терма жамоасига кўрик учун 68 футболчини таклиф қилган бўлсак, улардан бор-йўғи 16 нафари «пичоққа илинган». Қолганлари биз қўйган талабга жавоб бермаган. Бирданига жиддий ислоҳотларни олиб бориш ниятим ҳам йўқ. Ўзбекистон кубоги чорак финал доирасидаги «Олмалиқ» билан ўтказиладиган дастлабки ўйинда янгича «Бунёдкор»ни кўришингиз мумкин. Ҳамиша исталган нарсани бузиш осон, лекин қуриш қийин. Бу нарсани ҳам унутмайман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 14:40, 07.06.2014.
Ўқилди: 5622 марта.
Фикрлар: 32 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.