Хабарингиз бор, жорий футбол мавсумида ўзбекистонлик икки ўйинчи Малайзия чемпионатида тўп суришяпти. “Пахтакор”нинг собиқ таянч ярим ҳимоячиси Дилшод Шарофетдинов суперлиганинг “Сайм Дарби” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган бўлса, 31 ёшли марказий ярим ҳимоячи Ярослав Крушельницкий қишда “Шўртан”дан премьер-лиганинг “Фелда Юнайтед” клубига кўчиб ўтганди.
Кеча, 7 июнь куни “Фелда Юнайтед” Малайзия футбол ассоциацияси кубоги финалида юқори лига вакили “Паханг” билан тўқнаш келди. Ҳамюртимиз жамоаси узоқ вақт давомида 1:0 ҳисобида олдинда юришига қарамай, якунда барибир мағлубиятни тан олишга мажбур бўлди. Учрашувда Крушельницкий тўлиқ иштирок этди.
“ФЮ” 15-дақиқада ҳисобни очган эди. Аммо ўйиннинг энг охирида устунликни бой бериб қўйди ва аламли мағлубиятга учради. Рақиблардан 80- ва 90-дақиқаларда икки гол ўтказиб юборди.
Шу тариқа, ОФК кубоги-2015га бериладиган йўлланмани “Паханг” илиб кетди.
Улуғбек Мирзаев