17 июнь куни Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида 2015 йили ўтказиладиган аёллар ўртасидаги U-16 ва U-19 Осиё чемпионати саралаш баҳсларига қуръа ташланади.
U-16 ўсмир қизлар ўртасидаги ОЧ саралаш баҳсларида иштирок этадиган Ўзбекистон U-16 ўсмирлар терма жамоаси 17 июнь куни саралаш баҳсларидаги рақиблари номини билиб олади. Марказий-Жанубий ва Ғарбий Осиё минтақасидан ўрин олган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 6-12 октябрь кунлари саралаш баҳсларида иштирок этади. Саралаш ўйинлари бўлиб ўтадиган мамлакат номи кейинроқ ОФК томонидан эълон қилади.
Саралаш баҳслари форматига кўра, Марказий-Жанубий ва Ғарбий Осиё минтақасига кирувчи 12та терма жамоа 6тадан икки гуруҳга бўлинган ҳолда саралаш баҳсларида иштирок этишади. Гуруҳ ғолиблари тўғридан-тўғри ОЧ финал босқичига йўлланмани қўлга киритадилар. 2013 йили ўтказилган U-16 Осиё Чемпионатида дастлабки тўрт ўринни эгаллаган терма жамоа (Япония, КХДР, Хитой, Таиланд), 2015 йилги Осиё Чемпионати финал босқичига саралаш ўйинларисиз йўлланмани қўлга киритган.
Аёллар ўртасида U-19 ОЧ саралаш баҳсларида иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоаси 3-9 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган саралаш баҳсларида иштирок этади. Мазкур саралаш баҳсларидаги рақиблар номи ҳам 17 июнь куни аниқланади. Саралаш ўйинлари бўлиб ўтадиган мамлакат номи кейинроқ ОФК томонидан эълон қилади.
Саралаш баҳслари форматига кўра, Марказий-Жанубий ва Ғарбий ҳамда Шарқий минтақага кирувчи жами 14 жамоа жами тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда 1-саралаш босқичида иштирок этадилар. Гуруҳ ғолиблари ОЧ финал босқичига йўлланмани қўлга киритадилар. 2013 йили ўтказилган U-19 Осиё Чемпионатида дастлабки тўрт ўринни эгаллаган терма жамоа (Жанубий Корея, КХДР, Хитой, Япония), 2015 йилги Осиё Чемпионати финал босқичига саралаш ўйинларисиз йўлланмани қўлга киритган.
Маълумот ўрнида, ҳар иккала ёш тоифасидаги ОЧ-2015 финал босқичи ўйинлари мезбонлари ОФК томонидан кейинроқ тасдиқланади.