Профессионал бокснинг супер оғир вазн тоифасида ўз жангларини ўтказаётган ҳамюртимиз Аҳрор Миролимовнинг навбатдаги рақиби маълум бўлди. Хабар берганимиздек, у 27 июнь куни АҚШнинг Хьюстон шаҳрида рингга кўтарилади.
Унинг рақиби америкалик 39 ёшли Рико Хойе бўлди. Рико профи рингда 27 та жанг ўтказган бўлиб, шуларнинг 24 тасида ғалаба қозонган. Нокаутлар сони 16 та. Уч маротаба мағлубият аламини тотиб кўрган.
У сўнгги жангини ўтган йилнинг 2 ноябрь куни Брэндон Уиэннерга қарши ўтказиб, муддатидан аввал ғалаба қозонганди.
Ахрор Миролимов эса фаолияти давомида 15 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида рақибларини мағлубиятга учратган. Унинг ҳисобида 12 та нокаут бор. Сўнгги жангини ўтган йилнинг 3 октябрь куни Нейт Жеймсга қарши ўтказиб, учинчи раундда нокаут билан ғалаба қозонганди.
Эслатиб ўтамиз, Ахрор Миролимов яна бир бир ҳамюртимиз Баҳодир Мамажонов билан бирга АҚШнинг Техас штати, Хьюстон шаҳрида Кен Ричардсон мураббийлигида жангларга тайёргарлик кўрмоқда.
Айнан 27 июнь куни Мамажонов ҳам навбатдаги рейтинг жангини ўтказади. “Баха” африкалик Осуману Акабага (31-5, 24 КО) қарши рингга кўтарилади.