Ҳақиқий жаҳон чемпионати энди бошланди, ўртоқлар! Мана шундай ўйинларда ҳакамларнинг хатолари ҳам кўринмай қолади, шундай жангларда реферилар ҳам орқа планга ўтишади. Ким ўйлабди дейсиз, Испания терма жамоаси ўз дарвозасидан нақ 5та (!) тўп ўтказиб юборишини, ким туш кўрибди дейсиз, амалдаги жаҳон чемпионлари дастлабки ўйиндаёқ йирик ҳисобда тор-мор этилишини!
Оҳ, бу учар голландлар, оҳ, бу футболни нозик ҳис қилувчи ўлка юрт юрт вакиллари! Қаршингизда шунчаки бош эгамиз, ўйинингизга жим туриб қарсак чаламиз. Роббен 4 йил аввалги финални унутмаган экан (ўшанда у жуда қулай имкониятдан фойдалана олмаганди), у бу галги Мундиални ўзгача иштёқ билан кутибди. Арьен исталган услубда, кўнгли тортган йўл билан Испания дарвозасини ишғол қилди. Ван Перси эса учган ҳолда ҳисобни тенглаштирган бўлса, ўзининг иккинчи голини эса бутун бошли "қизил фурия" ҳимояси устидан кулган ҳолда киритди.
Нима ҳам дердик, йирик ғалаба муборак, Голландия! Бу ўйинга ҳар қанча шарҳ ёзиб ҳам уни тўлалигича очиб бера олмаймиз. Бу ўйинни шунчаки томоша қилиш керак, такрорий трансляция орқали бўлса ҳам!
Биз бундай ўйинни яна қайта кўришга қарши эмасмиз, ҳаттоки кейинги баҳс ФИНАЛ бўлса ҳам!
ЖЧ-2014. "В" гуруҳи. 1-тур
ИСПАНИЯ – ГОЛЛАНДИЯ - 1:5 (1:1, 0:4)
Голлар: 1:0 – 27, пенальти Алонсо, 1:1 – 44 ван Перси, 1:2 – 53 Роббен, 1:3 – 64 де Врей, 1:4 – 72 ван Перси, 1:5 – 80 Роббен.
Испания – Касильяс, Аспиликуэта, Рамос, Пике, Альба, Хави, Бускетс, Алонсо (Педро, 63), Сильва (Фабрегас, 78), Иньеста, Коста (Торрес, 63).
Голландия – Силессен, Янмат, де Врей (Велтман, 77), Влар, Мартинс Инди, Блинд, де Гузман (Вейналдум, 62), Н. де Йонг, Снейдер, Роббен, ван Перси (Ленс, 79).
Огоҳлантиришлар: де Гузман (25), де Врей (41), Касильяс (65), ван Перси (66).