Жаҳон чемпионатининг ҳар бир ўйини қизғин курашлар остида кечмоқда. Чили-Австралия ўйини эса ҳакамларнинг қўпол хатосисиз ўтган дастлабки ўйин бўлди (бош ҳакам — ивуарлик Нумандьез Дуэ).
Чили терма жамоаси кутилган ва ҳаққоний ғалабасини қўлга киритди. Лекин лотин америкаликлар осонлик билан 3 очкони қўлга киритишгани йўқ. Ваҳоланки, ўйининг дебютидаёқ (11 ва 13-дақиқалар) Хорхе Сампаоли шогирдлари Санчес ва Вальдивиянинг ҳаракатлари орқали рақиб дарвозасини 2 марта ишғол қилишганди. Тим Кэхилл эса биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ҳисобни қисқартириб, ўйинга интригани қайтарди.
Мазкур интрига иккинчи бўлимда ҳам сақланиб турди. "Соккерузлар"нинг ҳужумлари хавфлироқ кўриниш ола бошлади. Агар Кэхилл ва Брешиано ҳужумнинг якунловчи қисмида бироз омадлироқ ҳаракат қилишганида, бу ўйин қандай ҳисоб билан якунланишини тахмин қилиш қийин кечарди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса захирадан майдонга тушган Жан Босежур Чилининг учинчи голини урди ва ўйин тақдирини ҳал қилди.
Чили терма жамоаси дастлабки турдан кейин Голландия билан бирга "В" гуруҳида пешқадамлик қилмоқда.
ЖЧ-2014. "В" гуруҳи, 1-тур
ЧИЛИ - АВСТРАЛИЯ 3:1 (2:1)
Голлар: 1:0 – 12 Санчес, 2:0 – 14 Вальдивия, 2:1 – 35 Кэйхилл, 3:1 – 90 Босежур.
Чили: Браво, Исла, Хара, Медель, Мена, Диас, Видаль (Гутьеррес, 60), Арангис, Вальдивия (Босежур, 68), Варгас (Пинилья, 88), Санчес.
Австралия: Райан, Франьич (Макгоуэн, 49), Дэвидсон, Шпиранович, Уилкинсон, Миллиган, Брешиано (Тройси, 78), Единак, Лекки, Кэйхилл, Оур (Хэллоран, 69).
Огоҳлантиришлар: Кэйхилл (44), Единак (58), Миллиган (67), Арангис (86).