Португалия терма жамоаси АҚШ билан ўйиннга қўшиб берилган 5-дақиқада мағлубиятдан қутулиб қолди. Акс ҳолда Роналду ва унинг жамоадошлари Испания ва Англия сафини тўлдирган ҳолда, Европа сари эрта юзланардилар.
Ўйин Бету шогирдлари учун ажойиб тарзда бошланганди. Бешинчи дақиқадаёқ АҚШ ҳимоячиси Камэрон қўпол хатога йўл қўйди ва Нанига чиройли узатмани амалга оширди. Луиш эса бош билан дарвозани ишғол қилди.
Шундан кейин АҚШ рақиб дарвозаси томон босимни юзага келтирди. Шунга қарамай, биринчи бўлим сўнггида Нани ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин эди, аммо Ховардни дарвоза устуни голдан қутқариб қолди.
Иккинчи бўлим бошида босимни оширган америкалар 64-дақиқада Жермей Жонснинг жарима майдончаси ташқарисидан йўллаган зарбаси орқали ҳисобни тенглаштиришди. Ўйин тугашига 10 дақиқа қолганида эса Клинт Демпси ўз жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Қолган дақиқаларда Клинсманн шогирдлари ишончли ҳимоялана бошлаган бўлишса, Португалия рақиб мудофаасини ёриб ўтишда муаммларга дуч келди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг бешинчиси Варела миллат қутқарувчисига айланди. У Роналду томонидан қанотдан етказилган тўпни бош билан дарвозага йўллади.
Португалия терма жамоаси етакчиси Криштиану Роналду бу ўйинда ҳам унчалик яхши ҳаракат қила олмади. У бир нечта имкониятларни йўққа чиқарди.
Бу гуруҳда интрига янада ошди. Германия ва АҚШ терма жамоалари ҳисобида 4тадан, Гана ва Португалияда эса 1тадан очко бор. Португалияликлар кейинги босқичга чиқишлари учун сўнгги турда Ганани йирик ҳисобда (иложи борича тўртта тўп фарқи билан) енгиши ҳамда Германия эса АҚШни мағлуб этишига умид қилишлари лозим. Акс ҳолда Мундиал Роналдусиз давом этади.
ЖЧ-2014. "G" ГУРУҲИ, 2-ТУР
АҚШ - ПОРТУГАЛИЯ - 2:2 (0:1)
Голлар: 0:1 – 5 Нани, 1:1 – 64 Ж.Жонс, 2:1 – 81 Демпси, 2:2 – 90 Варела.
АҚШ: Ховард, Жонсон, Кэмерон, Безлер, Бисли, Брэдли, Ж.Жонс, Бедойя (Йедлин, 72), Беккерман, Зуси (Гонсалес, 90), Демпси (Вондоловски, 87).
Португалия: Бету, Перейра, Алвеш, Кошта, Алмейда (Карвалью, 46), Велозу, Моутинью, Нани, Мейрелеш (Варела, 69), Роналду, Поштига (Эдер, 16).
Огоҳлантириш: Ж.Жонс (75).