ЖЧ-2014 "А" гуруҳининг 3-тур баҳсларида Бразилиянинг ғалабасини қайсидир маънода тахмин қилиш мумкин эди, аммо Хорватия-Мексика жуфтлигидан қайси бири кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритишини олдиндан айтиш мушкул эди. Дуранг натижа Мексикани қаноатлантириши эса тактика танлашда уларга осонлик тақдим этди.
КОНКАКАФ вакиллари ўйин бошидан мустаҳкам ҳимоя қўрғонини ташкил қилиб, шахматранглиларга хавфли ҳужум ташкил қилиш имконини бермади. Ўз навбатида мексикаликлар вақти-вақти билан ҳужумга ўтишни ҳам унутишмади.
Иккинчи бўлимнинг 60-дақиқаларидан кейин хорватларнинг толиқиб бораётгани кўзга ташланди. Ана шу вазиятда Мексика бош мураббийи майдонга Хавьер Эрнандесни туширди. Орадан кўп ўтмасдан улар ҳисобни очишди. Бурчакдан етказилган тўпни Мексика сардори Маркес бош билан дарвозага йўллади.
Иккинчи гол ўзини кўп куттириб қўймади. Қарши ҳужум пайтида Гуардадо ўзи томон узатилган қулай узатмани йўққа чиқармади ва ҳисобни 2:0га етказди. Мексиканинг "сеҳрли таёқчаси" вазифасини бажараётган Чичарито ҳам бу кеча майдонни голсиз тарк этмади. Бурчакдан етказилган тўпни футболчилардан бири бош билан ортга ўтказиб юборди ва Эрнандес осонлик билан дарвозанинг бўш қолган қисмини ишғол қилди.
Хорватия эса Перишичнинг саъй-ҳаракатлари эвазига битта жавоб тўпини киритишди. Иван ҳужумни ўзи бошлади ва Ракитични тўпни қабул қилди ва Очоа билан юзма-юз ҳолатда дарвозабонни доғда қолдирди. Якуний ҳисоб - 3:1, Мексика фойдасига. Мексикаликлар ўзлари иштирок этаётган ЖЧларида кетма-кет олтинчи маротаба плей-оффга чиқишмоқда.
Ўйин тугашига 1 дақиқа қолганида Равшан Эрматов хорватиялик Ребични майдондан четлатди. Футболчи бутсаси тишлари билан рақиб оёғига очиқчасига тепгани учун тўғридан-тўғри қизил карточкага муносиб кўрилди.
Параллел кечган ўйинда Бразилия Камерунни 4:1 ҳисобида мағлуб этди ва тўплар нисбатига кўра гуруҳда 1-ўринни эгаллашди. Бугунги ўйинлардан кейин нимчорак финалнинг иккита жуфтлиги аниқ бўлди: Бразилия-Чили, Голландия-Мексика.
ЖЧ-2014. "А" ГУРУҲИ, 3-ТУР
ХОРВАТИЯ - МЕКСИКА - 1:3 (0:0)
Голлар: 0:1 – 72 Маркес, 0:2 – 75 Гуардадо, 0:3 – 82 Х. Эрнандес, 1:3 – 87 Перишич.
Хорватия: Плетикоса, Врсалько (Ковачич, 58), Чорлука, Ловрен, Праньич (Елавич, 74), Модрич, Ракитич, Срна, Перишич, Олич (Ребич, 69), Манджукич.
Мексика: Очоа, Маcа, Маркес, Морено, Агиляр, Лайюн, Эррера, Гуардадо (Фабиан, 84), Васкес, Перальта (Пенья, 79), дос Сантос (Х. Эрнандес, 62).
Огоҳлантиришлар: Ракитич (9), Маркес (39), Васкес (66).
Четлатиш: Ребич (89).