Голландия терма жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб бораётган яқин ўтмишнинг машҳур футбол юлдузи Патрик Клюйверт "учар голландлар"нинг Жаҳон чемпионати ярим финалдаги рақиби Аргентина терма жамоаси ҳақида илпиқ фикрларни билдириб ўтди.
"Аргентина терма жамоасининг ўйини ҳавас қилса арзийдиган даражада. Ярим финал биз учун ҳам, улар учун ҳам қийин бўлади. Рақимиз таркибида индивидуал маҳорат эгалари талайгина. Иккала терма жамоада ўйин тақдирини ҳал қила оладиган футболчилар етарли. Мессини тўхтатиш? Аргентина Роббенни қандай қилиб тўхтатмоқчи?"
Шунингдек, Клюйверт Коста-Рика билан бўлган 120 дақиқалик ўйиндан сўнг футболчилар ярим финалгача ўзларини бемалол тиклаб олишларига умид қилишини айтиб ўтди.
"Албатта бундай ўйиндан сўнг чарчоқ бўлиши табиий. Бироқ Аргентинада ҳам худди шундай бўлиши аниқ. ЎЗ формамизга қайтишимиз учун етарли вақтимиз бор. Йигитлар ўзларини тиклаб олиш учун тўрт кун вақт бор ва тўрт кун менича кўп".