Сўнгги йилларда мамлакатимиз таэквондо (WTF) усталари қаерга боришмасин, улар иштирокидаги мусобақалар нуфузи нечоғлик юқори бўлмасин Ватанимизга шода-шода медаллар билан қайтишлари яхши анъанага айланиб бормоқда.
Албатта, халқаро майдонларда муваффақиятлар салмоғини йилдан-йилга кўкка бўй чўзиб бориши энг аввало юртимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасига Давлатимиз томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор ҳамда яратилган шарт-шароитлар асосий омил бўлмоқда.
Эътиборлиси, жаҳон спорт майдонларида ўтказилаётган йирик мусобақаларда юксак натижаларни қўлга киритилишида аёллар терма жамоамизнинг қўшаётган ҳиссаси ҳам салмоқли бўляпти.
Бугун Сизларга яқиндан таништирмоқчи бўлган қаҳрамонимиз ҳам ўз олдига доимо юқори мақсадларни қўядиган тажрибали спортчи Умида Абдуллаева бўлади.
Жорий йилнинг 20-21 март кунлари Хитой Тайпейида Таэквондонинг WTF йўналиши бўйича ўтказилган халқаро турнирда муваффақиятли иштирок этиб, 16-28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказиладиган иккинчи ўсмирлар ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритган ҳамюртимиз Умида Абдуллаева айни пайтда бўлажак йирик мусобақага жиддий ҳозирлик кўрмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мусобақадан-мусобақага тажриба ва маҳоратини тоблаб бораётган Умида Хитой Тайпейида дунёнинг юздан зиёд давлати вакиллари иштирокида бўлиб ўтган лицензион турнирда Баҳрайн, Мексика, Украина ва ҳал қилувчи финал баҳсида АҚШ терма жамоаси аъзосини мағлуб этиб, Ўзбекистон таэквондо мактаби қай даражада тараққий этиб бораётганлигини амалда яна бир бора исботлади.
“Албатта, Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ҳар бир спортчининг улкан орзуларидан бири ҳисобланади – дейди Умида Абдуллаева. Ўсмирлар Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритиб, спортда ўз олдимга қўйган дастлабки олий мақсадимга эришдим. Ота-онам, устозларим спортчи ҳеч қачон эришган муваффақиятидан ҳаволаниб кетмаслиги ва янгидан-янги марралар сари дадил одимлаши зарурлигини кўп бора уқтиришади. Уларнинг ўгитлари мени доимо рухлантириб, янада юқори марраларни забт этишга чорлайди. Эндиги мақсадим ўсмирлар Олимпиада ўйинларида ҳам она Ватаним шаънини муносиб ҳимоя қилиш ва совриндорлар сафидан ўрин эгаллашдир”.
1997 йилнинг 12 июль куни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида таваллуд топган Умида болалигидан спортга мехр қўйди. Ўн ёшидан таэквондо (WTF) спорт тури билан мунтазам равишда шуғулланиб келаётган Умида дастлаб биринчи устози Паҳлавон Собировдан шарқ яккакурашининг ушбу тури сир-асрорларини қунт билан ўзлаштира бошлади.
Тўрт бор Ўзбекистон чемпионатида шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган Умида Абдуллаева тез орада терма жамоа мураббийлари назарига тушди ва халқаро мусобақаларда ҳам бирин-кетин ғалабаларни қўлга киритиб, чиндан ҳам юксак иқтидор соҳибаси эканлигини намоён эта олди.
2012-2013 йилларда Корея очиқ чемпионатида олтин медалга сазовор бўлган қаҳрамонимиз, 2014 йилги мавсумда ҳам зафарли одимлашда давом этмоқда.
Ўсмирлар Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритган Умида 25-28 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида ҳам барча рақибларини мағлуб этиб, ўз вазнида қитъанинг тенгсиз спортчиси деган шарафли номга сазовор бўлди.
24 июлдан бошлаб Умида терма жамоамиз таркибида Ўзбекистон Таэквондо (WTF) миллий ассоциациясининг базасида Нанкин ўйинларига тайёргарликни давом эттиради. Умид қиламизки тажрибали спортчимиз ўсмирлар Олимпиада ўйинларида ҳам ўзига билдирилган ишончни аъло даражада оқлайди. Бу йўлда унга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.