Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Акмал Холматов: «Нефтчи»га қайтганимдан хурсандман»

Баҳо:
+ | -

Маълум муддат ўтиб, яна«Нефтчи»га қайтган Акмал Холматов яқинда “ФЭ” газетаси мухбири Фирдавсхонга интервью берди. Қуйида шуни ўқишингиз мумкин.    

«ҚАЧОНДИР ҚАЙТИШИМ КЕРАК ЭДИ»

- «Нефтчи»га қайтишингиз сиз учун муҳим аҳамиятга эгами?

- Албатта. «Нефтчи» мен учун буюк жамоа. Бундай жамоага қайтиб келганимдан хурсандман. Кучим бор экан, ёрдам беришга тайёрман.

- Илгари «Нефтчи»да Юрий Саркисян мураббийлиги остида тўп сургансиз. Ҳозирги жамоа эса умуман бошқа. Сиз учун олдин тўп сурган жамоадан фарқ қилиши табиий. Шуни ҳисобга олганда ўзингизни қандай ҳис қилмоқдасиз? 

- Ишонасизми, бу ерга биринчи марта келгандекман. Жамоада иқтидорли ёшлар кўпчиликни ташкил қиляпти. Мураббийларнинг ҳам келажаги порлоқ деб ўйлайман. «Нефтчи»да фаолият кўрсатаётган барчанинг мақсади жамоанинг олдинги мавқеини тиклаш. «Нефтчи»га Холматов келди, энди ҳаммаси яхши бўлади деган гап йўқ. Жамоада ким ўйнашидан қатъий назар ҳамма битта мақсад сари интилиши керак. 

- Бу ерга қайтишингиз тасодифан юз бердими ёки аввалдан режалаштириб юрармидингиз?

- Тўғрисини айтсам, бундай режам йўқ эди. Менда битта режа бор: фақат футбол ўйнаш. Бунгача «Локомотив»да тўп сурдим. Ҳар бир мураббийнинг иш услуби ўзгача бўлади. Нима бўлганда ҳам яна такрорлайман: «Нефтчи»га қайтганимдан хурсандман.

- Фарғоналикларнинг таклифи сиз учун кутилмаганда содир бўлдими?

- Балки, кутилмаган деса ҳам бўлар, аммо қачондир шундай бўлиши керак эди.

- Қадрдон клубга қайтганингизда беихтиёр олдинги хотиралар ёдга тушиши мумкин. Шундай ҳолатни ҳис қилдингизми?

- Ҳа, эсладим. «Нефтчи» барибир Ўзбекистоннинг етакчи жамоаларидан бири бўлиб қолаверади. Унинг бир бўлаги бўлганимдан мамнунман. Балки мени яна шу мақсадда таклиф қилишгандир. Ҳозирги ёшларга ўрнак бўлишимизни истаб ҳамкорликка қўл уришган бўлиши ҳам мумкин. Лекин олдиндан мана бу ишни уддалаймиз деб айта олмайман. Қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Мен ёшларга ўрнак бўлишга уриниб кўраман.

- Бош мураббий Мурод Исмоилов сиз ҳақингизда илиқ фикрларни айтди ва жамоа ўйинига жозиба бермоқда дея алоҳида таъкидлади.

- Балки биз келганимиздан сўнг жамоа ўйини озгина бўлса ҳам ўзгаргандир, ишонаманки, ҳаммаси яхши томонга. «Нефтчи»га мендан ташқари Шерзод Ҳакимов ва Андрей Акопянц ҳам келди. Барчанинг мақсади эса битта - фарғоналик мухлисларни қувонтириш. Ўзингиз ҳам биласиз, «Нефтчи» қандай жамоа бўлганлигини. Унинг шонли мавқеини тикламасак бўлмайди. Юрий Саркисянни ҳамма ҳурмат қилади. Ўйлайманки, ушбу мураббийнинг номини ҳам янада кўтаришимиз лозим. Биз нима учун ўйнаймиз? Албатта ишқибозларни қувонтириш учун. Тўғри, пул ҳам керак, лекин ҳар доим мухлисларни биринчи ўринга қўйиш керак. Уларни бежизга 12-ўйинчи деб аташмайди. Жамоани қўллаб-қувватлашлари бизга қўшимча куч беради.

«ЛОКОМОТИВ»ДАН КЕТИШИМГА МУРАББИЙНИНГ АЛОҚАСИ ЙЎҚ»

- «Локомотив»ни тарк этишингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

- «Локомотив»дан кетишим қийин бўлди. У ерда икки ярим йил тўп суриб, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлдим. Мана шундай жамоада ўйнаганимдан хурсандман. Ҳақиқатдан, ажойиб жамоа шаклланган. Клуб раҳбариятига ҳам алоҳида миннатдорчилик билдираман. Улар футболнинг чинакам жонкуярлари ҳисобланади.

- «Локомотив»нинг эришган ютуқларида ҳиссангиз борлигини яхши биламиз. Бироқ Вадим Абрамов бош мураббий лавозимини эгаллагач сиз кўпинча захирада қолиб кетдингиз.

- Бунга биринчи навбатда ўзимни айбдор қилиб кўрсатган бўлардим. Балки машғулотларда камроқ ишлагандирман. Футболда ҳар хил ҳолатлар бўлади. Кўриб турибсиз, жамоада яхши ўйинчилар йиғилган. Ростдан ҳам мендан кучлироқ футболчилар бор деб ҳисоблайман. Чунки бу - футбол, ундан хафа бўлиш керак эмас. Мен футболни яхши тушунаман, бу спорт турида фақат яхши ўйин кўрсатиш керак. Вадим Абрамов эса ақлли мураббий. У футболни яхши тушунади, миллий терма жамоада ҳам самарали фаолият олиб борган. Футболчиларнинг имкониятларини, ким нимага қодирлигини билади. Шунингдек, жамоасини ўйинга қандай тайёрлашни ҳам бошқалардан кўра яхшироқ ўзлаштирган. Мураббий мени майдонга туширмадими, бунга фақат ўзим сабабчиман. Ўз устимда кераклича ишламадим.

- Демак, мураббий билан ўртангизда ҳеч қандай муаммо йўқ!

- Мутлақо! Бу ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Мен кераклича ўйнай олмаганимга мураббийнинг алоқаси йўқ. Барча айб ўзимда деб ҳисоблайман.

- «Локомотив»да мендан кучлироқ футболчилар бор дея буни тан оляпсиз ва бундай очиқ гапириш ҳамманинг қўлидан келавермайди.

- Ҳа, шундай. Мен ўйнамаяпманми, демак мендан кучлироқ ўйинчилар бор. Бу гапларимни ўқиб кимдир алдаяпти деб ўйлаши мумкин. Лекин барча гапларим рост. 31 йилдан бери футбол ичидаман. 7 ёшимдан бошлаб шу спорт тури билан шуғулланиб келаман. Шуни яхши тушуниш керакки, мураббий ҳеч қачон ўзига-ўзи душман эмас. У зўр футболчини захирага ўтказиб, кучсизроқ ўйинчини майдонга туширмайди. Бу ҳолат ҳеч қачон бўлмаган ва бундан кейин ҳам бўлмайди.

«МАЙДОНДА МЕНИНГ НОМИМ ҲЕЧ ҚАНДАЙ АҲАМИЯТГА ЭГА ЭМАС»

- Ёшингиз улғайиб бораётгани ҳам шундай ҳолат юз беришига таъсир қилаётгандир-а, бу ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?

- Балки сиз ҳақдирсиз, шундай бўлиши ҳам мумкин. Ёш ўтиб боргани сари гарчи техника йўқолмаса-да, тезлик барибир пасайиб боради. Боя айтдим-ку, футболдан хафа бўлиш мумкин эмас. Футбол бир жойда тўхтаб турмайди. Холматов бўлганим билан мен ҳам ёшларга жой беришим керак, ахир улар ўсиб келишмоқда. Насиб бўлса, эртага ўғлим ҳам катта футболга қадам босади, керак бўлса ўзим унга ўргатаман. Фақат ўз устида ишлаши керак. Агар ишламаса мен мураббий бўлсам ҳам ўғлимни майдонга туширмайман. 

- 38 ёшда «Нефтчи»га қайтдингиз. Аввалгидек ўйнашингизга тўсиқлар кўп бўлмасмикин?

- Ҳаммаси ўзимга боғлиқ. Машғулотларда кўпроқ ишласам ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Яхши ёки ёмон ўйин кўрсатсам ҳам барчаси ўзимдан бўлади. Балки ҳозир «Нефтчи»нинг олдинги мавқеини тиклаймиз деб катта гапираётгандирман, аммо барчамиз биргаликда ҳаракат қиламиз. Бир ўзим ҳеч нима қила олмайман. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ, ахир мураббий майдонга чиқиб ўйнамайди-ку!

- Ёшингизни ҳисобга олганда, фаолиятингизнинг охирги пайтлари яқинлашиб қолди...

- Тўғри, бунга ҳам тайёргарлик кўряпман. «Нефтчи» билан бир ярим йилга шартнома тузганман. Мен аввало тузилган шартнома бўйича бир ярим йилни самарали ўтказмоқчиман. У ёғи нима бўлишини кейин ўйлаб кўрамиз.

- Катта футболга «Нефтчи»да қадам босдингиз. Бу ерда ўйнаб элга танилдингиз, тажриба орттирдингиз. Ажойиб муваффақиятларга эришдингиз. Кейин эса фаолиятингизни бошқа клубларда давом эттирдингиз. Орадан шунча вақт ўтиб футболни тугатиш арафасида яна собиқ жамоангизга қайтдингиз. Бунинг сабаби нимада?

- Фаолиятимни «Нефтчи»да тугатиш ниятим бор эди. Қандайдир тасодиф туфайли яна Фарғонага қайтдим. Қаерда Акмал Холматов бўлган бўлсам, яна ўша ерга келдим. Яна бир бор мухлисларнинг меҳрини қозониб фаолиятимни чиройли тарзда тугатмоқчиман. 

«ЎҒЛИМГА, ФУТБОЛДАН ҚЎРҚСАНГ, ШАХМАТ БИЛАН ШУҒУЛЛАН ДЕЙМАН»

- «Нефтчи»даги ўйинларингизни ҳалигача эслашади. Тезкорлигингиз, техник ва тактик жиҳатдан ажойиб ўйинингиз бор эди. Ҳатто бир ўйинда стандарт вазиятдан учта гол урганингизга ҳам гувоҳ бўлганмиз. Айтмоқчиманки, ҳар жиҳатдан жамоага фойда келтирардингиз. Ҳозир эса 38 ёшдасиз, шуни ҳисобга олганда, «Нефтчи»га қандай ёрдам бермоқчисиз?

- Ҳаммаси қиладиган меҳнатимизга боғлиқ. Майдонда нима бўлишини эса вақт кўрсатади. Қачонки, фойда келтирган бўлсам, ҳаммасига меҳнатим орқали эришганман. Шу боис яна ўз устимда ишлашда давом этаман. Ҳамма Холматов қайтди, жамоа кучаяди дейиши мумкин. Аммо майдонда менинг фамилиям ҳеч нима қила олмайди. Кўпроқ меҳнат қилсамгина, шунда яна аввалгидек фойда келтиришим мумкин. Ким гол уриши, ким пас бериши эса Худодан. Мен меҳнатсевар футболчиман. Қаерда ўйнаган бўлсам, доимо ишлашдан тўхтамаганман. Қайсидир мураббий мени яхши кўрганидан майдонга туширмаган. Фақат ишлашим натижасида ўйнардим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам меҳнат қилганман. Шунинг учун ўғлимга нима бўлган тақдирда ҳам ўз устида ишлашини қаттиқ уқтириб келаман. Жаҳон чемпиони бўлса ҳам ишлашда давом этиши керак. Агар меҳнат қилмаса, тўхтайди. 

- Диёр Холматов неча ёшда?

- 12га тўлди.

- Қаерда ўқийди?

- «Пахтакор» академиясида.

- Сиз ҳам унинг ўйинларини кузатиб, доим ёнида бўласизми?

- Унга маслаҳат бераман. Аммо ўйинларини кўриш учун бир йилда бир марта боришим мумкин холос. Агар стадионга борсам, у дадам барибир мени қўллайди деб ишлашдан тўхтаб қолиши мумкин. Лекин уйда доим керакли маслаҳатларни бераман. Ёш бола яқинлари олдида ўзини ҳар хил тутиши мумкин. Мен ҳам ўз вақтида ёш бўлганман ва бу ҳолатни яхши тушунаман.

- Диёрнинг футболни танлаш ташаббуси ўзидан чиққанми?

- Ўзи танлаган. 5 ёшдан бошлаб Темур Олимхўжаевнинг машғулотларида қатнашади. 7 йилдан бери футбол билан шуғулланиб келяпти. Мен эса унинг қайси йўлни танлашига аралашмадим. Агар қўлидан келса, марҳамат, шуғулланаверсин дедим.

- Ўзингизга қолса, ўғлингизни қайси касбда кўрмоқчи эдингиз?

- Муҳими, яхши инсон бўлиб етишса бўлди.

- Футболда жароҳат олмасликнинг иложи йўқ. Бу ҳолатда фарзандингиз учун қаттиқ қайғурасизми?

- Ўғлим машғулотдан келиб баъзида менга «у ёки бу ерим жароҳат олди» деб нолиб қолади. У ҳолда шахматга ўтиб кет, фақат стулда ўтирасан десам, кулиб қўяди. Футболчи бўлиш учун жуда кўп ишлаш талаб этилади. Муҳими, қўрқмаслиги керак.

- Тушунарли. Умуман олганда, футболчилик фаолиятингиздан миннатдормисиз?

- Ҳа, миннатдорман. Айниқса, Юрий Вазгеновичдан! Чунки у мени футболчи қилди. Футбол орқасидан ўзимга яраша ҳурмат қозондим. Ҳаммаси «Нефтчи» билан боғлиқ.

- Ҳалигача нимадандир афсусланиб юрмайсизми?

- Осиё Чемпионлар лигасини ютишни жуда хоҳлагандим. Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқа олмагани учун ҳам роса ачиндим. Агар футболчиларимиз мундиалда иштирок этишганида ҳозирги ёшларимиз учун олдинга катта қадам ташлаш бўларди. Бошқа томондан олсак, футболдан розиман. Қайси мураббий билан ишлаган бўлсам, барчасидан миннатдорман. Ҳозирги «Нефтчи»да Мурод Исмоилов, Андрей Фёдоров, Сергей Лебедев каби мураббийлар ишлашмоқда. Ишонаманки, уларнинг бу соҳадаги келажаги порлоқ.

«КЕЙИНЧАЛИК МУРАББИЙЛИКка ЎҚИЙМАН»

- Илгари сиз билан биргаликда тўп сурган Андрей Фёдоров, Сергей Лебедев, Шерзод Райимжонов, Баҳром Ҳайдаров эндиликда мураббий бўлиб ишламоқдалар. Гўёки, «Нефтчи»нинг аввалги юлдузлари қайтишгандек.  

- Бу жуда яхши. Аммо мен футболчиман, улар эса мураббий.

- Уларнинг қаторида ўзингизни тасаввур эта оласизми?

- Ҳали йўқ. Мураббийлик касби жуда оғир. Бу соҳани осон деб ўйлаганлар қаттиқ адашадилар. Ҳар қандай мураббийдан сўранг, ушбу касб қанчалик оғирлигини айтиб беради. Ғалаба жамоаники, мағлубият эса мураббийники. Ҳозирги мураббийларнинг ҳолатини яхши ҳис қиламан. 30 нафар футболчи бўлса, уларнинг характери 30 хил. Мураббий шунчаки мураббий эмас, биринчи навбатда руҳшунос бўлиши лозим. 

- Бу гаплардан кейин мураббий бўлиш ниятингиз йўқдек туюляпти.

- Барибир футболни тугатганимдан кейин мураббийлик курсида ўқийман. Менинг футболдан бошқа соҳам йўқ. Ўз ишимни яхши кўраман. Лекин ҳамма ҳам мураббий бўлиб қолавермайди. Агар омадим чопса мураббий бўлиб етишишим мумкин.

- Футболдан ташқари шуғулланадиган бошқа ишингиз йўқми?

- Мен доим тўғри гапиришга одатланганман. Бизнесга умуман қизиқмайман. Нимагаки, у соҳани тушунмайман. Мен учун биринчи навбатда футбол туради. Эртага савдо дўкони ёки кафе очаман деб режа қилмайман.

- «Нефтчи»нинг муваффақиятсизликка учраётганига қандай муносабатда бўляпсиз?

- Жамоа ўзига ярашмаган ўринларни эгаллаётганини кўриб ачиниб кетардим. «Нефтчи»да Холматов сифатида танилганман. Шу боис клубнинг муваффақиятсизлигини ўзим учун оғир зарба сифатида қабул қилардим. Лекин бу - футбол! Яхши ўйин кўрсатаётган жамоа ҳам олий лигадан тушиб кетиши ҳеч гап эмас. 

- Фаолиятингизни Фарғонадан бошқа клубларда давом эттирганингизда қанчалик ёқимли бўлган?

- Қайси жамоада ўйнаган бўлсам, фақат роҳатланганман. «Пахтакор»да оёғим синди, операция бўлиб бир йил ўйнамадим. Нотўғри ташҳис қўйишгач, Германияга жўнатишди. Менга эътибор билан муносабатда бўлишгани учун «Пахтакор»дан миннатдорман. Эрондаги фаолиятим ҳам яхши чиққан. Ҳеч қачон фаолиятимдан нолимайман. Футбол эркаклар ўйини, унда албатта жароҳатлар бўлади.

- Мағлубиятни қандай қабул қиласиз?

- Жуда қийин қабул қиламан. Ютқазсак икки кун ўзимга кела олмайман. Кейинги ўйинда ғалаба қозонмагунимизча қийналиб юраман. Асабийлашиш менда кўп кузатилади. Мағлубиятга учраб уйга келганимда, яқинларим ёнимга кела олишмайди. Мен энди бошқача бўла олмайман. Ахир 20 ёки 22 ёшда эмасман! Агар ютсак мендан бахтли одам бўлмаса керак. Ғалабадан ўзимга яраша роҳат оламан. Агар мақсад сари интилаверсангиз, Худо албатта беради. Чин дилдан қилаётган меҳнатингиз қачондир самара келтиради.

Манба: www.fcneftchi.uz
Киритилди: 17:56, 05.08.2014.
Ўқилди: 4227 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.