"Актобе"нинг ўзбекистонлик ярим ҳимоячиси Темур Кападзе Польшанинг "Легия" клубига қарши кечадиган Европа лигаси плей-офф босқичи жавоб ўйинидан олдин Sports.kz сайтига интервью берди.
— Жамоани қийин ўйин кутиб турибди. "Легия"дан ўтиш учун нима қилиш керак?
— Ҳа, жуда қийин ўйин кутиб турибди. Рақиб жуда яхши жамоа эканини биринчи ўйинда кўрдик. У ерда юлдуз футболчилар йўқ, аммо жамоа жисмоний ва тактик жиҳатдан кучли. Айниқса, жисмоний жиҳатдан улар ҳақиқатан ҳам кучли. Биз уларнинг "Селтик"ка қарши ўйинини кўриб чиқдик. Улар рақибни жисмоний жиҳатдан енгишган. Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳужум қилишимиз ва гол уришимиз керак. Биз ўз ўйинимизни қиламиз, уларнинг ўйинига мослашмаймиз. Ҳозирча ҳисоб уларнинг фойдасига, биз эса гол уришимиз шарт. Ҳозир жамоамиз жисмоний жиҳатдан ўсди, яхши формага кирдик. Яхши тайёргарлик ва тўғри танланган тактика эвазига ижобий натижага умид қилиш мумкин. Қолганини ўйин кўрсатади, энг асосийси, омад биз томонда бўлса бўлгани. Бундай ўйинларда омад керак.
— "Стяуа" ва "Легия"га қарши ўйинларда "Актобе" ўйин бошидаёқ гол ўтказиб юборди. Ўзи қандай футбол ўйнаган маъқул? Ҳаммасини ташлаб, олдинга ўтиб кетиш керакми?
— Йўқ, дарҳол ҳужумга ўтиб кетиш ярамайди. Агар биз рақибдан бир бош устун бўлганимизда, олдинга ўтсак бўларди. Бизни тезда жазолашлари мумкин. Барчаси мувозанатда бўлиши лозим. Аввал ҳимояни мустаҳкамлаб, кейин ҳужум ташкил қилиш керак. Шунда ҳам катта куч билан эмас. Биз аввало ўз дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолиш ҳақида ўйлашимиз лозим. Гол уриш учун эса олдимизда 90 дақиқа вақт бўлади. Ҳужум учун жавоб берадиган ҳужумчилар гуруҳи бор, шунингдек, мудофаа учун масъул футболчилар гуруҳи бор. Ҳа, тўғри таъкидладингиз, сўнгги ўйинларда биз тезкор гол ўтказиб юбордик. Бу — концетрациянинг йўқолиши оқибати. Агар ҳимояда диққат билан ўйнаганимизда, "ухлаб" қолмаган бўлардик. Майдонда оддий кўрсатмаларни бериб турадиган ҳолат етишмаяпти. Кичик эпизодлар бутун ўйинга ўз таъсирини кўрсатмоқда. "Легия" билан ўйиндаги вазият: жарима зарбаси белгилангандан кейин орқага ўгирилиб юра бошладик. Рақиб эса тўпни тезда ўйинга киритиб, гол урди. Бу рақиб жамоанинг ўзига хос айёрлиги. Биз ҳам рақиб жамоа футболчилари ўз ўрнини эгаллашини кутиб ўтиришимиз керак эмас. Рақибга кутилмаганда ҳужум қилиш керак.
— Сиз бир неча йилдан бери "Актобе" шарафини ҳимоя қилиб келяпсиз. Ҳар йили жамоа олдига еврокубокларнинг гуруҳ босқичига чиқиш вазифаси қўйилади. Вазифани бажариш учун аввалги йилларда жамоага нима етишмади? Омад? Қуръа?
— Бу жуда нозик савол. Биз мамлакатнинг амалдаги чемпионимиз. Биз еврокубокларда Қозоғистон шарафини ҳимоя қиламиз. Юртимизга ташриф буюрган ҳар бир жамоа бизнинг ёмон майдонларимизни таъкидламоқда. Қозоғистонда фақат "Қайрат" ва "Астана"да яхши майдон бор. Бизда эса инфратузилма йўқ. Нормал база йўқ. Европада бизга қараб баҳо беришади. Агар гуруҳ босқичига чиқсак ҳам, бошқа шаҳарда ўйнашимиз керак бўлади. Агар ўз мухлисларимиз катта футболни томоша қила олишмаса, бундай футбол кимга керак? Албатта, футболчилар еврокубокларда ўйнашни исташади, аммо бунинг учун барча нарса юқори савияда бўлиши шарт.
— Мамлакат чемпионатининг ҳал қилувчи босқичи олдидан мутахассислар "Астана" ва "Қайрат"нинг имкониятларини юқори баҳолашмоқда. Боиси, бу клублар бошқа жамоаларга нисбатан комбинацион футбол кўрсатишмоқда.
— Ким қандай башорат қилаётганини билмадим, аммо бизнинг жамоа чемпионликдан воз кечмоқчи эмас. Биз 1-ўринда боряпмиз, таркибимизда яхши футболчилар бор. Биз яна бир марта ўз номимизни клуб тарихига ёзиб қўймоқчимиз. Бошқа жамоалар "Актобе"га қарши ўйинларда хавотирга тушишсин.
— Владимир Газзаев келганидан кейин нима ўзгарди?
— Очиғини айтиш керак, аввал интизом масаласи оқсарди. Владимир Валерьевич тартибни жойига келтирди. Ундан кейин футболчиларнинг ўрни кўтарилди. Биз футболдан бошқа нарса ҳақида ўйламаяпмиз. Бошқа маиший масалалар иккинчи планга тушди. Биз ўзимизни футболчи сифатида ҳис қиляпмиз. Биз биринчи планга чиқдик. У замонавий мутахассис ва барча жабҳада янгиликка қўл урмоқда.
— Ўзбекистон терма жамоаси масаласи ёпилдими?
— Йўқ, мен ҳали терма жамоа билан хайрлашмадим. Ушбу мавсумда Ўзбекистон терма жамоасининг расмий ўйинлари йўқ. Шу боис терма жамоа ёш футболчилар таклиф этилмоқда. Боз устига, мен ўз клубимда етарли ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Бу ҳолат ҳам мени терма жамоага таклиф қилишмаганида муҳим роль ўйнаган бўлса керак. Дарвоқе, бугун терма жамоанинг сентябрь ойида Иордания ва Янги Зеландияга қарши бўлиб ўтадиган ўртоқлик ўйинларига таклифнома олдим.
— Ўзбекистонда футболчиларнинг ёшини кичрайтириш ишлари борлигини интернетда ўқиб қолдим...
— Нимага шаъма қилаётганингизни тушундим. Менинг ёшим кичрайтирилмаган. Мендан бир ёш катта акам бор. Ҳа, мен ҳам эшитганман, лекин бу ҳолат кўпроқ ўсмирлар жамоаларида кузатилади. Ҳар бир минтақада маҳаллий мураббийлар қайси футболчининг "ўқланганини", қайси бирининг ёши "тоза"лигини яхши билади.