Мамлакатимиз истиқлоли байрами арафасида ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этган ёш спортчиларимиз халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами – Ватанимиз давлат мустақиллигининг 23 йиллигига муносиб туҳфа ҳозирлади. Кеча кечқурун Тошкент халқаро аэропортида ушбу нуфузли мусобақа ғолиблари, совриндорлари ва иштирокчиларини кутиб олиш маросими бўлди.
Шу муносабат билан бу ерга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, олимпиадачиларнинг ота-оналари, журналистлар йиғилди. Жорий йилнинг 16-28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган II ўсмирлар Олимпиадасида ёш спортчиларимиз жаҳоннинг 170 давлатидан йиғилган 3500 нафардан зиёд тенгдошларига, бутун дунёга ўз сўзини айта олди, жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган не-не улуғ зотларнинг муносиб ворислари, Ўзбекистондек буюк юртнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳеч қачон кам бўлмайдиган фарзандлари эканини исботлади.
Қудратли юртнинг муносиб фарзандлари кутиб олинди
Кескин ва муросасиз беллашувларда зафар қучган спортчиларимизнинг мардлиги, жасорати, шижоату матонати дунё аҳлини лол қолдирди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, уларнинг бундай юксак муваффақияти мамлакатимиз мустақиллиги, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир.
Бу жиҳатлар Нанкин Олимпиадасида яна бир карра ўз исботини топди. Мазкур нуфузли спорт анжуманида 28 нафар спортчимиз бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), трамполин, ўқ отиш, академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича ташкил этилган мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритди.
...Мана, орзиқиб кутилган дамлар – Ўзбекистонимиз байроғи тасвири туширилган улкан ҳаво кемасидан қўлларида Ватанимиз байроғини мағрур кўтарган спортчиларимиз чиқиб келмоқда. Карнай-сурнай садолари ёшларнинг “Ўзбекистон!” деган такрор ва такрор ҳайқириғига уланиб кетади.
Кутиб олиш майдончасида ҳаяжон билан турган уларнинг ота-оналари, яқинлари, тенгдошлари қизғин табрикламоқда. Қалбларимиздан чексиз ғурур ва ифтихорга йўғрилган самимий дил изҳорларимиз, эзгу тилакларимиз беихтиёр тилимизга, кўзимизга кўчади: “Баракалла, қудратли юртнинг муносиб фарзандлари, ғалабангиз бундан ҳам зиёда бўлсин!”
Нанкин Олимпиадасида боксчи Бектемир Мелиқўзиев, юнон-рум кураши устаси Илҳом Баҳромов, дзюдочи Суҳроб Турсунов ва ўқ отиш баҳсларида қатнашган Владимир Свечников шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
– Олимпиадада юқори натижаларни қўлга киритиб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтиб келганимиздан бахтиёрмиз, – дейди бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпиони, II ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби Бектемир Мелиқўзиев. – Спортни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишимиз, халқаро майдонларда юксак ғалабаларга эришишга қодир спортчи бўлиб вояга етишимизга қаратаётган доимий эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз.
Ёш спортчиларимиз бокс, дзюдо, таэквондо, спорт гимнастикаси ва оғир атлетика баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, учтадан кумуш ва бронза медални қўлга киритди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.
ЎзА, Б.Айтмуродов, Ж.Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат)