Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

“Сўғдиёна” футбол клуби ижрочи директори озодликдан маҳрум этилди

Баҳо:
+ | -

Жиззах вилоятининг «Сўғдиёна» профессионал футбол клуби ижрочи директори Дилшод Ражабов ва ушбу клуб бош ҳисобчиси Донабой Ёқубов 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда jizzaxcity.uz порталига таяниб darakchi.uz хабар беради.

Маълум бўлишича, Д. Ражабов «Сўғдиёна» профессионал футбол клуби ижрочи директори вазифасида ишлаб келиб, масъул мансабдор шахс бўлгани ҳолда, клуб бош ҳисобчиси Д. Ёқубов, массажист-ҳаким Ф. Атамурадов, мураббийлар У. Алматов, Р. Аҳмедов, А. Маматмурадов, Б. Жониқулов ва бошқалар билан бир гуруҳ бўлиб футболни ривожлантириш учун ҳомий ташкилотлардан клуб ҳисоб рақамига келиб тушган пул маблағларини қалбаки ҳужжатларга асосан ўзлаштириб, талон-тарож қилишган.

Жамоа аъзолари қайсидир шаҳарга хизмат сафарига юборилди, дея сохта ҳужжатлар тўғриланиб, катта миқдордаги маблағ чиқим қилинган бўлсада, аслида бундай сафарларнинг ўзи бўлмаган.

Д. Ражабов ва Д. Ёқубовлар клуб президенти М. Сагатов билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар бўлишиб, қуйидаги жиноятларни содир этишган. Клуб ишчи ва хизматчиларига иш ҳақлари ва бошқа тўловлар учун 2008-2013 йилнинг 9 ойи давомида клуб аъзоларининг иш ҳақи, мукофот, кўтарма, озиқ-овқат пуллари фондини 4.615.194.000 сўмга шакллантириб, ишчи ва хизматчиларнинг иш ҳақидан ушланадиган даромад солиғи ҳамда бюджетдан ташқари жамғармаларга мажбурий тўловлар ҳисобланиши ва тўланиши лозим бўлсада, улар шаҳар ДСИга топширган ҳисоботларида иш ҳақи фондини 350.812.000 сўмга камайтириб кўрсатишади. Иш ҳақи, мукофот, озиқ-овқат пулларига сарфланган 4.264.382.000 сўмни солиқ ва мажбурий тўловларни тўламаслик мақсадида қасддан ҳисоботларда кўрсатмасдан бюджетга ҳисобланиши ва тўланиши лозим бўлган 1.724.709.300 сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлашади.

Суд ҳукмига асосан Дилшод Ражабов ва Донабой Ёқубовларнинг ҳар бирига узил-кесил ўташ учун 3 йилга фаолият туридан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазолари белгиланди.

Д. Ражабов ва Д. Ёқубовлардан Жиззах шаҳар ДСИ ҳисобига 1.289.373.964 сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар солидар тартибда ундириладиган бўлди.

Иш бўйича етказилган зарарни қоплаш учун тўланган 78.400.000 сўм пул «Сўғдиёна» профессионал футбол клуби ҳисобига ўтказилди.

Манба: darakchi.uz
Киритилди: 12:45, 13.09.2014.
Ўқилди: 7567 марта.
Фикрлар: 24 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.