Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилаётган XVII ёзги Осиё ўйинларида бугун учинчи кунги баҳслар ўтказилди. Бугун мамлакатимиз спортчилари Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олган спортнинг 14 тури бўйича ўтказилган мусобақаларда иштирок этиб, битта кумуш ва иккита бронза медалига сазовор бўлдилар.
Делегациямиз ҳисобига қўшилган ҳар уччала медаль дзюдо кураши бўйича ўтказилган беллашувларда қўлга киритилди.
Кечки дастурдан ўрин олган ҳал қилувчи беллашувларда дастлаб бронза медали учун беллашувлар ўтказилди. Вазни 100 кг.гача бўлган полвонлар мусобақасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Рамзиддин Саидов нимчорак финалда Хитой вакилини, чорак финалда эса қирғизистонлик В.Тогтогоновни енгиб, ярим финалга чиқди. Ушбу босқичда ҳамюртимизга Олимпиада ўйинлари ғолиб ва совриндори, бир неча бор жаҳон чемпионати ғолиби мўғилистонлик Т.Найдан билан баҳс юритди. Ушбу беллашувга қадар Тожикистон ҳамда Ж.Корея спортчиларини катта устунлик мағлуб этган мўғулистонлик полвон Рамзиддин Саидов билан кечган баҳсда анча тер тўкишга тўғри келди. Дастлабки дақиқалардан ташаббусга эга бўлган Рамзиддин азалий рақибидан ҳисобда олдинда бораётган ҳам эди. Бироқ сўнгги сонияларларда тажриба ўз сўзини айтди ва Т.Найдан нафақат мувозанатни тенглаштиришга, балки ўта муросасиз кечган беллашувни ўз фойдасига ҳал этишга эришди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги баҳсларда мўғилистонлик дзюдочи ўз вазнида тенгсиз эканлигини яна бир карра исботлади. Ушбу вазн тоифасида совриндор бўлган барча спортчиларни енгишга муваффақ бўлган Т. Найдан ҳақли равишда Осиё ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди. Кумуш медаль қозоғистонлик Максим Раковга насиб этган бўлса, бронза медалларини Рамзиддин Саидов ва кореялик Чо қўлга киритишди. Рамзиддин учинчи ўрин учун кечган беллашувда покистонлик Х.Шоҳни мағлуб этди.
“Мен қаторасига учинчи Осиё ўйинларида бронза медалига сазовор бўлганлигимдан хурсандман. Албатта, бу сафар ўз олдимга олтин медални қўлга киритишни мақсад қилгандим. Лекин бу спорт. Осиё ўйинларида кучсиз рақиблар бўлмайди. Фурсатдан фойдаланиб бизни қўллаб-қувватлаб турган барча-барчага ўз миннатдорчилигимни изхор этмоқчиман”, - дейди Рамзиддин Саидов мусобақалардан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Осиё ўйинларининг навбатдаги бронза медалига “Пекин-2008” Олимпиада ўйинлари кумуш медаль совриндори Абдулла Тангриев сазовор бўлди. Икки йиллик танаффусдан кейин яна катта спортга қайтган Абдулла ғалаба иштиёқида ёнаётганлигини сингапурлик полвон Хо билан кечган дастлабки беллашувдаёқ намоён этди. Афсуски, мезбонлар вакили С.Ким билан кечган беллашувда Абдулла қўшимча вақтда имкониятни бой берди.
Шундан сўнг ўтиш мусобақасида бронза медали учун курашни давом эттирган ҳамюртимиз, дастлаб Қозоғистон вакилини, учинчи ўрин учун кечган беллашувда эса қирғизистонлик Краковецкийни мағлуб этди.
Делегациямиз ҳисобига Инчеон-2014 ўйинларининг илк кумуш медални Дилшод Чориев келтирди. Вазни 90 кг.гача бўлган полвонлар мусобақасида татамига чиққан ҳамюртимиз саралаш босқичида Иордания ва Қозоғистон спортчиларини енган Дилшод, ярим финалда мўғилистонлик Лхангвасуренни мағлуб этди. Ҳал қилувчи финал беллашувида Дилшод Чориев дзюдо ватани вакили Йошида (Япония) билан куч синашди. Учрашувнинг асосий вақтида ғолиб аниқланмади. Қўшимча вақтнинг учинчи дақиқасига келиб Йошида беллашувни ўз фойдасига ҳал этишга муваффақ бўлди.
Бугун бўлиб ўтган мусобақаларда, шунингдек, футбол бўйича терма жамоамиз гуруҳдаги сўнгги учрашувда Афғонистон терма жамоаси дарвозасига жавобсиз бешта тўп йўллаб 5:0 ҳисобида зафар қучди. Шу тариқа, Миржалол осимов бошчилигидаги тема жамоамиз гуруҳ босқичида 7 очко жамғариб, биринчи ўринни эгаллади. Энди терма жамоамиз 26 сентябрь куни ўтказиладиган 1/8 финал босқичида Саудия Арабистони терма жамоаси билан куч синашади.
Теннис бўйича жамоавий баҳсларда иштирок этаётган эркаклар терма жамоамиз бугун чорак финалда Жанубий Корея терма жамоаси устидан ғалаба қозониб, ярим финалга чиқди. Энди вакилларимиз 23 сентябрь куни ўтказиладиган ярим финал баҳсида Қозоғистон терма жамоаси билан куч синашади. Мазкур учрашувда ғолиб жамоа финалга йўлланма олса, мағлуб жамоа бронза медали билан тақдирланади.
Академик эшкак эшиш бўйича ўтказилган мусобақада Артем Кудряшов бир кишилик қайиқда “А” гуруҳининг финал босқичига чиқди. Бундан ташқари икки кишилик қайиқда Достон Арипов ва Сабрилло Баротов, шунингдек, тўрт кишилик қайиқда Эрназар Ҳамидуллаев, Абубакр Узоқбоев, Юрий Суховлянский ва Руслан Наурзалиев “В” гуруҳида финал босқичига чиқди.
Учинчи кунги мусобақаларнинг якунларига кўра Ўзбекистон делегацияси ҳисобида 1 та кумуш ва 3 та бронза медали мавжуд.
23 сентябрь куни мамлакатимиз спортчилари 11 спорт тури бўйича мусобақаларда иштирок этадилар.
Шавкат Жалилов
Инчеон шаҳридан тайёрланди