Москванинг "Спартак" клуби футболчиси Фёдор Черенков бугун 56 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
Черенков ўз фаолиятини 18 ёшида "Спартак"да бошлаган. У фаолиятининг дастлабки йилидаёқ Иттифоқ чемпионлигини қўлга киритган (1979). 1987 ва 1990 йилларда жамоаси билан ушбу натижани такрорлаган. 1983 ва 1989 йилларда Черенковни мамлакатнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олишган. Аммо Фёдор соғлиги билан муаммо туфайли жуфт йилларда ўтказилган Европа ва Жаҳон чемпионатларида иштирок эта олмаган. У соғлом бўлган пайтда эса мухлислар "Спартак" таркибида 10-рақам остида ажойиб футболчининг ўйинларига гувоҳ бўлишган.
1990 йиллар бошида у жамоадоши Сергеей Родионов билан биргаликда Францияга йўл олди, аммо "Ред Стар" таркибида ўйнаб кетиш унга насиб қилмади. Черенков Россияга қайтиб, 34 ёшида 1993 йилги мавсумни "Спартак" сафида ўтказди ва Россия чемпиони бўлди. Шундан сўнг футболчилик фаолиятига якун ясади.