"Говерла" ҳужумчиси Максим Шацких Украина премьер-лигасида тўпурарлик рекордини ўрнатди. Ўзбекистонлик футболчи 124-голини уриб, "Динамо"нинг ҳозирги бош мураббийи Сергей Ребровнинг рекордидан ўзиб кетди.
- Гол уришга, урдим. Аммо бу гол жамоага ижобий натижа келтирмагани афсусланарли бўлди. Рекордлар билан, тўғрисини айтсам, бошимни қотирмайман. Охирги вақтларда журналистлар фақат шуни сўрадилар, ҳатто ҳакамлар ҳам "қачон урасан" деб сўрашни бошлаган эдилар.
- Нима деб жавоб бердингиз?
- Тинчланинглар, ҳаммаси бўлади - гол ураман, гол мендан ҳеч қаёққа қочиб қутилмайди. Шундай ҳам бўлди. Энди яна олдинга интиламан - машқ қиламан, ўйнайман ва тайёрланаман.
- Сиз чемпионатнинг дастлабки турларини иккита гол билан бошладингиз, кейин эса бешта турда гол урмадингиз. Рекорд гол атрофидаги воқеалар, гап-сўзлар майдонда ҳалақит бермадими?
- Йўқ. Агар рекорд ҳақидаги хаёллар билан ўралашиб қолганимда, балки, ҳалақит берар эди. Мен бу ҳақда ўйламасликка ҳаракат қилдим. Албатта, амплуам шуни талаб қилади: ҳужумчи ҳар бир ўйинда гол уришга ҳаракат қилиши, голли узатмалар ошириши керак. Баъзан омад келади, баъзида йўқ.
- Ўйиндан сўнг кўплаб табриклар қабул қилганингиз тайин, Сергей Ребров қўнғироқ қилдими?
- Ким билан суҳбатлашсам, шуни сўрайди: Ребров қўнғироқ қилдими? Менимча ҳозир унинг бу воқеа билан иши йўқ. Бунинг устига "Динамо" "Шахтёр" билан ўйнаши керак эди. Шунинг учун банд бўлиши мумкин. Менимча у ҳам мен каби бундай нарсаларга бош қотирмаса керак.