Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ўзига ўзи қизил карточка кўрсатган ҳакам

Баҳо:
+ | -

ёхуд футбол тарихидаги қизиқарли воқеалар
Миллионлар ўйини нафақат шиддатли лаҳзалари, балки қизиқарли ҳолатлари билан ҳам мухлислар эътиборини ўзига тортиб келади. Бугунги саҳифамиз орқали яшил майдонда содир бўлган ана шундай кутилмаган ва ғаройиб воқеаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

КЕЧИККАН МЕҲМОНЛАР
Кулгили ҳолатларлардан бири Белоруссия чемпионати доирасида кечган Жодинонинг «Торпедо» ва Минскнинг «Локомотив» жамоалари орасида содир бўлди. Жодино жамоаси ҳеч қачон меҳмондаги беллашувларда мағлубиятга учрамаганди. Буни билган мезбонлар рақибларнинг ечиниш хонасида ўзига хос спектакль уюштиришади. Оқибатда матч 7 дақиқага тўхтатиб қўйилади ва фақат «Локомотив» президентининг буйруғи билан меҳмонлар майдонга чиқиб келишади. Бундай вазият чемпионатда биринчи марта кўзга ташланади. Қизиғи, «Торпедо» ҳам илк бора меҳмонда майдонни бош эгган ҳолда тарк этишга мажбур бўлади: 1:3!

ЎЗИГА ХОС «ТАШАККУР»
Бу ҳолат ўтган ёзда содир бўлди. Аргентиналик футболчи, «Эсполи» жамоаси (Эквадор) нинг кўзга кўринган ўйинчиларидан бири Родольфо Гарсия ўзига қизил карточка кўрсатган ҳакамга жуда ғалати тарзда миннатдорчилик билдиради ва бунинг учун номаълум муддатга ўйинлардан четлаштирилади. Воқеа қуйидагича содир бўлганди. Гарсия огоҳлантиришни эътиборсиз қолдиради ва футболкасини улоқтиради. Натижада ҳакам унга қизил карточка кўрсатади. Бундан жаҳли чиққан, ўзини идора қила олмаган Гарсия ҳеч нарсани ўйламай ҳакамнинг рўпарасига келади-да, трусисини ечиб ташлайди. Бундан мухлислар ва ҳакам ҳайратга тушади. Футболчи эса майдондан чиқариб юборилади.

ПЕНАЛЬТИ КУШАНДАЛАРИ
«Литтлтаун» ва «Стортес Холл» жамоалари ўртасида ўтказилган матч жуда ажойиб ва қизиқарли кечган. Асосий вақт 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунлангач, бош ҳакам пенальтилар сериясига рухсат беради. Энг қизиғи, ана шу 11 метрлик жарима зарбаларини амалга ошириш драматик тарзда кечади, ҳар бир дарвозабон 17 тадан пенальтини бартараф этади. Ўйин якунига қадар ўтирган томошабинлар якуний лаҳзаларни автомобиль чироқлари ёрдамида томоша қилишади. Мазкур ўйин 34 та пенальти тепилган ва шунча пенальтининг бирортаси ҳам гол билан якунланмаган ягона матч сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

ГОЛСЕВАР ҲАКАМ
Бунақаси камдан-кам бўлган. Бош ҳакам Испания чемпионати тўртинчи дивизионидаги учрашувлардан бирида нақ 2 та голга муаллифлик қилган. Аниқроғи, биринчи вазиятда тўп унинг оёғига тегиб, дарвоза тўридан жой олган бўлса, иккинчи ҳолатда ҳакамнинг боши гол киритилишига сабаб бўлган. Қизиғи, иккала клуб ҳам ҳакамнинг бу «ҳунар»идан азият чеккан, чунки у иккала клуб дарвозасини ишғол қилганди. Оқибатда учрашув дуранг натижа билан якунланган. Ўйинчилар эса ҳакамни қўрқитишга тушган мухлисларни зўрға тинчлантиришган.

СУДЬЯ ЎЗИГА «ҚИЗИЛ» КЎРСАТСА...
Англиялик футбол ҳаками Мелвин Силвестр — жуда адолатли судья. У 1998 йилда «Саутгемптон Армз» ва «Херстборн Таррант» жамоалари ўртасидаги матчни бошқарган. Ўшанда ҳужумчи Ричард Керд кўп бора бош ҳакамни туртиб ўтаверади. Ахийри жаҳлини жиловлай олмаган ҳакам боксчиларга хос зарба билан Ричардни майдонга қулатади. Сўнг хотиржамлик билан ўзига қизил карточка кўрсатади ва майдонни тарк этади.

ЭНГ ЁШ МУХЛИС
Футбол тарихидаги қизиқ воқеалардан яна бири матч пайтида стадионда чақалоқнинг дунёга келишидир. «У энг ёш футбол мухлиси бўлди», деб ёзганди 60-йиллар охирида инглиз газеталаридан бири. Бу айни ҳақиқат эди. Ибо Эдди Хартфорд «Сток Сити» ва «Арсенал» ўйини вақтида стадионда дунёга келди. Ўйин тугагандан сўнг эса дарҳол янги меҳмонга барча футболчилар ва уч нафар ҳакамнинг дастхати туширилган копток ҳамда 50 фунт стерлинг ҳадя қилинди. Шунингдек, «Сток Сити» менежерлари чақалоқни васийликка олганини эълон қилди. Якунда эса Ибога клуб тумори ҳам совға қилиниб, саёҳатга кузатиб қўйилди.

ХАЛОСКОР ВЕРТОЛЁТ
Бразилия чемпонатидаги ўйинлардан бирига «Фламенго» футболчилари тўққиз киши бўлиб етиб келишади ва шу ҳолда ўйинни бошлашга мажбур бўлишади. Натижада рақиб — Америка клуби дарвозани ишғол қилиб, ғалабани ўз томонига оғдиради. Бироқ шу пайт стадионга вертолёт келиб қўнади. Яъни «Фламенго»нинг кечиккан ўйинчилари етиб келишади. Оқибатда «Фламенго» ҳисобни ўзгартиришга муваффақ бўлади. Матч 1:1 ҳисоби билан тугайди.

ЖАБРДИЙДА ДАРВОЗАБОН
Англия премьер-лигаси ҳаваскорлар чемпионатидаги ўйинлардан бирида можаро содир бўлади. Футбол ҳаками жамоалардан бирининг дарвозабони кўзига зарба беради ва майдонни тарк этади.

63-дақиқада «Ройял Мэйл» футболчиси рақиб дарвозасини ишғол қилади. «Питерсборо» посбони Ричард Макгаффин бош ҳакамга ўша вазиятда ўйин қоидаси бузилганини айтиб, эътироз билдиради. Судья Энди Уэйн, кўнгилсизликнинг асосий айбдори кутилмаганда ҳуштак чалади ва дарвозабоннинг ёнига келиб, бақира бошлайди. Энг хунук томони, у ҳатто куракда турмайдиган даражада қўпол сўзларни ҳам ишлатади. Кейин эса нима қилиб қўйганини англаб, ўзига ўзи қизил карточка кўрсатади ва ўйин якунланганини айтиб, майдонни тарк этади. «Мен дарвозабоннинг: «Ҳуштагинг ҳеч қачон фойда бермаган», деганини эшитдим. Бу ғазабимни қўзғатган охирги томчи бўлди, энг муҳими эса мен ноҳақ эдим, — дея ўша воқеани хотирлайди 39 ёшли ҳакам. — Қилган ишим профессионалликка умуман тўғри келмасди. Агар бошқа футболчилар ҳам эътироз билдиришганида мен уларни ҳам майдондан четлатардим. Аммо бундай бўлмади ва кейинроқ ўзим стадионни тарк этдим».

Интернет материаллари асосида НИЗОМЖОН тайёрлади.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 18:20, 28.10.2014.
Ўқилди: 9779 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.