Ҳар бир клуб фаолиятида омадли ва омадсиз даврлар бўлади. Бугун ғолиблар сафида юриб, қатор совринларни қўлга киритган жамоа эртага омадсизликка юз тутиши мумкин. Айни дамда «Манчестер Сити» ана шу ҳолатга нисбатан яқинроқ. Тўғри, жамоанинг ҳозирги натижаларини жуда қониқарсиз дейиш мушкул, бироқ клубнинг ўйини сустлашгани ҳам бор гап. Хўш, жамоада кимнинг аҳамияти кўпроқ — Пеллегрининингми ёки келиши кутилаётган Симеоненинг? Бугунги мақоламизда ана шу икки мутахассисни ўзаро таққослаб кўрамиз.
МАНУЭЛЬ ПЕЛЛЕГРИНИ — «ИНЖЕНЕР»НИНГ ОМАДСИЗ ЮРИШИ
Дастлаб «Аудакс Итальяно» ёшлар клуби таркибида ўйнаган, шу клуб тарбияланувчиси ҳисобланган Мануэл Пеллегрини профессионал фаолиятини «Универсидад де Чили» жамоасида бошлайди ва худди шу ерда футболчилик фаолиятига якун ясайди. 13 йиллик фаолияти мобайнида чилилик чарм тўп устаси 451 марта майдонга тушиб, ушбу матчларда рақиб дарвозасини 12 бора аниқ нишонга олади. 1986 йилда эса Чили терма жамоаси сафида атиги бир марта тўп суради. Шу билан футболчи сифатида миллионлар ўйинини тарк этган Пеллегрини икки йилдан сўнг мураббийлик ишини бошлайди.
Чилилик мутахассис кўплаб клубларни бошқарган. Унинг фаолиятидаги яққол ривожланиш ва машҳурлик даврининг бошланиши сифатида эса 2004 йилдан бу ёғини кўрсатиш мумкин. Чунки айнан шу йилда Мануэль Пеллегрини Испаниянинг «Вильярреал» клуби бошқарувини ўз қўлига олди. Бу ердаги 5 йиллик фаолияти давомида эса яхши натижаларга эришиб, 2009 йилда Мадриднинг «Реал» клуби мутасаддилари назарига тушди. Бироқ Мадридда иш бошлаган мутахассиснинг қадами унчалик қутлуғ келмади, шу боис бир йилдан Пеллегрини иш жойини ўзгартирди — уни энди Испаниянинг бошқа бир жамоаси — «Малага» кутиб турарди. Таъкидлаш керакки, айнан мазкур жамоадаги фаолияти бу инсон учун бироз омадли келди, «Малага» Ла-лиганинг рақобатбардош жамоаларидан бирига айланди. Бу эса чилилик мутахассисни Англия премьер лигасига етаклаб борди. Италиялик мутахассис Роберто Манчинининг хизматидан кўнгли тўлмаган инглиз клуби — «Манчестер Сити» энди Пеллегринини қучоқ очиб кутиб олди.
Кўриниб турибдики, гарчи футболчилик борасида унчалик таржриба тўпламаган эса-да, Мануэль Пеллегрини мураббийлик бобида кўплаб жамоаларни бошқаришга улгурди. Манчестернинг иккинчи рақамли жамоаси у бошқарган клубларнинг ўн учинчиси ҳисобланади.
«БУ — МЕНИНГ ЖАМОАМ»
«Манчестер Сити» яқин йиллардан бери Англиянинг энг кучли клубларидан бири ҳисобланади. Бу жамоа ҳатто премьер лигада бош совринни ҳам қўлга киритишга улгурди. Қолаверса, халқаро миқёсда унча-бунча рақибни ер тишлата олади. Боиси, таркиб анчагина юлдузли, тактика ҳам яхши йўлга қўйилган. Хўш, бунда кимнинг ҳиссаси юқори — Манчининингни ёки Пеллегринининг? Манчини «Сити»ни мен тузганман, клубда мен харид қилган, мен кашф этган футболчилар тўп суряпти», дея жар солганди бир пайтлар. Унинг гапида ҳам жон бор. Айнан Роберто даврида «Манчестер Сити» кучли жамоага айланганди. Бироқ клубнинг омадсизликларига ҳам айнан Манчини сабабчи бўлди. Шунинг учун ҳам унинг ўрнига Пеллегрини таклиф этилди. Аммо...
«Манчестер Сити» раҳбарларининг асосий мақсадлари — клубнинг премьер лигада ғолибликни қўлга киритиши, халқаро мусобақаларда имкон қадар узоқроққа бориши, УЕФА Чемпиони бўлиши ва ҳоказо. Биринчи мақсад-ку амалга оширилди, аммо кейингилари... Умуман олганда, Англиядан ташқарида «Сити»нинг кетмони учмаяпти. Яъни Пеллегрини ҳам бу мақсадни амалга ошира олмайдиган кўринади. Шундан келиб чиқиб, юқорида келтирилган саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин, Роберто Манчини клубни шакллантирди ва кучайтирди, Пеллегринининг хизмати эса ўйинни янада жонлантиришдан иборат бўлди, холос. «Манчестер Сити»нинг асосий бош мураббийи эса жамоага энди келади. Ҳар ҳолда, клуб мутасаддилари шуни режа қилиб туришибди.
ОМАДИНГ КЕЛМАДИМИ, ТЎРТ ТОМОНИНГ ҚИБЛА!
ўалабали онларда иқтидорли мутахассис сифатида кўкларга кўтарилган Пеллегринига энди чиқиш эшиги кўрсатилмоқда. Чунки чилилик мутахассиснинг «Манчестер Сити»даги зафарли юришлари хотима топган кўринади. Ҳа, футбол ана шундай бешафқат, омадинг келмадими, тўрт томонинг қибла. Шу ўринда мухлисларни Пеллегрининг кетаётгани-ю, унинг қаерда ишлаши эмас, «Сити» бошқарувини ким қўлга олиши қизиқтираётгани шубҳасиз.
ДИЕГО СИМЕОНЕ — ҲИНДУДАН АВЛИЁГАЧА
Диего Симеоненинг футболчилик фаолияти Пеллегрининикидан яхшироқ. У 1987-2006 йиллардаги фаолияти даврида 8 та жамоа шарафини ҳимоя қилган ва рақиб дарвозаларини 74 марта аниқ нишонга олган. 1988-2002 йиллар оралиғида эса терма жамоа сафида тўп суриб, 11 та тўп киритган. 2006 йилдан эса мураббийлик ишини бошлаган ва «Атлетико»гача 6 та жамоага устозлик қилган.
«Атлетико Мадрид» — Симеоненинг мураббийлик карьерасидаги энг машҳур клуб. Бундан кўриниб турибдики, аргентиналик мутахассис кучли жамоаларни бошқариб ўрганмаган, шу билан бирга кучли футболчилар билан ишламаган ҳам. Шундай бўлса-да, Мадриднинг «Атлетико»си билан мақташга арзигулик натижаларга эришди. Бу инсон кўпроқ жамоавий ўйин услубини танлайди. Симеоненинг жамоасида яққол лидер футболчи йўқ. Хўш, бунинг сабаби нимада? Нега Диего юлдузлар билан ишлашни истамайди? Ёки таниқли, машҳур футболчилар унинг тактикасига тўғри келмасмикин? Агар шундай бўлса, «Манчестер Сити»даги Агуэро, Самир Насри, Давид Сильва каби ўйинчилар унинг тактик схемасига мос келармикин?
Иккинчи томондан қараганда, дастлаб «ҳинду» деб аталиб, кейин «авлиё» даражасигача кўтарилган Симеоне тактика жиҳатдан анча тажрибали мураббий ҳисобланади. Агар у «Сити»даги кучли футболчиларни ақлли тактикага мослаштира олса, у ҳолда бу клубни мағлуб этиш анча мушкул вазифага айланади. Боиси, айни дамда Манчестер жамоасига пухта ўйланган тактика етишмаяпти.
Юқоридаги рақамлар тарози палласи Симеоне томонга оғишини кўрсатиб турибди. Бироқ футболда ҳар доим ҳам рақамлар муҳим ўрин тутавермайди. Шундай экан, Диего «Манчестер Сити»да аниқ муваффақиятга эришади, деб айтиш ҳам мушкул. Муҳими, тактика ва жамоа руҳиятига мослаша олиш. Хуллас, бу ёғини вақт кўрсатади.
Низомжон ИСЛОМОВ